Бэйл кетадиган вақти бўлмадими?

Гарет Бэйл сўнгги йилларда ўз имкониятларининг ярмини ҳам кўрсата олмаяпти. Унга жароҳатлар ва ўзи учун бегона бўлган позицияда ўйнагани тўсқинлик қилишда давом этмоқда. Футболчининг «Реал Мадрид»даги келажаги яна савол остида қолмоқда?! Зизу ўз услубида ишлашни давом этса, Бэйл катта эҳтимол билан яна заҳирадан ўйинга қўшулувчи футболчига айланади. Футболчининг келажаги учун янги лойиҳаларни кўриб чиқиш зарар қилмаган бўлар эди.
«Наполи»
Футболчи Карло Анчелотти қўл остида анча сермаҳсул ўйин кўрсатган эди. Ёдингизда бўлса Карло ота уни ўзи учун қулай бўлган позициясида майдонга асосий таркибда тушурар эди. Мутахассис ўз интервьюларида унинг имкониятлари анчайин катта эканлигини кўп бор таъкидлаган. 
Анчелоттининг кетиши Бэйл учун асосий таркибдан тушиб қолишни бошланиши бўлди. Ҳозирда «Наполи» «Италия А» сериясида ғолиблик учун курашда «Ювентус»га кучи етмаяпти. Уэлслик футболчи чемпионлик учун курашда ғолиб чиқиши учун клубга етишмаётган футболчидир? Ҳар холда 30 ёшдан сўнг Италия «А сериясида» ўйнаш «Испания Ла Лигасида» тўп тепишдан кўра футболчи учун ҳам енгилроқ бўлар эдими?! Умуман олганда Бэйл учун «Наполи» варианти устида ўйлаб кўрса бўлади
«Тоттенҳем»
Футболчи  «Шпорлар» сафида ўзини анча эркин ҳис қилиши аниқ. Нима қилса ҳам, ўз уйи! Унинг қайтиши «нимадир» етишмаслиги эвазига ҳар мавсум совринларсиз қолаётган «Тоттенҳем» учун ажойиб имконият. Топ даражадаги юлдуз учун ҳам муддао бўлиши мумкин. Клубда ҳамма нарса мавжуд: яхши мураббий, ажойиб мухлислар, шаклланган таркиб. Гарет бу клуб сафини тарк этаётганда ўта иқтидорли келажаги порлоқ футболчи эди. Ҳозирда қаҳрамонимиз клублар ўртасида жамики турнирлар ғолибига айланган топ савиядаги тажрибали футболчи бўлиб етишди. Унинг улкан тажрибаси муҳим учрашувларда «Тоттенҳем» учун қўл келиши аниқ.
«Манчестер Юнайтед»
Гарет ҳали футбол оламида ўз сўзини тўлиқ айтганича йўқ. Ўз вақтида «Манчестер Юнайтед» таклифини рад этиб Испанияга йўл олган футболчи ортга қайтиш ҳақида ҳозирда жиддий ўйламоқда. Унинг АПЛга қайтиши чемпионатнинг  янада  завқлироқ кўриниш олишини таъминлаган бўлар эди. Гарет ҳаракат қиладиган ҳужумкор ўнг қанот ҳозирда «қизил иблис»ларнинг энг ожиз нуқталаридан бири бўлиб турибди. Унинг келиши кучайиб бораётган «Манчестер Юнайтед»нинг яна грандлар сафига қайтишини таъминлаган бўлар эди. Умуман олганда «Реал Мадрид» унинг учун талаб қилган суммани Инглиз клуби катта қийинчиликсиз етказиши аниқ. Ташқаридан қараганда «Манчестер Юнайтед» ҳамма учун қулай вариантдек кўринмоқда!
«ПСЖ»
Футболчига  молиявий имкониятларини яхшилаб олиши учун ўта қулай имконият! Бундан ташқари, ёзда клуб Кавани ва Ди Мариани сотиши мумкинлиги ҳақида  миш-мишлар кўпаймоқда. Бэйл эса Неймар ва Мбаппе билан биргаликда тезкор ҳужум учлигини ҳосил қилиши мумкин. Бэйл ўз ўйинини йўқотиб қўйган бўлсада, ҳали ҳам «Супер юлдуз» мақомидаги футболчи! Бу эса парижликлар учун айни муддао. Клуб ўз сафида супер юлдузлар ҳаракат қилишини хоҳлайди. Бу ривожланиш йўлидан кетаётган клубнинг имиджи учун ўта муҳим фактор! Шунга қарамай, ушбу вариантнинг амалга ошиш фоизи қолганларникидан анчагина пастроқ. Сабаби, «ПСЖ» молиявий «Фейр-Плай» қоидасига риоя қилишга мажбур.
Манба: stadion.uz

16.03.2019, 14:20 375 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш