2018 йилда қайси юлдузлар бутсасини "михга илди"?

Андрей Аршавин, 37 ёшда
Фаолиятини қачон бошлаган: 1999 йил
Клуб: “Зенит”, “Арсенал”(Лондон), “Кубань”, “Қайрат”
Совринлари: Россия чемпиони (3 марта), Премьер лига кубоги, Россия суперкубоги, УЕФА кубоги, УЕФА суперкубоги, Қозоғистон кубоги (2), Қозоғистон Суперкубоги (2) ғолиби
Рус футболи афсонаси. Аршавиннинг футболчилик фаолияти жуда ёрқин кечди. У 20 ёшидаёқ “Зенит” асосий таркиб футболчисига айланди. 2007-2008 йилги мавсум Аршавин учун жуда омадли келди. У “Зенит” билан УЕФА кубогини қўлга киритди. Айниқса, чорак финалда “Петровский” стадионида “Бавария”нинг 4:0 ҳисобида тор-мор этилиши кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Сўнг Евро-2008 нинг асосий қаҳрамонларидан бири бўлди. Кейинчалик Лондоннинг “Арсенал” клубида фаолиятини давом эттирди ва ярим мавсум суперюлдузларга хос ўйин кўрсатди (албатта унинг “Энфилд”даги покери ёдимизда), кейин ўйинида пасайиш кузатилиб “Зенит”га қайтиб кетди. Фаолиятининг сўнгги йилларини “Кубань”, “Қайрат” каби клубларда ўтказди ва ўтган йили бутсасини “михга илди”.
Ҳозир нима билан машғул: “Зенит”да “Сириус” лойихаси рахбари
 
Роналдиньо, 38 ёшда
Фаолиятини қачон бошлаган: 1998 йил
Клуб: “Гремио», «ПСЖ», «Барселона», «Милан», «Фламенго», «Атлетико Минейро», «Керетаро», «Флуминенсе»; «Гоа», «Драконы Дели» (иккиси ҳам мини-футбол жамоаси).
Совринлари: Интертото кубоги, Испания чемпиони (2), Испания Суперкубоги ғолиби, Европа Чемпионлар лигаси ғолиби, Италия чемпиони, Либертадорес кубоги ғолиби, Жаҳон чемпиони, “Олтин тўп” соҳиби
Роналдиньо ҳақида ЖЧ-2002 дан кейин гапира бошладилар. Турнирдан бир йил ўтиб “афсунгар” “Барселона”га ўтди ва хақиқий мўжизалар намойиш эта бошлади. Тўрт мавсумдан бери ҳеч нима юта олмаётган “Барселона” совринларни бирма-бир эгаллашни бошлади. Лекин Роналдиньо бу савиясини кўп вақт ушлаб тура олмади. Бразилия учун омадсиз тугаган ЖЧ-2006 дан кейин Рони ўз устида ишламай қўйди. У машғулотларга ҳам деярли бормасди. Бу даврни Самуел Это’О шундай эслайди: “У 50 машғулотдан фақат 8 тасига келар эди”. Роналдиньо жароҳатлар, мухлислар норозилиги ва матбуот босими остида қолиб кетди. 2008 йили Франк Ракаард ўрнига Пеп Гвардиола бош мураббий этиб тайинланди ва у бразилиялик футболчи билан ишлаш нияти йўқлигини билдирди. Шундай қилиб у “Милан”га кўчиб ўтди. Аммо у ерда ҳам ўйини чиқмади: у ортиқча вазнга эга ва тезлиги ҳам аввалгидек эмас эди. 2011-2015 йиллар давомида бир қатор Бразилия клубларида тўп сурган Роналдиньо Ҳиндистонга мини-футбол ўйнаш учун кетди.
Ҳозир нима билан машғул: “Барселона” расмий элчиси. Лекин яқинда Бразилия ҳукумати кўп миллионлик қарзи борлиги туфайли Роналдиньога мамлакат ҳудудидан чиқишни таъқиқлаб қўйди.
 
Дидье Дрогба, 40 ёшда
Фаолиятини қачон бошлаган: 1998 йил
Клуб:  «Ле-Ман», «Генгам», «Марсель», «Челси», «Шанхай Шэньхуа», «Галатасарай», «Монреаль Импакт», «Финикс Райзинг». 
Совринлари: Англия чемпиони (4), Англия кубоги ғолиби (4), Лига кубоги (3), Англия суперкубоги (2),  Европа Чемпионлар лигаси ғолиби, Туркия чемпиони, Туркия кубоги ва суперкубоги ғолиби
Дрогба, ҳақиқий сардор, фаолиятининг энг “гуллаган” даврини “Челси”да ўтказди. Лондонликлар сафида ютиш мумкин бўлган барча совринларни қўлга киритди ва бир қанча рекордлар ўрнатди: 164 гол билан “Челси”нинг энг яхши легионер футболчиси, АПЛда 100 гол урган дастлабки африкалик футболчи бўлди ва “Челси” сафида ЕЧЛ да энг кўп гол урди (36 гол). “Челси” нинг 2011-2012 йилги мавсумда ЕЧЛ финалига чиқишида жуда катта роль ўйнади ва учрашувда ҳал қилувчи пенальтини голга айлантириб, узоқ кутилган совринни қўлга киритди.
“Челси”дан кейин Хитой, Туркия, АҚШ да тўп тепди ва ўтган йили ўз фаолиятини якунлади.
Ҳозир нима билан машғул: “Финикс Райзинг” клуби эгаларидан бири
 
Жон Терри, 38 ёшда
Фаолиятини қачон бошлаган: 1998 йил
Клуб:  «Челси», «Ноттингем Форест», «Астон Вилла». 
Совринлари: Англия чемпиони (5), Англия кубоги ғолиби (5), Лига кубоги (3), Англия суперкубоги (2),  Европа Чемпионлар лигаси ва Европа лигаси ғолиби
 
Яна бир “Челси” афсонаси. У ўз жамоасига шу қадар содиқ эдики, “Челси”дан кетганида собиқ жамоасига қарши ўйнамаслик учун АПЛ клублари таклифини рад этди. Унга Хитой ва АҚШ дан таклифлар бор эди, аммо у чемпионшипда ўйнаётган “Астон Вилла”ни танлади. Ўтган йил ёз ойида Терри Москванинг “Спартак” клубига ўтишига жуда яқин келганди. Аммо бу трансфер амалга ошмади. Бир муддат ўтгач Жон Терри фаолиятини тугатганлигини эълон қилди.
Ҳозир нима билан машғул: “Астон Вилла” бош мураббийи ассистенти
 
 
Рафаэль ван дер Варт, 35 ёшда
Фаолиятини қачон бошлаган: 2000 йил
Клуб:  «Аякс», «Гамбург», «Реал», «Тоттенхэм», «Бетис», «Мидтьюлланн», «Эсбьерг». 
Совринлари: Голландия чемпиони (2), Голандия кубоги ғолиби (2), Голландия ва Испания суперкубоги ғолиби, Дания чемпиони, Евро-2004 бронза медали ва ЖЧ-2010 кумуш медали соҳиби  
Рафаэль ван дер Варт “Реал”га ўтганида “Олтин тўп” совринига даъвогарлардан бири эди. Аммо юлдузларга тўла жамоада у ўзини кўрсата олмади. Бир йилдан сўнг Мануел Пеллегрини голландияликка муҳтож эмаслигини маълум қилди. Кейин ван дер Варт “Тоттенхем”га йўл олди ва у ерда хақиқий етакчига айланди. Икки йилдан сўнг у яна “Гамбург”га қайтиб келди. Бутун футболчилик фаолияти давомида ван дер Вартни жароҳатлар таъқиб қилиб, футболчига ўз иқтидорини тўла намойиш этишга имкон бермади.
 Ҳозир нима билан машғул: Оиласи билан дам оляпти. Келажакда мураббий бўлмоқчи.
 
Шерзодбек тайёрлади.
 
 

Аршавин, Ван дер Варт, Дрогба, Роналдиньо, Терри

06.01.2019, 23:33:22 555 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш