Роналдо ҳикояси: "Крузейро" ва ПСВдаги фаолият (Фурқат Юсупов блоги)

Роналдо ҳақидаги ҳикоямизни давом эттирамиз.

Роналдонинг ҳаёти: Роналдонинг болалиги 

«Крузейро»

Роналдо 1970 йилги жаҳон чемпиони Жаирзиодан хурсанд бўлса арзийди. У «сўйлоқ»ни минглаб болалар ичидан танлаб олди. Жаирзино қўл остида Роналдо фантастик дебют ўтказади. У ҳақда энди бутун Бразилия гапирмоқда эди. Роналдо дебют мавсумидаёқ Бразилия лигасида 34 та баҳсда 34 та гол уришга муваффақ бўлади ва Минас-Жерайс штати чемпионлиги ва тўпурарлигини қўлга киритади.. Жанубий Америка кубоги баҳсларида эса 12 марта майдонга тушади ва 17 ёшли ўсмирин 10 та голга муаллифлик қилади. Турли ҳил ўртоқлик учрашувларида 12 та ўйин ўказиб 13 та гол уриб мухлисларга олам-олам завқ улашарди. Умумий ҳисобда эса 1 йил ичида 59 та ўйинда иштирок этиб 57 та гол киритади. Шунчаки фантастика! Роналдо энди профессионал бўлиб етиша бошлади. Футболчи ҳар бир сентни тежарди. Натижада 17 ёшида ўзига бир хонали уй сотиб олди. Ҳа камбағал оиладан чиққан ёш ўспирин учун хаёт тарзи шу қадар ўзгариб кетдики, бунақасини фақат киноларда учратиш мумкин эди. Роналдо пул топиб босар тусарини билмай қоладиганлар тоифасидан эмасди. Ўша пайтлари қизиқарли бир воқеа рўй беради. Ронни бир куни ресторанга бориб, уйида қошиқ, вилка ва тарелкалари йўқлигидан шикоят қилади. Ресторан менежери эса бўлажак юлдузга бу буюмларни совға қилади. Маҳаллий нашрларда унинг истеъдоди ҳақида ҳар куни ёзишарди. Натижада терма жамоадан таклиф олади. «Крузейро» эса уни Европага қўйиб юборади.

ПСВ

АҚШ майдонларида дастлабки йирик ғалабани қўлга киритган бразилиялик ёш иқтидор соҳиби европани забт этиш масаласини пайсалга солишни истамайди. Маҳорат бобида шахсан Пеле билан ёнма-ён қўйилган Роналдо каби юксак маҳорат учун Белу-Оризонтининг майдонлари торлик қилиб қолганди. У июл ойида Голландиянинг ПСВ клуби билан шартнома имзолайди. Унга кўра клуб ёш вундеркинд учун 5 млн. фунт стерлинг тўлайди. Мазкур қарор ёш ва иссиқ иқлимни хуш кўрадиган футболчи учун бироз ғайритабиийдек туюлган эди. Бироқ тез орада трансфернинг асосий сабаблари маълум бўлади. Селекционерлик борасида афсонага айланган машҳур Пит де Фиссер 1988 йилда Ромариони, кейинчалик Алекс ва Эурелио Гомесларни, шунингдек перулик Жефферсон Фарфанни ПСВга олиб келганди. Жамоа бу харид орқали таваккал қилишган эди. Чунки клубда яна бир Роналдо бор эди. Бу 29 ёшли ҳимоячи Роналдодир. Уларни ажратиш учун футболкасига Роналдао, Роналдоникига эса Роналдино деб ёзилди. Бир йил олдин «Nike» бутсаларини орзу қилган Роналдо ушбу компания билан шартнома имзолайди. Унга кўра «Nike» ёш футболчига ҳомийлик қиладиган бўлди. Роналдо жаҳон чемпиони мақомига эришганидан сўнг унга бўлган эътибор янада кучайган эди. Голландияда у ҳамюрти Ванпету ва дўсти Сесарини учратди. Роналдога Голладия тили, ҳавоси, овқатлари ёқмасди. Фақатгина унга майдон маъқул келарди. Роналдо Эредивисе да ҳам дебют мавсумини фантастик тарзда ўтказади. Голландия чемпионати баҳсларида 33 та учрашувда майдонга тушган ҳолда 30 та гол уришга муваффақ бўлади. Натижада мавсумнинг энг яхши тўпурарига аталган совринни қўлга киритади. Кубок баҳсида иштирок этган ягона учрашувида «дубл» қайд этган бўлса, еврокубоклардаги дебюти ҳам чакки чиқмади. 2 та учрашувда, 3 та гол. Хуллас ҳаммаси рисоладагидек. Бутун мавсум мобайнида эса 36 учрашув ўтказиб, 35 та гол киритди. Яъни ҳар бир учрашувга ўртача биттадан гол тўғри келарди. Худди  «Крузейро»даги сингари.

Табиийки, мўъжизавий «гол фабрикаси» ортидан Европа грандлари шоша-пиша навбат ола бошлайдилар. 1995 йилнинг баҳорида Роналдо Миланга икки кунга дам олишга келди. Бу ерда у «Интер» президенти Массимо Моратти билан учрашди. Шундан сўнг ПСВ ва «Интер» келишувга эришишди. Яъни Роналдо сотиладиган бўлса биринчи ҳаридор «нерадзурри»лар бўлиши керак эди. Навбатдаги мавсумни ҳам Роналдо юқори даражада бошлайди. Аммо кунларнинг бирида Роналдо тиззасида оғриқ сезади. Шифокорлар уни текширишгандан сўнг, оператсияга таклиф этишди. Бу Роналдони 4 ойга футболдан узоқлаштирди. 1996-йил февралда оператсия қилинди. Роналдо Ромарионинг маслаҳатига кўра Нилтон Петрон клиникасига келиб, 90 кун даволанди. У Голландия кубоги финал учрашувига етиб борди. Жамоа бош мураббийи Дик Адвокат унга бир неча дақиқалик имконият берди. Шу куни Роналдо ПСВ таркибида ягона совринига эга чиқди. Жамоа миллий чемпионатда  эса яна 3-ўринни қўлга киритади.

Роналдо ушбу мавсумда ҳам ўзининг ўта эркин ҳаракатлари ва тўпни олиб юриш санъати билан “Филиппс” мухлисларини маҳлиё этишда давом этади. Тўп билан ўта эркин муомала қилиш санъатини ёш юлдуз футзалдаги 2 йиллик фаолияти давомида ўзлаштирган эди. Жароҳат туфайли 5 ой давомида «таътил»да юрганлиги ҳам футболчига бўлган ишончни пасайтира олмайди. Роналдо бу сафар атиги 12 та гол уради. Аммо ана шу камтаргина кўрсаткичига бор йўғи 13 та учрашувда эришганини ҳисобга олсак, ажойиб натижа. Умумий ҳисобда у Эйндховендаги ўтказган 2 мавсум ичида 57 учрашувда майдонга тушиб, ПСВ рақиблари дарвозаларини 54 бора ўққа тутади. Роналдо ПСВдан кетишга қарор қабул қилиб бўлганди. Ёзда Роналдо терма жамоа билан Олимпиада ўйинларида иштирок этиб, жамоасининг энг яхши ўйинчиларидан бирига айланди. «Барселона» эса уни ПСВдан сотиб олиш таклифи билан чиқди. Келишувга кўра Моратти трансферга қизиқиш билдирди. Лекин Барса Роналдо учун 20 млн. доллар таклиф қилди. «Интер» президентининг фикрича бу ёш футболчи учун жуда катта сумма эди. Барса эса Роналдони ўз таркибига қўшиб олди. 

Давоми бор...

Фурқат​ Юсупов

Фурқат Юсупов блогини телеграмдаги каналда кузатиб боринг >>>

23.11.2017, 18:04 1740 0