Элдор Шомуродов: «Осиё кубогидан кейин ўзимга ишончим ортди»

Бугун «Ростов» Россия кубоги ярим финалининг жавоб учрашувида «Локомотив»ни қабул қилади. Москвадаги дастлабки баҳс 2:2 ҳисобида дуранг билан якун топган.
 
Мазкур учрашув олдидан ростовликлар клуби матбуот хизмати ҳужумчи Элдор Шомуродовдан интервью олди.
– Охирги вақтларда икки марта «Локомотив»га ютқаздик. Рақиб яхшилаб ўрганиб чиқилдими?
– «Локомотив»ни яхши биламиз, жуда кучли жамоа. Ўйин қийин ўтади. Лекин бизда финалга чиқиб, еврокубокларга йўл олиш имкони бор. Ғалаба қозонишимизга катта умид билан қараяпмиз. Қолаверса, «Ростов Арена» яна мухлислар билан деярли тўла ҳолатда бўлади. Бу эса иштиёқ бағишлайди.
– Йиғинлардан олдин Осиё кубогида қатнашдингиз. Ўзбекистон ёмон ўйин кўрсатмади, пенальтилар сериясидаги мағлубият аламли бўлгандир?
– Жуда. Ахир яхши ўйин намойиш қилдик. Кейинги босқичларга чиқа олардик, лекин афсуски, омадимиз келмади.
– Осиё кубогидан кейин ўйинингизда анчагина ижобий ўзгаришлар сезилди.
– Ўзимга ўзим баҳо бера олмайман. Лекин бу мусобақа ўзимга бўлган ишончимни оширди.
– Баҳорда кўпроқ ўйинларда қатнаша бошладингиз.
– Ҳар қандай футболчи кўпроқ майдонга тушишни хоҳлайди. Мураббийлар штаби менга ишонч билдираётганидан мамнунман.
– Яқин вақтлар ичида иккита муҳим гол урдингиз. Иккала сафар ҳам ўйин охирида кучли рақиб дарвозасига тўп киритдингиз...
– Ўз мухлисларинг кўз ўнгида гол уриш доимо ёқимли. Жамоага ёрдам берганимдан хурсанд бўлдим.
– Қай бирини танлардингиз: шундай муҳим ўйинларда 2та гол уришними ёки меҳмонда аутсайдерларга 5та тўп киритиш?
– Албатта, қанча кўп гол урсам, шунча яхши. Бу жамоа кўпроқ очко йиғишини англатади. Бизга қарши қандай жамоа ўйнаётгани муҳим эмас. Мен клубларни кучли ва кучсизга ажратмайман.
– «Краснодар»га сузувчиларнинг бош кийимида гол урганингиз ажойиб чиқди. Бу бўйича роса ҳазиллашишдими?
– Ҳамма ҳазил қилди. Фелпс билан сузиш бўйича пойгага ҳам таклиф қилишди.
– Сузишни биласизми?
– Ҳа, лекин Фелпсни ортда қолдирадиган даражада эмас. (кулади)
Маълумот учун, Шомуродов бу мавсум Россия Премьер-лигасининг 24та ўйинида қатнашди, уларнинг 8тасида асосий таркибда майдонга тушди; 
3та гол уриб, 1та голга ассистентлик қилди.
Футбол янгиликларини сайтимизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳам кузатиб боринг!
Манба: penalti.uz

15.05.2019, 17:43 92 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш