Баҳодир Насимов: Биринчи маоши, армони, Чемпионлар Лигаси финали ҳақида

Сизга қизиқарли интервьюларни тақдим этишда давом этамиз. Бугунги суҳбатдошимиз, «Бухоро» вакили, таниқли ҳужумчи Баҳодир Насимов бўлдилар...

Аввало, футболга кириб келишингиз ҳақида гаплашсак...

-Ёшлигимда, аслида муай тай спорт тури билан шуғулланганман. Ҳаттоки, ушбу спорт турида ёшлар бўйича Ўзбекистон чемпиони ҳам бўлганман. Кейинчалик футболга бўлган меҳрим, қизиқишим мени катта футболга етаклаб келди.

Биринчи олган маошингиз қанча эди? Уни нимага сарф қилгансиз?
- Биринчи олган маошим 15минг сўм эди. Олган маошларимни ҳаммасини ота-онамга берардим.

Ҳаётингиздаги кескин бурилиш билан ёдингизда қолган ҳодиса нима?
- Менимча, бу “Рубин“дан менга таклиф тушиши бўлган.

Нимага “Рубин” жамоасида ўйнаб кетолмадингиз?
- “Рубин” жамоасида рақобат кучли эди. Устига устак мен ёш эдим. Яна ҳаммага маълумки Россия чемпионати жуда кучли. Шу жиҳатлар туфайли “Рубин“да ўйнаб кетишим қийин бўлган. Балки ҳозир борсам ўйнаб кетарман...



Легионер бўлишнинг фойдаси нимада деб ўйлайсиз?
- Легионер футболчидан кўп нарса талаб қилинади. Ўз-ўзидан футболчи ўз устида ишлаб, ўйини кучайиб боради. Жамоада ўз ўйинини топиб ўйнаб кетса ва голлар урса, мухлислар ҳурматига сазовор бўлади. Дўстлари кўпаяди.

Фаолиятингиздаги энг чиройли гол қайси?
- Энг чиройли голим бу- Ҳамдўстлик кубогида «Бунёдкор» сафида “Дачия” (Молдова) га урган голим.

«Бухоро» бу мавсум олдига қандай мақсадларни қўйган?
- Бу мавсум «Бухоро» биринчи навбатда кучли “олтилик“ка киришни мақсад қилган. Худо хоҳласа, кучли “олтилик“ка кирсак, кейин, чемпионлик учун ҳам курашишимиз мумкин.

Қайси жамоага мухлислик қиласиз?
- “Атлетико Мадрид” га жамоасига.

Қайси футболчиларнинг ўйини сизга ёқади?
- Дидье Дрогба ва Фернандо Торреснинг майдондаги хатти-ҳаракатлари менга жуда ёқади.

Ўзбекистондаги энг кучли футболчи ким?
-Ўзбекистондаги энг кучли футболчи бу- Одил Аҳмедов.

Футболда энг яқин дўстларингиз кимлар?
-Футболда дўстларим жуда кўп. Улар Одил Аҳмедов, Санжар Турсунов, Шавкат Саломов, Шавкат Муллажонов ҳамда Артём Филипосян.

Орзу ва армонингиз борми?
- Армон бу 2014- ва 2018- йилларда ЖЧ га чиқолмаганимиз бўлса керак... Орзум ёшларимиз биз қилолмаган ишни қилишсин, 2022-йил Қатарда бўлиб ўтадиган ЖЧ да иштирок этишсин.

Нима деб ўйлайсиз нима сабабдан ЖЧ га чиқолмадик?
- Тўғриси, шу саволга нима деб жавоб беришни билмайман...

Футболдан ташқари нималарга қизиқасиз?
- Футболдан ташқари китоб ўқиш ва оила аъзоларим билан хордиқ чиқариш менга ёқади.

Баҳодир Насимов 10 йилдан кейин ўзини қандай тасаввур қилади?
- Ҳозирча, кўплаб голлар уриб, мухлисларни хурсанд қилишни хоҳлаяпман. 10 йилдан кейин эса ҳаммамиз кўрамиз нима бўлишини.

Чемпионлар лигаси финалида ким ғолиб бўлади деб ўйлайсиз?
- Менимча «Реал» ғалаба қозонади.

Penalti.uz  сайти ҳақида биласиз?
Penalti.uz сайтини яхши биламан. Сайт янгиликларини кузатиб бораман. Сайтингизга омад тилаб қоламан.

Қизиқарли суҳбат учун «Бухоро» ҳужумчиси Баҳодир Насимовга ташаккур билдириб, келгуси фаолиятида улкан зафарларни тилаб қоламиз.

Penalti.uz мухбири Лобар Шодиева суҳбатлашди.

Манба: Penalti.uz 

 

PFl, Баҳодир Насимов, Ўзбекистон

20.05.2018, 14:25:14 3201 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш