Коутиньо “Барселона”га қандай хусусиятлар тақдим қилиши мумкин?

Бир неча ойлик саргузаштдан кейин Филипе Коутиньо ниҳоят “Барселона”га кўчиб ўтди. Хўш, бразилиялик футболчи Эрнесто Валверде жамоасига қандай сифатлар тақдим қилиши мумкин. Goal нашри бу ҳақида мулоҳаза юритди.

Филипе Коутиньо мавсум якунланишини кутиб ўтирмай, қишдаёқ “Барселона” сафини тўлдирди. Ўтган ёз бўйи давом этган “Коутиньо иши” ниҳоясига етди. “Энфильд”даги 5 ярим йиллик фаолиятидан кейин у 160 миллион евро эвазига трансфер қилинди. Хўш, у каталонияликларга нима бера олади?

Яратувчанлик

Бир неча ҳафта олдин Goal нинг “Барселона”даги мухбири Каталонияда ҳукм сураётган кайфиятни умумлаштирган ҳолда ўз фикрини айтган эди. “Мен “Барса” ўз фалсафасига нуқта қўйди демоқчи эмасман. Бу кўпроқ эволюция бўлади сабаби жамоа бундай услубда ўйнайдиган футболчиларга ортиқ эга эмас.” Хави, Неймар ёки Дани Алвеш барчани хаёлидан ҳали чиққанича йўқ. Уларнинг техник профиллари “Ла Масия” маҳсулотлари – Месси, Иньеста, Бускетс ёки Пике томонидан сақланиб турибди. Юқори техника ва майдондаги ҳаракатчанликни талаб қилувчи қисқа паслар билан ўйнаш услуби давом этяпти.

Филипе Коутиньонинг келиши билан “Камп Ноу” мухлислари услубни ва самарадорликни боғлашга қодир бўлган футболчини қайта кўришадиган бўлди. Олти ой олдин улар Верраттининг трансфери омадсиз якунланганидан кейин чарчамайдиган Паулиньо билан чекланишган эди. Коутиньонинг келиши эса бунга компенсация совғаси бўлади. Қайта тикланиш операциясига биринчи қадам ташланди. Сабаби бразилиялик афсунгарнинг қўлидан кўп иш келади. У ўйинни осонлаштирувчи, ярим ҳимоя ва ҳужумни боғловчи фигура ёки дриблинглар бажариши мумкин. У “Барселона”га кучли ҳимояни ёриб киришда катта ёрдам бера олади.

Узоқдан аниқ зарба йўллай олиш

Бўйи 1,71 см. келадиган йигитча узоқдан зарба йўллай олиши билан ҳам анча таниқли. Кучли ва аниқ зарбалари “инглиз жанглари”да “Ливерпуль”га анча асқотган. Бундай қурол гарчи клубда етарлича (Месси, Суарес, Паулиньо) бўлсада, бу каталонияликларнинг кучига куч бағишлайди. Бу билан Коутиньо сўнгги олти йилдан бери статистикасини доимо яхшилаб келган.

Бу мавсумда унинг етти голидан тўрттаси жарима майдончасидан ташқарида киритилган. Бу эса унинг нечоғлик хавф туғдира олишидан дарак беради. Ўтган мавсумда фаолиятидаги энг яхши мавсумини ўтказган (17 гол ва 11 голли узатма) футболчи сентябрь ойидан бери бу рақамларни янада яхшилаб келмоқда.

Кўпқирралилиги

Эрнесто Валверденинг унга қандай роль ажратишини кўриш барчага қизиқарли бўлса керак. Усмон Дембеленинг қайтиши ҳам испаниялик мураббийга қўшимча бошоғриғи бўлади. Сўнгги бир неча ҳафталардан буён Валверде энг мақбул вариант сифатида 4-4-2 ни қўлламоқда. Аммо Коутиньонинг келиши билан клуб яна ўзининг анъанавий 4-3-3 ўйин тизимига қайтиши тахмин қилинмоқда. Чунки бразилиялик футболчи икки чизиқда – ҳужунинг чап қанотида ва ҳужумга қўшилувчи ярим ҳимоячи ролида ўйнай олади.

Англияда, Юрген Клопп қўли остида Коутиньо Фирминьо, Салоҳ, ва Манелар билан ажойиб квартет ташкил қилган эди. 4-4-2 да Коутиньо анъанавий ўнлик вазифасини бажариши мумкин. Янги вакили билан “Барселона” 4-4-2 ўйин тизимини анча мустаҳкамлаб олган бўлади.

Сардор Абдуғаниев тайёрлади

«Барселона», Коутиньо

10.01.2018, 08:14:26 1894 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш