“Аутлар стандартлардан хавфли”. 2018 йилда қандай тактикалар тренд бўлди

1. Аутлардан самарали фойдаланиш
Буни футболдагилар сўнгги йилларда пайқашди. 2015 йилдаёқ аутлардан кейин дарров прессинг қиладиган жамолар пайдо бўлди. 2016 йилги Европа чемпионатида эса Исландия терма жамоаси аутлардан ҳудди бурчак тўплари каби фойдалана бошлади. 2017 йилда Руди Гарсия “Марсель” бошчилигида тўпни ўйинга киритишда жуда ғалати усулдан фойдаланди. Ўйин бошланиши билан “Марсел” футболчиси тўпни рақиб майдони ташқарисига тепиб юборар эди. Бундан кутилган натижа рақиб аутдан тўпни ўйинга киритганида дарҳол прессинг қилиш эди.
Аутлар қанчалик фойдали эканлигини ўтган йили ҳамма тушунди. Кўплаб топ клублар тўпни аутдан ўйинга киритишда ўзига хос комбинациялардан, баскетбол ўйини элементларидан фойдалана бошлади. “Ливерпуль” бу борада ҳаммадан илгарилаб кетди ва аутлар бўйича германиялик мутахассис Томас Грённемаркни ишга ёллади. Грённемаркнинг сўзларига жамоа бир мавсумда аутлар ёрдамида қўшимча 15 гол уриши мумкин.
Футбол буюк Йоҳан Кройфф кўрсатган йўлдан кетяпти шекилли. Голландиялик собиқ футболчи ва мураббий нега гольфда ҳар бир зарба учун алоҳида мураббий борлигини, футболда эса барча ишни бир одам ўргатиши кераклигини тушунмаслигини айтган эди.
2. Таран ҳужумчилар билан ўйнаш
Иқтисодий имкониятларнинг тенгсизлиги клубларни икки тоифага ажратиб қўйди. Биринчи тоифа ҳар бир ўйинда тўлиқ устунлик билан ўйнашга интилади, иккинчи тоифа бунинг акси, яьни ҳимояга кўп эьтибор қаратади ва қарши ҳужумга таянади. Бундай ўйинларда ярим ҳимоячиларнинг роли жуда ҳам юқори бўлади. Лекин биз ҳозирги пайтда таран ҳужумчилар асосий ролларга яна қайтаётганин кўришимиз мумкин.
Ҳатто энг кучли мураббий қўл остидаги индивидуал ва жамоавий ўйин жиҳатдан кучли жамоалар ҳам ўта тартибли ҳимоявий ўйин кўрсатадиган жамоаларга қарши қийналиб қолишмоқда. Ана шундай вазиятда биринчи планга биз тилга олган таран ҳужумчилар чиқишмоқда. “Бавария” октябрь-ноябрь ойларида айнан  Роберт Левандовскига ўйнаб таназзулдан чиқиб кета олди. ЖЧ-2018 да Россия терма жамоасининг Артём Дзюбага шундай ўйнаганини мисол келтириш мумкин.
3. Ўртамиёна жамоларнинг ҳам прессинг қилишга интилиши
Йилнинг энг ёқимли тактик ғояларидан бири. Ҳозирги кунда баъзи “кичкина” жамоалар грандларга қарши хужумкор ва тажовузкор футбол ўйнашга интилмоқда. Бунга Испаниянинг “Эйбар” жамоаси яққол мисол бўла олади. Сиз уларнинг ўйини ҳали кўрмаган бўлсангиз, демак, кўп нарса йўқотяпсиз. Бундай интенсив футбол учун ўзига яраша ижрочилар зарур. Аммо “Эйбар” устози Хосе Луис Мендилибарни бу ташвишга солмаяпти. “Эйбар” барча ўйинларда юқори прессинг орқали рақиб жарима мадони яқинида тўпни олиб қўйишга ва зарба йўллашга интилади.
Шундай ўйин билан улар “Реал Мадрид”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этишди. Лекин уларнинг энг шиддатли ўйини бу шубҳасиз “Леванте” билан баҳсдир. Бу ўйинда “Эйбар” 32 бор рақиб дарвозасига зарба йўллади. Шундан 24 таси жарима майдони ташқарисидан бўлса, 16 (!!!) зарба жарима майдони ичидан йўлланди. Буларнинг барчасига “Эйбар” прессинг натижасида рақибдан тўпни олиб эвазига эришди. Бу жасур йигитлар ўйинини албатта кўришни тавсия қиламиз.
4. Ҳимоявий тактика қўллайдиган жамоалар янада кўпайди.
Афсуски “эйбарлар” кўп эмас. Ўйиннинг 90 дақиқаси ҳудди бир қолипга тушиб қолаётгандек. Кимдир бутун ўйин давомида ҳужум қилади. Кимдир фақат ҳимояда туриб, ўз имкониятини кутади.
Таҳлилчи Жонатан Уилсон 2018 йилги тактикаларни таҳлил қилар экан, қизиқарли статистикани келтирди: 2003 йилдан 2006 йилгача ўйинда бир жамоа 70% дан кўп устунликка эга бўлган ўйинлар бор йўғи 3 тани ташкил қилади. 2016-2017 йилги мавсумда эса бу кўрсаткич 36 учрашувга етди. Бу мавсум эса, умуман, 60 ўйинга етиши кутиляпти. Энди ўйинларнинг қандай кечишини дастлабки 10 дақиқани кузатиб ҳам билиб олсак бўлади.
5. Заҳирада албатта бир нафар кучли ўйинчини сақлаш
Зиданнинг “Реал”и бу услубни жуда яхши ўзлаштирганди. Зидан муҳим ўйинларда Марко Асенсиони заҳирадан туширар ва у масалани ҳал қиларди. Ўтган мавсум ЕЧЛдаги “ПСЖ”, “Бавария” билан бахслар бунга яққол мисолдир. Бу мавсум эса шу тактикани “Боруссия Дортмунд” бош мураббийи Люсьен Фавр самарали қўлламоқда. Фақат футболчи вақтида майдонга туширилса бўлди: заҳирадан ўйинга қўшилаётган Пако Алькасер ҳар 42 дақиқада тўп киритмоқда ва чемпионатнинг тўпурарларидан бири бўлиб турибди. Айнан мана шу тактика 2019 йилда ҳам трендга айланса керак.
Шерзодбек тайёрлади.

Бавария, Зидан Асенсио, Левандовски, Реал, Тактика, Эйбар

13.01.2019, 00:23 294 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш