2018 йилнинг энг омадсиз трансферлари топ - 10

10. Александр Головин, “ЦСКА”дан “Монако”га
Александр Головиннинг “ЦСКА”дан 30 млн еврога “Монако”га ўтиши ёзнинг энг омадсиз трансферларидан бири бўлди десак адашмаймиз. Лекин бунда фақатгина Головинни айблаш нотўғри бўлса керак. Сабаби “Монако” ҳозир ўзининг сўнгги ўн йилликлардаги энг ёмон даврини ўтказмоқда. Ҳатто жамоага Анрининг бош мураббий бўлиши ҳам вазиятни ўзгартира олмаяпти.
9. Квинси Промес, “Спартак”дан “Севилья”га
РПЛ нинг энг зўр ҳужумчиси Испанияга кўчиб ўтгач, йўқолиб колди. “Севилья” бу трансфер учун 20 млн евро сарфлаганди. Голландияликка Виссам Бен-Йеддер ва Андре Силвани рақобатда ютиши қийин бўлмоқда. Мураббий эса Промес учун ўз тактикасни ўзгартирмоқчи эмас. Ҳозирга пайтга келиб Ла лигада Промес битта ҳам гол уролмади.
8. Мариано Диас, “Лион”дан “Реал”га
Перес Диас учун 21,5 млн евро тўлаб, “Ювентус”га кетган Роналдуга ўринбосар сифатида олиб келганди. Аммо ҳозирча у Роналдунинг соясига ҳам ўхшамаяпти. Бу мавсум чемпионатда бор-йўғи 203 дақиқа майдонга тушди ва бирорта гол уролмади.
7.Хавьер Пасторе, “ПСЖ”дан “Рома”га
Римликлар спорт директори Мончи ўз ишининг устаси ҳисобланади, аммо у Ромада амалга оширган баъзи транферлар жуда тушунарсиздир. Масалан, Стефан Нзонзи учун 26,6 млн ва Хавьер Пасторе учун 24,7 млн евро тўлаш шартмиди? Ҳамма Пасторедан “Палермо” сафида намойиш этган ўйинларини кутганди. Аммо у ҳозирча Римдаги вақтини жароҳатини даволаш билан ўтказмоқда.
6. Гонсало Игуаин, “Ювентус”дан “Милан”га
“Милан” ушбу трансфер орқали ҳужум чизиғидаги муаммони ҳал этишни кўзлаган эди. Молиявий фейр-плей билан боғлиқ муаммолари борлигига қарамасдан миланликлар жиддий трансферга қўл уришди: аргентиналик футболчи 18 млн еврога ижарага олинди, кейинчалик 36 млн еврога тўла сотиб олиш шарти билан. Аммо Игуаин кутилган натижанинг ярмини ҳам кўрсата олмади ва А сериянинг 15 учрашувида бор-йўғи 6 гол урди. Аргентиналик форвард ҳозирда танқидлар остида қолмоқда.
5. Раджа Найнголлан, “Рома”дан “Интер”га
“Интер”даги Раджа “Рома”даги Раджадан жуда фарқ қилади. Римда Найнголлан хақиқий етакчи эди. Унинг “Интер”даги ўйинларини кўрсак, 30 ёшли футболчи учун тўланган 38 млн евро беҳуда сарфланди деган фикр келади. Ҳозирги пайтда белгиялик хавбекда интизом борасида ҳам муаммолар келиб чиқмоқда.
4. Малком, “Бордо”дан “Барселона”га
Ёзнинг сўзсиз энг ажабтовур трансфери. Малком Римга учиш учун аеропортга йўл олган, “Рома” мухлислари эса уни Рим аеропортида кутиб ҳам туришганди. Аммо охирги паллада 21-ёшли вингерни “Бордо” га 41 млн евро тўлаган “Барса” “илиб” кетди. Айни пайтда эса Малком каталонияликлар сафида захирадан ҳам майдонга тушаётгани йўқ. Балки “Барселона” “Рома”дан ўтган йили ЕЧЛ даги мағлубият учун шу тариқа ўч олгандир?
3. Тома Лемар, “Монако”дан “Атлетико”га
Айтишларича, Лемар “Атлетико”га ўтганидан сўнг Антуан Гризман клубда қолишга қарор қилган. Бунинг учун “Атлетико” 70 млн евро тўлади. Лекин Лемар умуман ўзини кўрсата олмаяпти. 14 ўйинда 1 гол ва 1 голли узатма холос. Умуман Лемарнинг Симеоне услубига мос ўйинчи эканига ҳам шубҳа бор.
2. Фред, “Шахтёр”дан “Манчестер Юнайтед”га
Фред ўтган мавсум ЕЧЛ да “Шахтёр” сафида ўзини жуда яхши томондан кўрсатди. Шунинг учун ҳам унинг 59 млн еврога трансфер қилиниши ҳеч кимни ажаблантирмади. Лекин Жозе Моуриньо кўл остида бразилиялик деярли ўйнамади. Мураббийдан бу ҳақида сўрашганида у: “Қачон ҳимоямиз яхши ўйнай бошласа, ўша пайт Фред ҳам ўйнай бошлайди”-, деб жавоб берди. Кейинчалик нима бўлганини эса ўзингиз жуда яхши биласиз.
  1. Алексис Санчес, “Арсенал”дан “Манчестер Юнайтед”га
2018 йилнинг январь ойида Санчес 30 млн еврога трансфер қилинди. Аммо чилилик футболчи португалиялик мураббий тактикасига тўла мослашиб кетолмади. Йил давомида 30 учрашувда майдонга тушиб 4 гол урди ва 7 голга ассиссентлик қилди. Агар Моуриньо ҳозир ҳам МЮ устози бўлганида, катта эҳтимол январдаги транфер ойнасида Алексис Санчесни бошқа клубга сотиб юборган бўларди.
 
Сизнинг фикрингиз қандай?
 
Шерзодбек тайёрлади.

Транферлар

06.01.2019, 00:26 924 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш