Арда Турондан Витор Байягача: “Барселона”нинг энг омадсиз трансферлари

Туркиялик ярим ҳимоячи ўз она ватанига қайтиши яқин орада амалга ошиши кутилмоқда. Шу сабаб билан Goal нашри “кўк-анорранглилар” тарихидаги энг омадсиз трансферларни ёдга олди.

Арда Турон

Туркиялик ярим ҳимоячи “Барселона”га 2015-йилда 34 миллион евро эвазига келиб қўшилди. Аммо каталонияликлар учун дебют учрашувини олти ой кутишга мажбур бўлди. Янги ёшларни таркибга жалб қилишда ноқонунийликларга аралашгани сабабли клуб ФИФАнинг таъқиқловига дучор бўлган эди.

30 ёшли футболчи ўшандан буён 55 учрашувда майдонга тушган. Трансфер нархи ва маошини қўшиб ҳисоблаганда, клуб футболчига ҳар бир ўйини учун 1 миллион евро тўлаган.

У бу мавсумда бирор дақиқа ҳам клуб либосида майдонга тушмади. Клуб мухлислари унинг она ватанига яқин орада қайтишидан мамнун бўлишлари аниқ.

Дмитрий Чигринский

2009-йилда “Барселона”нинг ғалати трансфери бўлган Дмитрий Чигринский бир мавсум ўтказди ва бу украиналик футболчининг омадсизлиги учун етарли бўлди.

Донецкнинг “Шахтёр” вакили учун “Барса” 25 миллион евро сарфлади. 2009-йилги УЕФА Суперкубогида каталония грандига қарши ўйнаган марказий ҳимоячи сал ўтиб “Камп Ноу”га кўчиб ўтди.

Аммо у янги клубида 14 ўйинда майдонга тушди ва “Шахтёр”га 15 миллион еврога қайтариб сотиб юборилди. 2010-йилда янги келган президент Сандро Росселл Лапортадан қолган қарзлардан қутулиш баҳонаси билан ҳимоячини сотиб юборган эди. Гвардиола эса ўз шогирдини жамоада олиб қолишни истаган эди.

Алекс Сонг

2012-йил ёзида “Барселона” таянч ярим ҳимояси ва марказий ҳимоячи вазифаларини бажара оладиган футболчини қидирди. “Атлетик” шундай профилга эга вакили Хави Мартинес учун 40 миллион евро сўрагач, каталонияликлар ўйлаб ўтирмай “Арсенал” вакили Александр Сонгни олиб келди.

Камерунлик футболчи дастлаб ҳимоя чизиғи у учун эмаслиги кўрсатиб қўйди, кейинроқ ярим ҳимояда ҳам яхшироқ натижаларга эриша олмади. Икки мавсум ўтиб у “Вест Хэм” аъзосига айланди.

Александр Глеб

Алекс Глеб 2008-йил ёзида 17 миллион евро эвазига “Барса”га қўшилди ва каталонияликлар сафида бир неча ўйин ўтказишга эришди. Аммо тарихий требл қайд қилган мавсумда у жамоага ёрдам беролмади.

Белорусиялик ярим ҳимоячи “Арсенал”даги уч мавсумида барчани ҳайратлантирган эди. Аммо унинг “Барселона”даги 36 учрашуви тезда унутилиб кетди. У кейинроқ “Штутгарт”, “Бирмингем” ва “Вольфсбург”да ижарада ўйнади.

Кейриссон

Кейриссон “Барселона”га “Пальмейрас”дан 2009-йилда 14 миллион евро эвазига келиб қўшилди. Аммо ҳужумчи каталонияликлар учун асосий таркибдан жой олишда муваффақиятсизликка учради.

Ҳужумчи кейинроқ “Бенфика” ва “Фиорентина”да ижарада ўйнаб ўзини кўрсатолмагач, “Сантос”, “Крузейро” ва “Куритиба”ларда ҳам ўз омадини синаб кўрди.

Эммануэль Пети

Пети 1997-2000-йиллар оралиғида Венгер қўли остида Патрик Виейра билан ярим ҳимояда кучли жуфтликни ҳосил қилиб катта муваффақиятларга эришган эди. Шунга қарамай, у “Барселона”га 14 миллион евро эвазига ўтганидан кейин омадсизликка учради.

Франциялик футболчи 2000-йилда Марк Овермарс билан бирга келиб қўшилди. Чобиқ футболчининг ўзи “Хайбери”дан “Камп Ноу”га ўтганига афсус қилганини, Феррер қўли остида қайси позицияда ўйнаганини тушунмаганини ўз автобиографиясида тилга олди.

Витор Байя

Байя “Порту” тарихидаги энг буюк дарвозабон сифатида танилган эди, бироқ у “Барселона”да 1996-98-йиллардаги фаолияти давомида қийинчиликларга дуч келди.

У “Камп Ноу”га португалияликлар сафида 300 дан ортиқ ўйин ўтказган моҳир дарвозабон мақомида келди. Боз устига Бобби Робсон ҳам уни яхши танирди. Аммо у Луи Ван Гал қўли остида ўз ўйинини йўқотиб қўйди. У бир неча жиддий хатоларга йўл қўйди.

1998-йил ёзида “Порту”га қайтди ва жонажон клубида Моуриньо қўли остида Чемпионлар Лигасини ютиш билан фаолиятига якун ясади.

Сардор Абдуғаниев тайёрлади

«Барселона», Арда Турон, Кейриссон, Сонг, Чигринский

13.01.2018, 08:05:58 3809 1

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак

  • #1 MANUBARCA

    2018-02-02 12:07:04

    Макола учун рахмат.

×Ёпиш