Раҳмат «Челси» ёҳуд «енгилмас «Ман Сити» ниҳоят енгилди

Премьер Лиганинг кечаги тури марказий учрашуви сўззиз «Стэмфорд Бридж»да бўлиб ўтди. Ўйиннинг биринчи таймида «кўклар» қийинчиликка учрашганига қарамай ўзларида куч топа олишди ва Пеп Гвардиоланинг шогирдларини 2-0 ҳисобида мағлуб этишди.

«Челси» устози Маурисио Сарридан шанба кунги тўқнашувдан олдин «Манчестер Сити»ни қандай қилиб енгиш мумкинлиги ҳақида сўрашди. «Пеп Гвардиолага қарши барча учрашувларда енгилганман, шунинг учун билмайман. Буни яхшиси бошқа бирортасидан сўраганингиз маъқул» – дея жавоб қайтарди италиялик мутахассис.

Энди бундай эмас! У «Стэмфорд Бридж»да ниҳоят Гвардиолани таслим қилди. Албатта Сарри Давид Луис айтган «Европанинг энг зўр жамоаси»ни қандай қилиб ютганини тушунтириб бера олмайди.

Аввало айтиш жоизки, ушбу ғалаба осонликча қўлга киритилгани йўқ. «Аристократлар» биринчи бўлимда рақиб дарвозаси томон бирорта ҳам зарба йўллай олмади. Меҳмонлар эса бу вақтда тўпга 67 % кўрсаткич билан эгалик қилишди. Стадиондаги пессимистик кайфият ўта юқори эди.

Эден Азар, Педро ва Виллианлар биринчи марта марказий ҳужумчисиз ўйинни бошлашди. Оливье Жиру захирада қолдирилди, Алваро Мората эса ҳатто ўйин қайдномасига ҳам киритилмади.

Аммо кутилмаганда ҳужумдаги иштироки қаттиқ танқид қилиниб келинаётган Нголо Канте юқори савиядаги ўйинини намойиш қилди.

Лондонликлар ажойиб қарши ҳужумда Азар – Канте ҳамкорлиги эвазига ҳисобда устунликка эришиб олди. Азарнинг голли узатмаси олтинчиси бўлди ва «шаҳарликлар»нинг биринчи бўлимдаги тўлиқ устунлигини пучга чиқарди.

Кутилмаган голдан стадион эгалари ўйинни ғалабага олиб бора олишлари учун ишонч пайдо бўлди.

«Манчестер Сити» иккинчи бўлимда ҳам тўпга кўпроқ эгалик қилди, Сарри шогирдлари эса танаффусдан кейин анча ҳужумкор ўйин таклиф қилишди.

Ўзларида ижобий кайфиятни уйғотиб олган «нафақахўрлар»нинг иккинчи голи ҳам кутилмаган жойдан чиқди.

Сўнгги ўйинларда ҳимоядаги етакчиликни қўлга ололмай келаётган Луис Азарнин бурчакдан узатган пасини боши билан голга айлантирди ва орадаги фарқни жамоаси фойдасига анча мустаҳамлаб берди.

«Шаҳарликлар» биринчи бўлимда яхшироқ ўйнаган эди, иккинчи таймда эса Сарри шогирдларининг ақлли тарзда кучли босим уюштириши Гвардиола шогирдларига ўз ўйинларини кўрсатишига имкон бермади. Бунга Саррининг тактик жумбоғи сабаб бўлди.

«Челси» «Манчестер Сити»га қарши учрашувда тўпга эгалик қилолмаслигини биларди. Шунинг учун Сарри шогирдларига чуқурроқ ҳимояланишни ва рақибнинг хатога йўл қўйишини кутишини талаб қилди.

Аспиликуета янги шартномасини мукаммал адо этишини кўрсатди, Давид Луис ҳимоядан туриб узун паслар эвазига Гвардиола ҳимоясида муаммолар яратиб турди.

Азар, Виллиан ва Педролар учун ўзларини кўрсатишдан кўра, тартибга амал қилиш учун майдонга тушишди. Улар аъло даражада рақибга босим уюштиришди.

«Сарриболл» «Наполи» билан Гвардиолага қарши кўрстаган ўйинларидан тўғри хулоса чиқарганини кўрсатиб берди. Гарчи унинг биринчи таймда кўрсатган ўйини «Контеболл»га яқин бўлган бўлсада, умумий натижа уларнинг фойдасига бўлди. «Борнмут»ни енгган “Ливерпуль” эса турнир пешқадамига айланиб олди. «Манчестер Сити»нинг рекорди ўз ниҳоясига етди ва улар ҳам машина эмаслиги, мағлуб бўлишлари мумкинлиги тўғрисидаги фаразлар рўёбга ошди. Албатта, «шаҳарликлар» 38 тур ичида «Челси»дан кўп очко жамғариши аниқ. Аммо Маурисио Сарри Гвардиоланинг «Манчестер Сити»сини енгиш мумкинлигини амалда исботлаб берди.

Сардор Абдуғаниев тайёрлади.

Манба: www.penalti.uz

09.12.2018, 11:28:53 301 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш