МЮ йил охирида қандай кўриниш ҳосил қилиши мумкин? (С.Абдуғаниев блоги)

«Манчестер Юнайтед»ни сўнгги бир неча ойда бир неча футболчилар билан боғлашмоқда, уларнинг кўпчилигини ҳимоячилар ташкил қилади. Бунга албатта «қизил иблислар»нинг ички чемпионатда муаммоларга учраётгани сабаб бўлмоқда.

Тўғри, айни вақтда улар вақтинчалик бош мураббий Оле Гуннар Сульшер қўли остида ажойиб натижаларни қайд қилишмоқда. Шу сабабли кўпчилик улардаги муаммоларни унутган бўлиши мумкин. Аммо муаммолар улар билан бирга юрибди. Ҳужумкор футбол намойиш қилаётгани мавжуд муаммоларни «ёпмоқда».

Аммо МЮ олдинги даражасига қайтиши учун баъзи футболчиларни олиб келишлари шарт. Аммо улар билан боғлашаётган футболчиларнинг қайсилари клубга ўтади? Клуб йил охирида қай кўриниш ҳосил қилади? Бундан аввал «Барселона»нинг йил охирида қандай кўриниш ҳосил қилиши ҳақидаги мақолани эътиборингизга ҳавола қилгандик. Бу сафар МЮ ҳақида тўхталамиз.

Орзу

Орзу қилиш яхши, каттароқ орзу қилиш унданам яхши. «Қизил иблислар» ҳимоя чизиғига ҳақиқий «қўрғон» олиб келмоқчи. Жисмонан бақувват, техникаси юқори, рухан кучли ва ҳимоя чизиғини тартибга ва ташкиллаштира оладиган ҳимоячига эҳтиёж сезмоқда. Бу вазифага «Наполи» етакчиси Калиду Кулибалидан бошқа бирортаси тўғри келмайди. У 90 миллион евродан қимматроқ туради ва бу пулларни МЮ жон деб тўлаши мумкин.

Кулибали билан ҳимоянинг қолган қисми ҳам изига тушади. Клуб ундан ўнг марказий ҳимоячи сифатида фойдаланиши мумкин. У қайта туғилаётган Линделёфни тузатиб ҳам туради.

Ярим ҳимояда эса 50 миллионлик трансфер эгаси Фред ўйнашни бошлаши мумкин. Бразилиялик ярим ҳимоячи ақл бовар қилмас иқтидорга эга. Неманья Матичга ўхшаб жисмонан бақувват бўлмасада, ярим ҳимояни қуришда жуда асқотади.

Фреднинг олдида Погба бор ва унга ёрдамчи сифатида Тангуй Ндомбеле шай турибди. Ҳужумда эса Рэшфорд ва Марьсял ёнига Тимо Вернер келиб қўшилиши мумкин. Германиялик ҳужумчи 4-3-3 ўйин схемасида ҳужумнинг исталга нуқтасида ўйнай олади. У МЮдаги фаолиятини ўнг қанотда бошлаши мумкин.

Ромб

Баъзан МЮ кучли жиҳатини ишга солиши мумкин, ёки улар ўз заиф томонларини ижобий тарафга ўзгартиришлари ҳам мумкин. Клубда кучли вингерлар йўқ. Вингерларсиз ўйнашсачи? Клуб сўнгги пайтларда «Фиорентина» ҳимоячиси Никола Миленковичга қизиқаётганлиги ҳақида хабаралар тарқалган. Сербиялик футболчининг трансфери уларга 45 миллион фунтга тушиши мумкин. У Эрик Байига кучли рақобатни ҳосил қилиши мумкин.

Ромб шаклидаги ярим ҳимоя пойдеворига Андер Эррерани жойлаштиринг. Испаниялик футболчининг иқтидори ва Фред билан яратадиган жуфтлиги Николо Барелла билан янада кучайиши мумкин. Николо А Сериядан келадиган иккинчи трансферга айланиши мумкин.

3-5-2

Ҳар доим ҳам тўрт кишилик ярим ҳимоя билан ўйнаш шартмас. Клуб 3-5-2 ни синаб кўрсачи? Албатта бунинг учун «Манчестер Юнайтед» сифатли ҳимоячиларга катта эҳтиёж сезади. Миленкович билан бирга «Порту»дан Эдер Милитао ҳам Манчестерга кўчиб ўтиши мумкин. Бразилиялик футболчи португал клубига ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ўтганди. Аммо у бугунга келиб марказий ҳимоячига айланган ва барчани ҳайратга солмоқда. Кўпчилик уни «Реал» афсонаси Пепега қиёсламоқда. Фақатгина унинг товон пули 42.5 миллион фунт тўланса бас.

Ярим ҳимояда Фред, Погба ва Ндомбеле ўрин олади. Қанотларда Диего Дало ва Люк Шоулар жавлон уриши мумкин. Улар ҳужумчилар Маркус Рэшфорд ва Ромелу Лукакуларга рақиб ҳимоясини ёриб киришда камарбаста бўлишади.

Сардор Абдуғаниев тайёрлади

15.01.2019, 21:04:35 668 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш