Жаҳон чемпионатида пенальтини кўкка совурганлар ТОП-10 (Фурқат Юсупов блоги)

Жаҳон чемпионатларида учрашув мобайнида пенальтидан унумли фойдалана олмаган, футболчилар жуда ҳам кўп учрайди. 11 метрлик жарима зарбаларини кўкка совурган футболчилар ТОП-10 талигини сизнинг ҳукмингизга тақдим этилади. Эслатиб ўтамиз, мазкур рейтингда пенальтилар серияларидаги зарбалар инобатга олинмаган.

1. Асамоа Гян. Гана – Уругвай 1:1 пен. 2:4 (ЖЧ-2010)
Африка футболи учун тарихий натижа қайд этилиш арафаси. 120 дақиқа Ганаликлар пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди. 11 метрлик жарима зарбаси ижро этилса бас, ҳакам ўйин якунланганлиги ҳақидаги хуштагини чалади. Тўп олдига Асамоа Гян яқинлашди. Мусобақа мобайнида 3 та гол урган Гян, 4-чисини уриши учун ажойиб имконият эди. Бироқ унинг зарбаси дарвоза тўсинлари устидан ўтиб кетди. Натижада африкаликлар тайёр ғалабани қўлдан чиқаришди. Қизиқарли томони Асамоа 4 йил олдинги мундиалдса ҳам 1 та пенальтини кўкка совурган эди.

2. Зико. Бразилия – Франция 1:1 пен. 3:4 (ЖЧ-1986)
Иккала жамоа ҳам чорак финалга ажойиб тарзда этиб келишди. Карека ва Платинининг голларидан сўнг, ҳисоб 1:1 кўринишида эди. 75 дақиқада ҳакам французлар дарвозаси томон пенальти белгилади. 11 метрлик жарима зарбаси олдига Бразилияликлар етакчиси Зико яқинлашди. Бироқ унинг зарбасини дарвозабон бартараф этишга муваффақ бўлди. Шу тариқа ҳисоб ўзгармайди. Пенальтилар сериясида ҳам омад Франция термасига кулиб боқди. Зико эса жаҳон чемпиони бўлиш имкониятидан маҳрум бўлади.

3. Уго Санчес. Мексика – Парагвай 1:1 (ЖЧ-1986)
Мексика ва Парагвай термалари 2-турда бир-бирларига рақиб бўлишди. Ғалаба қозонган терма жамоа муддатидан аввал кейинги босқич масаласини ҳал қиларди. Шу боис икки жамоа ҳам ғалаба қозониш учун ҳаракат қилдилар. Ҳисоб 1:1 бўлиб турган палла. Ҳамма ўйинни шу ҳисобда якунланишини кутаётган бир паллада Англиялик бош ҳакам Куртни парагвайликлар дарвозаси томон 11 метрлик жарима зарбаси бериладиган нуқтани кўрсатди. Зарба олдига Мексикаликлар этакчиси Уго Санчес яқинлашди. Кўпчилик гол бўлишига шубҳа қилмасди. Бироқ Парагвайлик дарвозабон бунга йўл қўймади ва натижада учрашув дуранг билан ўз поёнига этди.

4. Предраг Миятович. Югославия – Голландия 1:2 (ЖЧ-1998)
Францияда кечган мундиалнинг нимчорак финаллари орасидаги энг кескин учрашуви. Бергкамп ва Компленовичнинг голларида кейин Голландия ва Югославия термалари дуранг натижани қайд этишаётганди. 52 дақиқада испаниялик ҳакам Гарсия Аранда Голландияликлар дарвозаси томон пенальти белгилади. Предраг Миятович эса 11 метрдан гол ура олмайди. Ўйиннинг ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларида Давидс сен урмасанг, сенга уришади нақлига амал қилиб, жамоасини чорак финалга олиб чиқди. Агар ўшанда Миятович гол урганида, чорак финалга балки Югославия чиққан бўлармиди…

5. Семми Берд. Шотландия – Франция 1:2 (ЖЧ-1958)
Ушбу ўйинда ғалаба қозонган терма жамоа чорак финал иштирокчисига айланарди. Фаворит сифатида французлар эътироф этилаётган эдилар. Копа 22 дақиқада жамоасини олдинга олиб чиқди. Орадан 10 дақиқа ўтгач шотландларда ҳисобни тенглаштириш учун ажойиб имконият юзага келади. Аргентиналик бош ҳакам Бросси 11 метрлик жарима зарбасини белгилади. Берднинг йўллаган зарбаси дарвоза тўсинига тегиб қайтди ва ҳисоб ўзгармай қолади. Бу французларга қўл келди. Тайм сўнггида Фонтен яна бир гол киритиб, жамоасининг муваффақиятини таъминлаб беради.

6. Харт. Ирландия – Испания 1:1 пен. 2:3(ЖЧ-2002)
Осиёдаги мундиалда Ирландияликлар ҳақиқий қаҳрамонга айланишди. «Немис машинаси»ни тўхтатган ирландлар, сал бўлмаса нимчорак финалда испанларни ҳам йўлларидан олиб ташлашлари мумкин эди. Морентес тезкор гол киритиб «Қизил фурия»ни олдинга олиб чиқади. 63 дақиқада швед ҳаками Андерс Фрик Касильяс дарвозаси томон пенальти белгилади. Харт зарбада адашди. Унинг зарбасини Касиляс бартараф этишга муваффақ бўлади. Шундай бўлса ҳам Ирландияликлар сўнгги сонияларида яна бир белгиланган пенальтини голга айлантириб, ўйинни қўшимча таймларгача давом этишини таъминлашади. Ҳисоб бошқа ўзгармагач, жамоалар «лотереялар серияси»га мурожат қилишади. Омад бу сафар ҳам Икерга кулиб боқди ва Испания чорак финалчига айланди. Агар ўшанда Харт гол урганида, Ирландия яна ҳам узоқроққа бориши мумкин эди.

7. Стаффан Таппер. Швеция – Полша 0:1(ЖЧ-1974)
2-гуруҳ босқичида биринчи ўринни эгаллаганлар финалда, иккинчи ўрин соҳиблари эса 3-ўрин учун курашишлари лозим бўларди. Шу боис ҳар бир ўйиннинг аҳамияти жуда юқори эди. Шведлар дастлабки ўйинни полякларга қарши ўтказишди. Ўйиннинг 43 дақиқасида мусобақа тўпурарига айланган Лято Полша термасини ҳисобда олдинга олиб чиқади. 64 дақиқада ҳакам Швеция термаси фойдасига пенальти белгилайди. 11 метрлик жарима тўпи олдига келган Таппернинг зарбасини дарвозабон бартараф этади. Шу тариқа мағлуб бўлган шведлар якунда гуруҳнинг 3-жамоасига айланишди ва мусобақа билан хайрлашдилар.

8. Дон Мессон. Шотландия – Перу 1:3 (ЖЧ-1978)
Аргентинада ўтган жаҳон чемпионатида шотландлар мусобақани муваффақияциз бошлашди. 62 дақиқага келиб, ҳисоб 1:1 кўринишида эди. Айнан ўша лаҳзаларда Швециялик ҳакам Улф Эрикссон Перу дарвозаси томон 11 метрлик жарима тўпи белгилади. Пенальтидан эса жамоа этакчиси Мессон адашди. Унинг зарбасини дарвозабон бартараф этишга муваффақ бўлди. Шундан сўнг Шотландия термаси футболчилари бироз тушкунликка тушиб қолишди, бундан Перуликлар унумли фойдаланиб 5 дақиқа ичида иккита тўп киритишди ва ғалабага эришдилар. Натижада шотландлар тўплар нисбатига кўрагина голландларни 2-гуруҳ босқичига кузатиб қўйишга мажбур бўлдилар.

9. Казимеж Дейна. Полша – Аргентина 0:2 (ЖЧ-1978)
Поляклар 2-гуруҳ босқичида анча қийинчиликларга учрашди. Аргентина билан бўлган ўйиннинг 39 дақиқасида улар пенальти тепиш имкониятини қўлга киритишди. Зарба олдига Дейна келди. Бироқ у зарбада адашди. Агар у гол кирита олганида, ҳисоб тенглашган ва ўйин умуман бошқача тарзда кечиши мумкин эди.

10. Рубен Соса. Уругвай – Испания 0:0 (ЖЧ-1990)
Уругвай ва Испания термалари Италиядаги мундиалнинг илк туридаёқ бир бирларига рақиб бўлишди. Учрашув анча қизиқарли тарзда кечди. Ўйиннинг кулминацияси эса 73 дақиқага тўғри келди. Айнан ушбу дақиқада Австриялик ҳакам Хелмут Кол Европаликлар дарвозаси томон 11 метрлик жарима тўпи белгилади. Бироқ Уругвайлик ҳужумчи Соса пенальтини ноаниқ амалга оширди ва жамоасининг ғалаба қозониши учун бўлган ажойиб имкониятни кўкка совурди.

Фурқат Юсупов

20.11.2017, 09:35 2457 0