Эски долзарб мавзу: Роналдунинг йўқлигини «Реал» қандай тўлдиради?

Флорентино Переснинг клубнинг барча даврлардаги энг яхши тўпурарини сотиши ортидан клубда пайдо бўлган бўшлиқ мавсумни ярми ортда қолаётган бир паллада оғриқли муаммолигича қолмоқда. Бу орадан бу муаммони бартараф қилиш учун олиб келинган мураббий ҳам истеъфога чиқиб кетди. Клуб эса янгиси билан ҳам эски муаммони бартараф қила олмаяпти.

Кўриниб турибдики, Роналдунинг йўқлигини клуб мутасаддалари етарлича баҳолай олишмаган. Португалиялик супер юлдуз июлда «Ювентус»га ўтганида унинг ўрнини тўлдириш учун етарлича хоҳиш билдиришмади ва эҳтимолий инқирозга кўз юмишди.

«Реал»нинг энг яхши тўпурари «Сантьяго Бернабеу»дан кетганидан кейингина унинг ўрнини ҳис қилишди, аммо бу кеч тушиниб етилди. Сўнгги йилларда Перес ва Роналду юзма-юз кўришмай қўйишганди.

Муносабатлар бузилган эди, Роналду эса тўққиз йиллик фаолиятидан кейин клубни тарк этиш пайти келганини тушуниб етди. Айни вақтда у А Серияда 10 гол билан иккинчи энг яхши тўпурарга айланган ва ўзини кўрсатишда давом этмоқда.

Мадридликлар эса усиз жуда-жуда қийналишмоқда. Роналду кетганидан бери жамоада бир мураббий алмаштирилишга ҳам улгурди. Хулен Лопетеги хабарингиз бор «Эль Классико»да 5-1 ҳисобидаги мағлубиятидан кейин истеъфога чиқарилганди. Ла Лигада эса «қаймоқранглилар» тўртинчи ўринда бормоқда.

Унинг ўрнига янги келган Сантьяго Солари ҳам бир неча ғалабаларга эришган бўлсада, унинг ишларини «беш» деб бўлмайди. ЕЧЛнинг сўнгги турида мадридликларнинг ўз майдонида «ЦСКА»га 3-0 га ютқазиб қўйганини «шармандали ҳолат» дейишдан бошқа таъриф йўқ.

Бу эса «қироллик клуби»нинг ЕЧЛ доирасида ўз уйидаги мағлубиятларнинг энг йириги бўлди. Ҳатто «Сантьяго Бернабеу»га йиғилганлар ҳам ўз суюклиларини ҳуштакбозлик билан «сийлади», Иско эса яна танқидлар гирдобида қолиб кетди.

«Мадридликлар сафида Роналду кетганидан кейин футболчиларнинг сифати олдингидек эмас» – деди «армиячилар» бош мураббийи Виктор Гончаренко тарихий ғалабасидан кейин.

Январь ойи яқинлашиб келаётган бир паллада мадридликлар Роналдуни йўқотганидан кейин тўғри қарорни қабул қилиши керак. Ёзда улар буни «Лион»дан Мариано Диасни қайтариш орқали ҳал қилишга уриниб керганди.

«Челси»дан Эден Азар, «ПСЖ» жуфтлиги – Килиан Мбаппе ва Неймар, «Тоттенхэм»дан Ҳарри Кейн ва ҳатто «Валенсия»дан Родриго Мореноларнинг келиши борасидаги музокаралар рўёбга ошмади. Аммо мадридликлар ушбу футболчилар учун сўралган пулларни тўлашни истамади.

Марианода салоҳият бор. Аммо 7-рақам эгасига айланган бўлсада, у ҳали Роналдунинг йўқлигини билдирмайдиган даражада эмас. Винисиус Жуниор эса эндигина келди. Ўзини кичик эпизодларда кўрсатаётган бўлсада, у ҳам мадридликларни ғалаба сари етаклашига ҳали бор.

Шу сабабли «қироллик клуби» ўзига янги юлдуз қидирмоқда. уларнинг кўз остида «Интер»ни етаклаб юрган Мауро Икарди бор. Унинг «ПСВ»га урган голи сал қолса жамоасини ЕЧЛ нимчорак финалига олиб чиқарди. Бироқ голландларнинг ҳисобни тенглаштириши «нерадзуррилар»нинг орзуларини саробга чиқарди. АS нашри айнан аргентиналик ҳужумчи Переснинг асосий трансфер мақсадига айланган.

Мессининг ватандошини шартномасидаги трансфер баҳоси 110 миллион еврони ташкил қилади ва у Роналду тақдим қиладиган голларни уришга қодир.

Карим Бензема мадридликларнинг тўпурари бўлиб турибди. Кулгилиси у бешта голи билан шундай шарафга эга. Унинг голлари сони «Леганес» вакили Гидо Карильо, «Эйбар»дан Шарлес, «Реал Сосьедад»дан Микел Ойарсабаль ва «Леванте» истеъдоди Хосе Луис Моралесларники билан баб-баравар.

Улар турнир ўртасида юрадиган клублари учун юқори натижа қайд қилишган. Аммо «Реал Мадрид» ҳужумчиси учун бешта гол ҳеч нарса бўлмаслиги керак.

Икарди эса жарима майдончасида тўғри вақтда тўғри жойда бўлишнинг ҳадисини олган. Бензема ва Бейл билан мадридликлар эҳтиёж сезаётган муаммони ёпишга қодир.

Аммо Зинедин Зидан Криштиану Роналду кетмасидан аввал клубнинг ички муаммолари анча чуқурроқ илдиз отганини ҳис қилди ва Чемпионлар Лигасида требл қайд этганига қарамай пойтахт жамоасини тарк этди.

Икардининг олиб келиниши бу муаммолар янада чуқур илдиз отишининг олдини олиши мумкин.

«Ҳар мавсумда 40 тадан 50 тагача гол урадиган футболчини алиштира олмайсиз, албатта «Реал» Роналдуни соғинмоқда» – деди клубнинг собиқ аъзоси Рафаель Ван Дер Варт.

«Унинг «Реал»да қилган иши ақлга сиғмайди. Таркиб сифати ҳам ўша-ўша. Улар қишда трансферга муҳтож эмас. Қишда мос тушадиган ва жамоага ҳақиқатдан ёрдам берадиган футболчини топиш жуда қийин.» – дея қўшимча қилган голландиялик футболчи.

Ван Дер Вартнинг сўзларида балки жон бордир. Мадридликлар ўз ўйинини шу вақтгача Роналду атрофида қуриб келди, мослашиш учун энди вақт талаб қилади.

Янги футболчилар олиб келиш муаммоларни аксинча кучайтириб юбориши мумкин. Ҳозирда янги даврни бошлашнинг айни вақти.

Бу Пересдан ўтиш даврини қабул қилишни талаб қилади. Шу сабабли клуб мавсум якунида бирорта соврин юта олмаса бундан ғазабланмаслиги керак.

Аммо Винисиус ва Марианога мунтазам ўйин амалиёти берилса, улар кучайиши ва Бейл каби ўйнайдиган муҳим футболчиларга айланиши мумкин.

Сўнгги ҳафталарда Солари Маркос Льорентега ўйин амалиёти берди ва бу ўз мевасини кўрсатди. У бир неча ёрқин ўйинларини кўрсатди.

Балки «Реал» Роналдуни тўғридан-тўғри алмаштира олмас, аммо буни бошқача йўл билан ҳам ҳал қилиши мумкин. Бунинг учун Солари сабр қилиши, Перес эса кучини кўрсатмаслиги талаб қилинади.

Эркинжон Ғайбуллаев

19.12.2018, 10:29:23 589 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш