«Сих ҳам кабоб ҳам куймасин»

Ҳар доим бирор тизимда ўзгаришлар юз берганида, уларнинг фаолияти олдинги тизим раҳбарияти билан солиштириш орқали баҳоланади. Ўзбекистонда Футбол Федерацияси тугатилиб, Асоциацияси ташкил этилгач, жуда кўп жабҳаларда ўзгаришлар юз бермоқда. Асоциациянинг баъзи ишларини мақтасак, баъзи ҳолларда эски тизимнинг салмоқли ишлари эсланмоқда. Энг муҳими, ҳозирги ташкилот очиқликка интилмоқда, барча ишларда ошкоралик принципи қўлланиб, турли мутахассис ҳамда журналистларнинг фикрларини инобатга олишмоқда.
Ҳозирда ЎФА Профессионал футбол лигамизнинг барча саволларига жавоб топишни, энг кичик муаммоларни ҳам регламент доирасида бўлишини таъминлаш, формат, трансфер сиёсати, клубларнинг молиявий ҳолати ва клуб учун керакли бўлган минимал шароитлар қандай бўлиши кераклигини ишлаб чиқиш билан банд эканлигидан хабаримиз бор.
Шу ўринда биз айнан клубларимиздаги футболчиларнинг бир клубдан иккинчи клубга ўтиш жараёнидаги баъзи муаммолар ва таклифлар билан ўртоқлашсак.
Ҳар бир давлатнинг трансфер сиёсати йиллар давомида сайқалланган ҳамда ҳозирда ўзларига маъқул кўринишга келган. Шунинг учун ташкилот томонидан қандайдир ғоя қабул қилинса, уни инкор қилиш керак эмас, сайқаллаш ва ташкилот ғоясидан кўра мақбулроқ ғояларни таклиф қилиш керак.
Умуман олганда, трансфер сиёсатининг энг устувор ғояси клуб ва футболчи учун ҳам фойдали бўлиши кераклигидадир. Бундан ташқари трансфер футбол принципларини ҳам бузмаслиги керак.
Бугунги кунда клубларимизнинг трансфер сиёсати ёпиқ. Ҳеч қандай хабарни била олмаймиз. Клуб ва футболчи ўртасида кўпинча 1 йиллик шартнома тузилади.
Агар клубда яхши ўйнаб кета олса, йил сўнгида футболчи трансфердан катта пул ишлаб олади. Бир йил давомида футболчига бундай шароитларни яратиб берган клубга ҳеч қандай молиявий фойда бўлмайди. Аксинча, футболчининг ўйинида пасайиш кузатилса, у йил охирида тўғри келган жамоага қўшилишга рози бўлади.
Шунинг учун икки томон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилган ҳолатда, клуб ва футболчи ўртасидаги шартноманинг барча жиҳатларини кўриб чиқиш зарур.
Биринчидан, иложи борича футболчи ва клуб ўртасидаги шартнома тузилаётганда, унинг муддатини кўпроқ муддатга тузиш икки томон учун ҳам фойдали бўлиши тушунтирилиши керак. Бунда клуб ёки футболчи қандайдир талабни бажариш мажбуриятини олмайди.
Иккинчидан, клуб ва футболчи ўртасидаги шартнома бандларида шартномани бузгандаги товон пули алоҳида кўрсатилиши зарур.
Учинчидан, футболчи учун ҳам манфаатли бўлиши учун, унга шартномаси тугамасидан бошқа клуб билан шартнома шартларини келишиб олиши ва ҳаттоки уни имзолаб қўйиш ҳуқуқи берилиши керак. Агар унинг ўйнаб турган клуби келишувга эришгунга қадар ҳеч қандай амалий чора кўрмаган бўлса, келишув амалга ошгандан кейин шартнома имзолаб улгурган клуб билан ҳисоб-китоб қилишга мажбур бўлади.
Бундай мисолларни жаҳон футболидан кўп келтириш мумкин. Масалан, Левандовский “Бавария” билан келишувга анча олдин эришганидан хабарингиз бор.
Айнан мана шу жиҳатлар икки томоннинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилади, ва қонунан икки томонни тенг ҳуқуқларини таъминлайди.
Футбол оламида футболчини сотишдан ташқари ижарага бериш тушунчаси ҳам мавжуд. Бунда футболчи ижара шартнома асосида бошқа клубда ўйнайди, аммо унга эгалик унинг биринчи клубида сақланиб қолади. Лекин бундай жараён учун ҳам футболнинг ёзилмаган қоидаларига риоя қилиш зарур. Футбол тили билан айтганда “фейр плей” қоидаси бизнинг клублар учун ҳам хизмат қилсин.
2003 йилгача АПЛда клублар ўртасида футболчиларни бир-бирига ижарага беришга йўл қўйилмаган. 2004-йилда “Нюкасль Юнайтед” ҳужумчиси Ломана ЛуаЛуа “Портсмут”га 3 ойга ижарага берилган. Ўз жамоасига қарши ўйинда ЛуаЛуа гол уради ва “Нюкасль” ни қимматли очколардан айиради. Шундан кейин АПЛда ижарага берилган футболчи ўз клубига қарши ўйнай олмаслиги белгилаб қўйилади.
Бизда ҳам бундай қоиданинг мавжуд бўлиши тўғри, шу билан бир қаторда клублар ўртасида футболчиларни айнан бир клубга ижарага беришда уларнинг сони чекланган бўлиши зарур.
Бошқа бир жамоанинг асоси бўлиб ижарадаги ўйинчилар ташкил қилса-ю, у ўйинчилар ўз жамоасига қарши ўйнамаганида қандай оқибатларга олиб келишини «Металлург» мисолида кўрдик.
Иккинчидан, жамоа мавсум учун “заявка” топшираётганда унинг таркибидаги ижара асосида ўйнаши белгиланган футболчиларнинг сонида ҳам қандайдир стандартлар қабул қилиниши зарур. Суперлига ёки Пролига доирасидаги клублар таркибининг салмоқли қисми ижара асосида ўйнайдиган футболчи бўлиши ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди.
Умуман олганда, футболчиларни ижарага бериш учун иккита асосий сабаб бўлади: биринчи ва асосийси ёш футболчиларни ўйин амалиёти билан таъминлаш, иккинчиси футболчиларни ижарага бериш орқали улардан молиявий даромад олиш.
Футболимиздаги ислоҳотлар асосида бизнинг терма жамоага мос ўйинчиларни етиштириб чиқиш ҳамда ёшларни футболга қизиқишини янада орттириш ётган экан, ижарага берилаётган футболчиларнинг ёшини ҳам ҳисобга олиш зарур.
Дейлик, клуб Суперлига доирасидаги клубларга “2+3 тизими”ни қўллаш мумкин. Бунда 2 тажрибали футболчилар сони бўлса, 3 рақами 21 ёшгача бўлган футболчилар сони. Айнан мана шу йўл билан кучли клубларимизнинг захирасида қолаётган ёш футболчиларни ўйин амалиётига эга қилиш мумкин. Бу клуб учун ҳам футболчи учун ҳам, энг муҳими ўзбек футболи учун ҳам айни муддао.
Ижара шартномасининг яна бир муҳим жиҳати-бу сотиб олиш ҳуқуқи билан боғлиқ. Назаримда, биздаги деярли барча шартномалар сотиб олиш ҳуқуқисиз имзоланади. Ижара шартномаси тузилаётганда шартноманинг айнан мана шу бандига алоҳида эътибор бериш зарур.
Эски клуби билан бир йил ва ундан кам муддати қолган футболчиларнинг ижара шартномаси сотиб олиш ҳуқуқи билан тузилгани яхши самара беради.
Ижарага олган футболчиси жамоада яхши ўйнаб клуб учун фойдаси тегиб турса-ю, мавсум сўнгида унда уни сотиб олиш учун ҳеч қандай ҳуқуқ бўлмаслиги адолатсизлик. Сотиб олиш ҳуқуқи берилиши эса унга футболчига биринчи бўлиб эгалик қилиш имкониятни тақдим этади.
Футболчи ҳам ҳар ҳолда келажаги учун ижарадаги клубда ҳам ўзини кўпроқ кўрсатишга ҳаракат қилади.
Ҳар бир қоида ёки низомга ўзгартириш киритилаётганда ҳақ-ҳуқуқлар билан бир қаторда спорт принциплари ҳам ҳисобга олиниши зарур. Шунда бундай қоида фақат фойда учун хизмат қилади.
Эркин Ғайбуллаев

26.12.2018, 12:10:14 344 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш