Алексис Санчес учун энг яхши танлов қайси?

“Арсенал”даги шартномаси тугашига олти ой қолган Алексис Санчес Премьер Лиганинг икки гранд жамоаси қизиқиш доирасида қолган. Goal нашри чилилик футболчи учун энг яхши вариант қайси бўлиши ҳақида мулоҳаза юритди.

Англияга келганига ҳам уч ярим йил тўлган Алексис Санчес юлдуз сифатида ташриф буюрган эди. Футболчи бу вақт оралиғида энг кучли чемпионатда ўз маҳоратини тоблаб ўз савиясини кўтариб олди. У анча улғайди. Янги чақириқлар у томон очилди. Ўтган “қайноқ ёз”дан кейин у атрофидаги шов-шувлар яна барчанинг диққат марказида. Унинг фаолияти учун қайси вариант энг оптимали ҳисобланади?

“Манчестер Сити”га ўтиш

Агарда “Арсенал” ёзги трансфер бозорининг сўнгги дақиқаларида унга тўғаноқ бўлмаганида, ҳозирда у Гвардиола “жангарилари” билан Англия пешқадамлари орасида бўлган бўларди. Goal нашри бундан аввал “Барселона”нинг собиқ вакили “Манчестер Сити”га ўтишини истаётганини ёзганди. Олти ой ўтиб “шаҳарликлар” ички чемпионатда ажойиб ўринда эканлигини, бутун Европани ўзининг жозибадор ўйини билан мафтун қилаётганини таъкидлаш жоиз. Маълумотларга кўра, “шаҳарликлар” чилилик футболчини олиб келиш фикридан воз кечмаган. Аммо инглиз нашрлари Гвардиола жамоаси бу танловдан воз кечганини ёзишмоқда.

Айтиш жоизки, Пеп Гвардиоланинг ўзи унга қизиқиў билдирмоқда. Иккала шахс бир-бирларини “Барселона”даги биргаликдаги фаолиятларидан бери яхши танишади. “Бавария”га, сўнгра Премьер Лигага кўчиб ўтган испаниялик мураббий яна у билан ишлаш ниятида. Гвардиоланинг лойиҳаси жозибадор, боз устига улар Англиянинг истиқболдаги чемпиони эҳтимоли жудаям юқори. Санчес эса бу совринни ютишни роса хоҳламоқда. Бироқ, “Манчестер Сити”га ўтиш дегани кучли рақобатга дош беришинг керак дегани. Габриель Жезус жароҳат олган, лекин Серхио Агуэро ўз спорт формасида. Қанот ҳужумчилари – Рахим Стерлинг, Лерой Санелар ҳам ўз салоҳиятларини кенгайтириб бормоқда.

“Манчестер Юнайтед”га ўтиш

Жозе Моуриньо ва Пеп Гвардиола ўртасидаги “эски олишув” давом этади. Чунки Sky Sports тарқатган хабарга кўра, “Манчестер Юнайтед” ҳам ҳужумчи учун жиддий курашга қўшилган. Ҳатто Манчестернинг ушбу клуби футболчи учун курашда фаворит дея баҳоланмоқда. Сабаби улар ақл бовар қилмас маош тайёрлаб қўйишган. Британия нашрларига кўра, Моуриньо жамоаси Санчесни соф 20 миллион евро билан Премьер Лиганинг энг кўп маош олувчисига айлантирмоқчи. 28 миллион евро ва Генрих Мхитарянни таклиф қилиш билан “Арсенал”ни оғдириб олмоқчи.

Боз устига, клубнинг тарихи бой ва обрўли ҳисобланади. Алексис якунда “Олд Траффорд”ни танлаши ҳам мумкин.

“Челси”га ўтиш

Футболчи Лондонда қолиш учун “Челси”ни ҳам танлаши мумкин. Бундай вариант унга ҳаммага маълум бўлган юқори яшаш тарзини тақдим қилади. Аммо бундай вариант кўпроқ “нафақахўрлар”га яхши бўлади. Сабаби лондонликларнинг асосий етакчиси Эден Азар клуб билан амалдаги шартномасини узайтиргани йўқ. Англиянинг амалдаги чемпиони ҳозирда 4-ўринда бормоқда ва чилилик футболчининг ривожланишига ёрдам бера олади. Аммо бу факторлар етарли эмас. Манчестернинг икки гранд жамоаларини доғда қолдириш учун “Челси” “Арсенал” ва футболчини қониқтирадиган таклифни ўртага қўйиши керак. Аммо клуб сўнгги йилларда йирик ҳаридларни амалга оширишдан ўзини тийиб келмоқда.

“Арсенал”да қолиш

Футболчи таваккал қилмай шартномасини тўлиқ бажариши ҳам мумкин, ҳали унга қизиқиш билдираётганлар аниқ таклиф билан чиқишгани йўқ. “Арсенал” ҳужумчиси ўз орзуидаги таклифларни кўрмаяпти. Бу эса унинг клубда бошлаган ишини охиригача етказишига ҳалал бермайди. Боиси футболчининг “тўпчилар”даги таъсири ҳамон муҳим аҳамиятга эга. Клубда қолиш “Барселона”нинг собиқ ҳужумчисига ёзда эркин агентга айланиб каттароқ дов тикадиган бирорта жамоага ўтиш вариантини ҳам ишлатиши мумкин.

Сардор Абдуғаниев тайёрлади

"Арсенал”, «Манчестер Сити», Алексис Санчес

17.01.2018, 08:38:02 2309 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш