“Бавария” йил охирида қай кўриниш ҳосил қилади?

“Бавария” 2019-йил ёзги трансфер бозорига тайёргарликни ҳозирданоқ бошлаб юборди. Мюнхенликлар бу мавсумда “Боруссия Дортмунд” тимсолида жиддий рақибга дуч келгач, қишда ўз сафини икки Жаҳон чемпионлари билан тўлдиришга улгурди. Январь бошида клуб ўнг қанот ҳимоячиси Бенжамен Паварнинг трансферини амалга оширди. Франция Россияда бўлиб ўтган Мундиалда бош совринга эга чиққан ўйинларда айнан Павар асосий таркибдан ўрин олди. Март охирида эса Франциянинг чап қанот ҳимоячиси Люка Эрнандес нақ 80 миллион еврога “Бавария”га мавсум якунида кўчиб ўтадиган бўлди.
Бу икки трансфер клубнинг мақсадларидан дарак бермоқда. Албатта ёзда улар бу билан тўхтаб қолмайди. “Роббери эра”си тугаб янги даврга ўтмоқчи бўлаётган жамоа йил охирида қай кўриниш ҳосил қилиши мумкин? Яна кимлар жамоа таркибини тўлдириши мумкин? Қуйидаги таҳлил ана шу ҳақида.
  1. Орзу жамоаси
Клуб асосан Бундеслига ичидан энг зўрларини йиғиш билан шуғулланиши кўпчиликка таниш. Хориждан катта пуллар эвазига футболчи трансфер қилиш уларга ёт ҳолат. Фақатгина Арьен Роббен, Франк Рибери ва Хави Мартинеслар трансфери бундан мустасно.
Аммо биргина Эрнандес трансферига катта пул тикилиши мақсад жиддий эканлигини намойиш қилмоқда. Уларнинг “орзу сценарийси”да Павар ва Люка Зюле ва Хуммелс билан кучли ҳимоя чизиғини ҳосил қилиши керак. Бундайн режада Хуммелс ёш шерикларига ўз тажрибаси билан бўлишиши талаб этилади.
Паварнинг ўнг қанотга келиши ортидан Жошуа Киммих ўзининг табиий позицияси ярим ҳимоя марказига қайтарилиши мумкин. У Германия термасида айнан шу нуқтада ҳаракат қилади. Унинг Тьяго Алкантара билан ҳамкорлиги кучли кўриниш ҳосил қилса керак. Уларнинг олдида Серж Гнабри ва Томас Мюллерлар эркин ҳужумкор ярим ҳимоячи ёки ҳужумчиларга айланишади. Январда улар “Челси”дан Хадсон-Одоини олиб келишга уриниб кўрди ва муваффақиятсизликка учради. Аммо ёзда у барибир жамоага олиб келиниши мумкин. Жейдон Санчо инглиз футболчилари Германия майдонларида ўзини кўрсата олишлари мумкинлигини бу мавсумда тўлиқ исботлаб бўлди.
Олдинги чизиқда албатта Левандовски бўлади. Ундан бошқаси бўлиши ҳам мумкин эмас. Тўғри клубни бир қатор номдор ҳужумчилар билан боғлашмоқда. Аммо польшалик ҳужумчининг жамоадаги ўрни айни вақтда даҳлсиз ҳисобланади.
  1. “Қайта қуриш”
Агарда “Бавария” ҳақиқатдан жамоани қайта қурмоқчи бўлса, улар кўпроқ пул сарфлашлари керак бўлади. Бу эса уларга ёқмаслиги аниқ, аммо ҳақиқат мана шу. Нойер ўз жойида қолади, чунки “Барса” Тер Штегенни сотишга кўнмаслиги аниқ. Бундеслигада эса унга яқин даражадаги бошқа посбон йўқ.
Бундай режада Киммих Павар билан ҳимоядан жой олади ва 30 ёшли “қария” Хуммелс захира ўриндиғига жўнатилади. Павар, Зюле ва Люкалардан олдинда Тьяго ва Леон Горетцкалар мустаҳкамлик бағишлайди.
Гнабри ҳам кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш даражасидаги ўйинини намойиш қилмоқда. Хамес эса "Реал"га қайтарилса ажабмас. Жамоа ҳужумини янги вакиллар Хадсон-Одои ва Никлас Пепелар бошлаши мумкин. Бундай тақдирда Левандовски захирага “михланади” ёки сотиб юборилади. Тимо Вернер “Бавария”нинг янги “юлдузчаси” бўлиши мумкин. У билан мюнхенликларнинг ҳужуми анча жиддий кўриниш ҳосил қилади.
  1. “Мюнхенлик болакайлар”
“Бавария” айни пайтда анча ёши катта жамоага айланган. Аммо “қария”ларни ўрнини боса оладиган бир қатор ёш иқтидорлар ҳам бор. Кристиан Фрухтл 19 ёшда бўлишига қарамай келажаги бор посбон дея аталмоқда. Ҳимояда ҳам анчагина ёшлар бор. Киммих – 24 да, Павар, Зюле ва Люкалар янги мавсум арафасида 23 ёшга киради.
Ярим ҳимояда 21 ёшли Ренато Саншеш бор. Унинг ёнида 24 ёшли француз Толиссо ҳаракат қилади. Гнабри ҳам эндигина 23 ёшни қарши олди. Қанот ҳужумида 21 ёшли Коман рақибни қийнаши мумкин.
Ўнг қанотда эса канадалик Алфонсо Девис бор. Ақл бовар қилмас ижро ва тезликка эга яна бир юлдузча. Олдинги нуқтада мавсум кашфиётига айланган Арп ҳаракат қилади. У ўз ҳаракатлари билан “Альянс Арена”дагиларни ҳушнуд қилиши мумкин.
Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади

06.04.2019, 18:02 277 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш