Ла Лига билан хайрлашган “Реал”да Чемпионлар Лигаси имконияти қолдими?

Зинедин Зидан шогирдлари Примерада энди азалий рақиблари “Барселона”дан 16 очкога ортда қолмоқда ва мавсумни сақлаб қолиш учун Европанинг энг нуфузли совринига эътибор қаратиши аниқ. Goal нашри мадридликларнинг сўнгги ўйиндаги дурангдан кейинги аҳволига бир назар солди.

Инқироз ҳеч қачон “Реал Мадрид”дан узоқ юрмаган. 2014-йилда “қаймоқранглилар” йилни тўртта соврин ютиб юқори кайфиятда якунлаган эди. Аммо ўшандан олти ой ўтиб бош мураббий Карло Анчелотти истеъфога чиқарилди. 2018-йил ҳам ўша воқеани такрорлашга яқин қолгандек.

“Қироллик клуби” 2014-йилги мавсумини 2017-йилда бешта соврин ютиб анча яхшилай олишди. Ўтган йилни Зидан шогирдлари Абу Дабида ўтган клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини ҳам ютиб кўтаринки кайфиятда ортга қайтишган эди. Аммо бир ҳафта ўтиб “Эл Классико”даги 3-0 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин Ла Лигадаги имкониятларини пасайтириб юборган эди.

Мадридликлар клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатидаги иштироки сабаб битта кам ўйин ўтказган ҳолда Испания Чемпионати сўнгги тури арафасида пешқадамдан 14 очкога ортда қолаётган эди. “Камп Ноу”да “Леванте” тор-мор қилинганидан кейин мадридликлар ҳам ўз ўйинларини ютиши кутилган эди.

Зидан жамоаси “Балаидос”да Даниель Васснинг голи эвазига ҳисобда ортда боришди. Аммо клубнинг энг қиммат ўйинчиси Гарет Бэйлнинг дубли эвазига улар мувозанатни ўзгартиришга муваффақ бўлишди. Ўйин якунланишига оз вақт қолганида Макси Гомес орадаги фарқни йўққа чиқаришга эришди.

Шундай қилиб “Реал” икки муҳим очкони йўқотди ва вазият энди чинданам оғирлашди. Агарда Яго Аспаснинг пенальтидан йўллаган зарбасини Кейлор Навас қайтармаганида балким бир очко ҳам қўлга кирита олмаган бўларди.

Ҳимоявий жиҳатдан, мадридликлар сардори Серхио Рамоснинг жароҳати сабаб ўйинни ўтказиб юборгани қимматга тушди. Айниқса, Гомес боши билан урган голида Рамоснинг йўқлиги сезилди. Боз усига, Мадрид ҳимояси ўтган мавсумдагидек ўйин намойиш этмаяпти.

Зидан эса шогирдлари ҳамон Ла Лигани юта олиши мумкинлигига ишонмоқда. Аммо ҳақиқатни айтганда, жароҳатидан қутулган Усмон Дембеле ва янги трансфер Филипе Коутиньони эслайдиган бўлсак, мадридликларнинг имконияти умуман имконсиз.

Чемпионлар Лигаси эса “Реал”нинг асосий умиди ва сўнгги йиллардаги севимли мусобақаси ҳисобланади. Улар сўнгги тўрт мавсумда ушбу совринни уч маротаба ютиб олди. Улар энди яна бир бор ўз диққат-эътиборини Чемпионлар Лигасига қаратишга мажбур.

Аммо бу мавсумда Чемпионлар Лигасини ҳам ютиш жуда қийин бўлади. Сабаби “Барселона” ва “Манчестер Сити” жуда ажойиб спорт формасида. Мадридликларнинг нимчорак финалдаги рақиби “ПСЖ”ни ҳам эсдан чиқармаслик зарур.

“Реал” айни вақтда ҳимоя чизиғида кўплаб муаммоларга дуч келмоқда. Уларни кучли учлик – Неймар, Мбаппе ва Каваниларга қарши ўйнашга қодирлигига ишониш қийин.

Сезиларли ўзгаришлар бўлиши керак, акс ҳолда Ла Лига пойгасидан бутунлай чиқиб кетиши мумкин. 2018-йилнинг дастлабки ҳафтаси ўз ниҳоясига етди, аммо ўтган йилда эришилган барча муваффақиятлар ёддан чиқарилди.

Сардор Абдуғаниев тайёрлади

"Реал Мадрид”, Зинедин Зидан, Ла лига

09.01.2018, 08:16:38 2398 1

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак

  • #1 CRORO

    2018-01-19 21:36:13

    Реал доим курашади

×Ёпиш