«Реал» мураббийи Модрич ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

«Реал» жамоаси бош мураббийи Хулен Лопетеги Халқаро чемпионлар кубоги турнири доирасида «Ювентус»га қарши кечган ва 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган учрашувдан кейин жамоа ярим ҳимоячиси Лука Модрич ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб ўтди.
«Президент барча гапни айтиб бўлган. Мен қўшимча қилишим ўринсиз. Модрич — алоҳида қобилиятли футболчи, биз уни қучоқ очиб кутамиз. Мен у билан жаҳон чемпионатидан кейин гаплашганман. Кўрамиз, у 15 август куни Европа Суперкубоги учун учрашувда туша олармикин. 
Мен унга жаҳон чемпионатидаги ўйинларидан роҳат олганимни айтдим, уни қадрлашимни билдирдим. У барчасидан мамнун. Модрич — «Реал» футболчиси ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Модрич бизнинг жамоамиз сафида эканидан мамнунмиз ва у шу ерда бўлиши учун барча ишни қиламиз», — дея Лопетегининг сўзларини келтирган Football Espana.
Бундан аввалроқ ушбу хорватиялик футболчи Италиянинг «Интер» клубига ўтиши ҳақида хабарлар тарқалганди.
Манба: tribuna.uz

05.08.2018, 14:14 273 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш