Эктор Купер: Туркманистон - жуда интизомли жамоа

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ва ҳимоячи Анзур Исмоилов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Аввалига аргентиналик мураббий ўз фикрларини билдириб ўтди.

-Эртага мусобақадаги иккинчи ўйинимизни ўтказамиз ва бу ўйинга жиддий тайёргарлик кўрмоқдамиз. Туркманистон жуда яхши жамоа. Бу жамоанинг Японияга қарши ўтказган ўйинини ўрганиб чиқдик ва шунга яраша тайёрланганмиз. Эртага Туркманистонга қарши кечадиган ўйинда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

-Терма жамоамиз Уммонга қарши кечган ўйинда ғалаба қозонди, аммо ўйин сифати борасида эътирозлар бўлди. Жаноб мураббий бу ўйиндан ўз учун қандай хулоса чиқарди?

-Уммонга қарши кечган баҳсни ҳамма турлича талқин қилди. Аммо энг муҳими - биз бу учрашувда ғалаба қозондик. Уммон миллий жамоаси ҳам анча кучли жамоа. Улар охирги Форс кўрфази Кубогида ғалаба қозонишганини яхши биламиз. Шундай экан, бу жамоани енга олганимиздан фақат хурсандмиз. Энди Туркманистонга қарши кечадиган ўйинга келсак, аввалги хатоларни тўғрилаб, чиройли ўйин намойиш қилишга ҳаракат қиламиз.

-Туркманистон миллий жамоаси ҳақида қандай фикр билдира оласиз?

-Туркманистон терма жамоасининг устун жиҳатларига тўхталадиган бўлсак, бу жуда интизомли жамоа. Японияга қарши кечган баҳсда айнан шу жиҳати эвазига ҳисобни очди, аммо кейинчалик тажриба етишмаслиги панд берди. Эртага майдонга тушадиган ҳар икки жамоанинг ўз ўйин услуби бор. Ким кучли эканини эса ўйин кўрсатади.

-Эртага Кримецнинг ўрнига Тўхтахўжаев майдонга тушадими ёки Турсунов. Яна бир савол: Туркманистон миллий жамоаси ҳимоя чизиғида муаммоларга эга. Шундай экан, уларга қарши ҳужумда ўйнайсизми ёки аввалгидек?

-Егор Кримецда қизил карточка бор ва у майдонга туша олмайди. Аммо жамоамиз таркибида унинг ўрнини босиши мумкин бўлган икки футболчимиз бор. Ким яхшироқ формада бўлса, айнан уни майдонга туширамиз. 
Иккинчи саволга келадиган бўлсак, Туркманистон терма жамоаси ҳимоясида ўзига яраша муаммолар бор ва биз ўша муаммолардан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Жамоамиз ҳужум ташкил этиш ва рақиб дарвозасини ишғол қилиш учун қўлидан келган барча ишни амалга оширади.

Манба: www.uff.uz

 

12.01.2019, 18:53:38 57 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш