"Янги Роналду" қайси клубга ўтмоқчи?

«Бенфика» ҳужумчиси Жоау Фелиш ўзига жиддий қизиқиш билдираётган «Ювентус»га ўтишга рози, деб хабар тарқатди Calciomercato.
 
Манбага кўра, 19 ёшли португал унга бефарқ бўлмаган «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед» ва «Реал» клубларидан кўра «Ювентус» лойиҳасига кўпроқ қизиқиш билдирмоқда.
Қўшимча қилинишича, Жоаунинг агенти Жорже Мендеш ва «Юве» раҳбарияти ўртасида илиқ муносабатлар мавжуд. Агент «Бенфика» билан шартнома узайтирилишига қарши бўлмоқда. Битимда Фелишнинг трансфер қиймати 120 млн евро деб кўрсатилган, аммо Лиссабон клуби келишувни янгилаш орқали бу миқдорни 200 миллионга оширишни мўлжалламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Бенфика» Фелиш трансфери юзасидан туринликлар клубининг 75 млн евролик таклифига рад жавобини бергани хабар қилинганди.
Маълумот учун, Жоау «Порту» тарбияланувчиси ҳисобланади. У портуликлар академиясида 7 йил шуғулланиб, сўнг пойтахтга йўл олган ва «Бенфика» таркибига қўшилган. Профессионал футболдаги дебюти шу мавсум бошига тўғри келади. Ҳозирга қадар Португалия чемпионатининг 21та ўйинида 11та гол ва 6та самарали узатма муаллифи бўлган.
Футбол янгиликларини сайтимизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳам кузатиб боринг!
Манба: penalti.uz 

15.04.2019, 15:30 288 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш