Саррининг сўнгги ўйини. Бугунги жиддий ўйинлар ҳақида

Европада бугун 24 февраль, якшанба куни ўтказиладиган муҳим ўйинлар анонси билан танишинг.
«Болонья» – «Ювентус». 19.00. «Ренато Далль’Ара» стадиони.
«Манчестер Юнайтед» – «Ливерпуль». 19.05. «Олд Траффорд» стадиони.
«Челси» – «Манчестер Сити». 21.30. «Уэмбли» стадиони.
«Монако» – «Лион». 01.00. «Луи II» стадиони.
Англия
Англияда бир кунда иккита катта ўйин бор - Лига кубоги финалида «Челси» «Манчестер Сити»га қарши саф тортади. Бу ўйинда лондонликлар жамоаси бош мураббийи Маурисио Саррининг тақдири ҳам ҳал этилади. Англия Кубогида «МЮ»дан қабул қилиб олинган мағлубиятдан (0:2) кейин Сарри шогирдлари ички турнирларда яна бир кубок учун имкониятни йўқотди. Маҳаллий матбуот эса Роман Абрамович Саррини ишдан бўшатиб, унга 5 миллион евро миқдорида товон пули тўлашга тайёрлиги, шунингдек, унинг ўрнига тайинланиши мумкин бўлган номзодлар ҳақида ёза бошлади.
«Челси» мухлисларининг аллақачон сабр косалари тўлган ва италиялик мутахассис истеъфосини талаб қилиш бошланган. Ўйинлар вақтида унинг шаънига қаратилган ҳақоратли сўзлар ишлатилмоқда. Футболчилар ҳам мураббийнинг иш услубидан қониқмаяпти. Масалан, ҳимоячи Антонио Рюдигер шундай деди: «Чарчоқми? Йўқ, биз жарима майдонидан жарима майдонига қадар югурмаяпмиз. Биз фақат тактика устида ишлаяпмиз. Мураббий шундай ишлашни ёқтиради. Кўпчилик футболчилар учун бу янгича машғулот. Сен худди мактаб ўқувчисидек ўтирасан ва мураббийни тинглайсан. Лекин биз ўз ишимизни қилишимиз керак эмасми?».
Сарри жамоада қолиши учун ягона имконга эга - Гвардиола жамоасини мағлуб этиш ва кубокни қўлга киритиш билан бирга, икки ҳафта муқаддам АПЛ доирасида қабул қилиб олинган аламли мағлубият (0:6) учун қасос олиш. «Челси»ни кетма-кет икки ўйин кутмоқда, кейинги турда жамоа «Тоттенҳэм»га қарши дербида майдонга тушади. Бу ўйинларда жамоадан ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатиш талаб этилади.
Сарри жамоаси жорий мавсумда «кучли олтилик» вакилларига қарши ўйинларда ниҳоятда муваффақиятсиз иштирок этмоқда. Жейми Каррагер бекорга «Сарри «Челси»ни «Арсенал»га айлантириб қўйгани» ҳақида киноя қилмади.
Куннинг иккинчи топ-ўйини Манчестерда кечади. Сульшер шогирдлари бугун мавсум чемпионлиги учун асосий икки даъвогардан бири «Ливерпуль»ни қабул қилади. Кейинги вақтларда Клопп жамоаси ишончсиз ҳаракат қилмоқда ва «Манчестер Сити» босими остида кўп очко йўқотмоқда. Янги йилда мерсисайдликлар жамоаси барча турнирлардаги 8 учрашувдан фақат 3тасида ғалаба қозона олди. «МЮ»га қарши ўйин «Ливерпуль» учун мавсумдаги энг ҳал қилувчи ўйин бўлиши мумкин.
Бу ўйин «МЮ» учун ҳам аҳамиятли, жамоа ЕЧЛга йўлланма берувчи тўртинчи ўринга мустаҳкам жойлашиб олиш ҳаракатида. Бугунги ўйинга Жесси Лингард ва Антони Марсиял ҳам тайёр бўлган.
Италия
«Ювентус» Чемпионлар лигасида «Атлетико»га қарши кечган сафар учрашувидаги мағлубиятга (0:2) қандай реакция беради. Бу мағлубият Италия чемпионатидаги барқарорликка салбий таъсир кўрсатмайдими? Массимилиано Аллегри жамоаси аллақачон энг яқин таъқибчиси «Наполи»ни 13 очкога ортда қолдирган. Якшанба куни жамоа ва Криштиану Роналду мухлисларнинг танқидларига қандай жавоб қайтаради? Португалиялик юлдуз ЕЧЛда 6 ўйинда атиги 1 гол урди, Италия чемпионатида эса унинг натижалари анча яхши - 24 ўйинда 19 гол.
Бугун Аллегри қандай таркибни майдонга туширади? Рақиб анча кучсиз «Болонья». Лекин бу жамоа айни вақтда турнир жадвалининг қуйи қисмида жойлашган бўлсада, икки тур муқаддам «Интер»ни мағлуб этолганди.

24.02.2019, 12:38 117 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш