ЕЧЛ қуръаси ғолиб ва мағлублари

Кеча Чемпионлар Лигасининг чорак финалига қуръа ташланди ва унда бир қатор қизиқарли жуфтликлар гувоҳига айландик.
Унга кўра португалиялик суперюлдуз учинчи жамоаси билан бош совринга эга чиқиш учун “Аякс” тўсиғидан ўтишига тўғри келади. Аргентиналик даҳо эса “қизил иблислар”ни синовдан ўтказади.
Хўш, айни вақтда қуръа натижаси ғолиб ва мағлублари кимлар?
Ғолиб: Криштиану Роналду
Криштиану Роналду “Аякс”га қарши Чемпионлар Лигасида беш бора тўқнаш келган ва уларнинг барчасида ғолиб чиққан. Нақ етти голни уларнинг дарвозасига жойлаб қўйган. Хуллас туринликларнинг “Аякс” қўриқлайдиган дарвоза олдида гол уриш имкониятлари анча ошган, деб бемалол айтаверсак бўлади.
“Атлетико Мадрид”га қарши муҳим паллаларда ўзини кўрсатиб олган супер юлдуз спорт формасида. Амстердамликлар “Реал”ни чиқариб юборган бўлсада, жавоб ўйинида мадридликларнинг тартибсиз ҳаракатланиши уларга фойда берганди. “Аякс”нинг шижоатли ёшлари бундан унумли фойдаланиб қолишди.
Турнирнинг бу босқичига қадар етиб келишнинг ўзи “Аякс”нинг мавсумдан кутган умидлари ортиғи билан бажарилганини таъкидлаш керак. Сифат, тажрибага эга “кекса синьора” голланд клубига имкон қолдирмаслиги эҳтимоли анча юқори.
Мағлуб: “Манчестер Юнайтед”
Агарда Преснел Кимпембенинг, кейинроқ ВАР тизимининг йўл қўйган хатоси бўлмаганида Неймар “Камп Ноу”да собиқ жамоасига қарши саф тортган бўларди. Бироқ энди фойдасиз.
Жавоб ўйинидаги ҳисоб Оле Гуннар Сульшернинг мастер-класси сифатида тилга олинаётган бўлсада, “МЮ”га шунчаки омад кулиб боқди. Фақатгина омад!
Неймар ва Эдинсон Кавани сафда бўлганида “ПСЖ”ни ютиш осон бўлмасди. Факт шуки, “МЮ”нинг ҳақиқий кучи биринчи ўйинда кўринганди. Парижликлар “Олд Траффорд”да уларни ишончли тарзда ютишди.
Месси ва Суаресга қарши ўйинда асосий стратегия сифатида дарвозабонга ёпишиш тўғри қарор эмас. Месси нуфузли мусобақанинг ушбу босқичидан ўтиш учун етарлича спорт формасига эга бўлиб турибди.
“Барса” икки ўйинда ҳам хўжайинчилик қилишини таҳмин қилиш мумкин. 1999-йилги финалда “Камп Ноу”да ўйин тақдирини ҳал қилган Сульшерга бу сафарги саёҳат бахтли якун топмаслиги мумкин.
Ғолиб: Пеп Гвардиола
Гвардиола “Тоттенхэм”га қарши уч ўйиннинг барчасида ғалабага эришганидан албатта хурсанд. Премьер Лига доирасида ўтган октябрь ойида “Уэмбли”даги ғалаба ҳам анча ёрқин чиққанди.
Ўзининг дастлабки мавсумида бир мағлубият ва дуранг билан ўтказган каталониялик мураббий “тақачилар”га қарши статистикасини анча яхшилаб олди.
Энди биз “шахарликлар” ва “тақачилар” ўртасида 10 кун ичида нақ уч марта “жанг” гувоҳига айланамиз. Почеттино шогирдлари ЕЧЛда Гвардиола жамоасига қанчалик қаршилик қилса, Премьер Лигада ҳам шунчалик “жанг” таклиф қилиши аниқ. Боз устига Манчестер дербиси ҳам ўшандан кейин бўлиши Юрген Клопп ва “Ливерпуль”га асқотиб қолиши мумкин.
Мағлуб: “Аякс” ва Френки Де Йонг
Баъзилар ярим финал йўлланмасини қўлга киритиш учун “Аякс” ва “Порту”ни бир жуфтликка тушишини истаганлар ҳам йўқ эмас. Амстердамликлар учун бу истак рўёбга чиқмади ва бунга эришиш учун қийин йўлдан боришга мажбур. Аввал “Реал”, энди Роналду етакчилигидаги “Ювентус”.
Уларда айни вақтда анча яхши жамоа шаклланган. Душан Тадич сўнгги босқичда анча танилиб қолган Де Йонг ва Де Лигтлар сафига қўшилди. Катта сенсациялар қила олишга қодир бўлган жамоа тўплангани рост.
Аммо уларнинг бундай ўйинларда ўта тажрибасизлиги итальян клубига жуда қўли келиши мумкин.
Аммо қаерда тажриба етишмаса, қўрқув ҳам пайдо бўлиши шубҳасиз. “Сантьяго Бернабеу”да улар асабийлашишмади, чунки жамоанинг йўқотадиган нарсаси йўқ эди. Агарда улар асабийлашмасдан ўз футболини кўрсата олса, “Аякс” яна сенсация ўрнатишга қодир бўлади. Бироқ бу бир фараз, холос.
Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади

18.03.2019, 23:30 449 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш