Премьер Лиганинг янги мавсумдаги “юлдузчалар”и ким бўлади?

Премьер Лиганинг янги мавсуми старт олишига ҳам саноқли кунлар қолганида, янги мавсумда яна қайси ёш иқтидор эгалари кашф қилинишига қизиқадиган мухлислар ҳам талайгина. 9-августда ёпиладиган трансфер бозорида Англия грандлари яна бир қанча иқтидор эгалари билан ўз сафини тўлдириши мумкин. Бироқ уларнинг кўпчилигида аллақачон ёш жавоҳирлар бор.
Хўш, 2018-19-йилги мавсумда Премьер Лиганинг янги кашфиётлари ким бўлиши мумкин?
Райсс Нелсон, “Арсенал”
Ёши: 18. Позицияси: ҳужумчи/вингер
Нелсон Арсен Венгернинг “Арсенал”даги 22 йиллик ҳукмронлиги поёнига етмасдан олдинги кашфиёти ҳисобланади. Ҳужумчи ўтган мавсумда бош жамоада 16 марта кўриниш берган. Бунда унинг Европа Лигасидаги иштироки ҳам бор.
Унай Эмери 18 ёшли футболчини мавсумолди тайёргарлик учрашувларида 4 маротаба синаб кўрди. Унинг ижобий ўйинлари сабаб янги мавсумда Премьер Лигада кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши кутилмоқда. Боз устига клубда вингерлар сони кам.
Каллум Хадсон-Одой, “Челси”
Ёши: 17. Позицияси: ҳужумчи
Кўпчилик “Челси” академияси тизими ўлик ҳолатда деган фикрда. Боиси асосий таркибга киритилган кўпчилик иқтидор эгалари асосий таркибда ўрнашиб қолиш учун жуда оғир йўлни босиб ўтишларига тўғри келади.
17 ёшли Хадсон-Одой ҳақида ҳам буларни айтишимиз мумкин. Англия (U-17) термаси ҳужумчиси ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида атиги тўрт учрашувда майдонга тушди. Бироқ мавсумолди йиғинда кўрсатган ўйинлари туфайли Хадсон-Одой янги бош мураббий Маурисио Саррининг эътиборига тушган ва янги мавсумда Премьер Лиганинг кашфиётига айланиши кутилмоқда.
Бени Бенингайм, “Эвертон”
Ёши: 19. Позицияси: ярим ҳимоячи
Кучли, ҳаракатчан, тўпни ўзида ушлаб тура оладиган, узатмалар бера оладиган ярим ҳимоячи. “Эвертон” мана шундай сифатларга эга ёш ярим ҳимоячига эга. Бенингайм ўтган мавсумда 11 ўйинда майдонга тушиб мураббийлар штабида катта таассурот қолдирганди. Бу сафарги мавсумда унда кўпроқ ўйин амалиёти бўлиши кутилмоқда.
Адемола Лукман ҳам жамоанинг яна бир бошқа кашфиёти бўлиши мумкин. Бироқ унинг клубдаги келажаги ҳозирча мавҳум.
Фуссени Диабате, “Лестер”
Ёши: 22. Позицияси: ҳужумкор ярим ҳимоячи
Диабате “Лестер”га январ ойида келиб қўшилган. Шунга қарамай 22 ёшли футболчи аллақачон кўпчиликда ижобий таассурот қолдирган.
У ўзининг Англия Кубогидаги дебют учрашувидаёқ дубль қайд этганди. “Тулкилар” сафида ўтган мавсумни 14 учрашув билан якунлашга эришди. “Лестер”ни Риёд Маҳрез тарк этгач, Диабате ва Грейда кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш имконияти янада ошган.
Раян Брюстер, “Ливерпуль”
Ёши: 18. Позицияси: ҳужумчи
Брюстер эндигина 18 ёшга кирганига қарамай, “Ливерпуль”нинг асосий таркибига кириш учун кучли рақобатни кўрсатмоқда.
2017-йилги ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати “Олтин бутса” соҳиби Бундеслиганинг бир қатор клублари қизиқиш доирасида бўлиб турибди. Албатта бунга унинг иқтидори ва салоҳияти асосий сабаб.
Яқинда клуб билан беш йиллик шартномага имзо қўйган ёш йигитчага Юрген Клопп ўзини кўрсатиши учун имконият тақдим қилиши мумкин.
Фил Фоден, “Манчестер Сити”
Ёши: 18. Позицияси: ярим ҳимоячи
“Манчестер Сити”нинг иқтидорли вакили 2018-19-йилги мавсумнинг энг катта кашфиёти бўлиши ҳақида ОАВ тинмай ёзмоқда.
Эндигина 18 ёшни қарши олган ярим ҳимоячи юлдузли таркибда 10 учрашувда майдонга тушишга эришган. Англия (U-17) термаси сафида 23 ўйинда 11 гол уришга эришган.
Сир эмаски, Пеп Гвардиола яратувчан ярим ҳимоячиларни ўзгача ҳурмат қилади. Фоденнинг ўтган мавсумдаги ўйинлари ҳақида испаниялик мураббий юқори баҳо берган. ББСнинг 2017-йилги “Ёш спорт кишиси” соврини эгасига оз бўлсада ўзини кўрсатишга имкон берилса, у албатта ривожланишда ва рақобатчиликда давом этади.
Андреас Перейра, “Манчестер Юнайтед”
Ёши: 22. Позицияси: ярим ҳимоячи
22 ёшли Перейра ҳам “ҳозир ёки ҳеч қачон” категориясига киради. “Гранада” ва “Валенсия”да ижарада юрган футболчи “қизил иблислар” билан мавсумолди йиғинни юқори нотада бошлади.
Перейра Халқаро Чемпионлар Кубоги доирасида “Ливерпуль” дарвозасини жарима зарбасидан ажойиб тарзда нишонга олди. Бу кўпчиликнинг кўз ўнгида гавдаланиб турибди.
Кемерон Картер-Викерс, “Тоттенхем Хотспур”
Ёши: 20. Позицияси: марказий ҳимоячи
Картер-Викерс “тақачилар” сафида 11 ёшидан бери ҳаракат қилади. Бироқ бош мураббий Маурицио Почеттинонинг ишончини оқлаш анча қийин бўлди.
Унинг мавсумолди йиғинда кўрсатган ижобий ўйини ва клубнинг трансфер бозорида суст ҳаракат қилиши янги мавсумда унга кўпроқ ўйин амалиёти берилиши мумкинлигини англатади. Декабрда 21 ёшни қарши оладиган ҳимоячи янги трансфер керак эмаслигини исботлаши керак. Бунинг учун у кучли рақобат кўрсатиши шарт, албатта.
Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.

08.08.2018, 14:30 772 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш