“Барселона” Коутиньони қайси позицияда ўйнатмоқчи?

“Кўк-анорранглилар” “Ливерпуль” етакчиси Филипе Коутиньони ўз сафига олиб келди. Бироқ энди яна бир муаммо туғилиши мумкин. Каталонияликлар уни қайси позицияда ўйнатмоқчи? Неймарнинг ёки Иньестанинг ўрнида? Goal нашри бу каби саволларга жавоб қидириб кўрди.

Филипе Коутиньонинг “Барселона”га ўтиш орзуси ниҳоят ушалди. Ёзги трансфер бозорида бразилиялик футболчини олиб келишда муваффақиятсизликка учраган каталонияликлар бу сафар 25 ёшли футболчини олиб келишга муваффақ бўлди.

Ёзда Неймар “Барселона”ни тарк этганидан кейин Коутиньо Усмон Дембеле билан каталонияликларнинг асосий трансфер мақсадлари бўлган эди. Энди эса таклиф 160 миллион еврогача кўтарилган вақтга қадар у “Ливерпуль”да қолди.

Музокаралар трансфер ойнасининг сўнгги дақиқаларида ҳам амалга ошиши мумкин эди, бироқ мерсисайдликлар уни қўйиб юбориш фикридан воз кечди. 6 ой ўтгач ҳам, музокаралар қайтадан авж олди ва футболчи бу трансфер рўёбга чиқишини талаб қилди. Гарчи у “Ливерпуль” сафида Чемпионлар Лигасида ўйнаган бўлса ҳам, кейинги мавсумгача ушбу нуфузли мусобақада ўйнамасликка ҳам рози бўлди.

Хўш, Коутиньо “Барселона”га киришиб кета оладими? У Неймар кетгач бўшаб қолган ҳужум чизиғига қўйиладими? Унинг имзоланиши клуб яна 4-3-3 ўйин тизимига қайтишини англатадими? Ёки у Андрес Иньестанинг ўрнида ҳаракат қиладими? Ёки бўлмасам, у каталонияликларнинг тўрт кишилик ярим ҳимоясидан жой оладими?

Барча саволларга жавоб эҳтимол “ҳа” бўлса керак. “Барселона” устози Эрнесто Валверде бу мавсумда бир неча ўйин тизимидан фойдаланиб кўрди. У шу пайтгача 4-3-3, 4-2-3-1, 3-5-2 ва 4-4-2 каби тактикаларни қўллаб кўрди ва Коутиньони барча ўйин схемаларига туша олади, деган фикрда.

Агарда Неймардан кейин бўшаб қолган чап қанот ҳужумида ўйнайдиган бўлса, Коутиньо Луис Суарес ва Лионель Мессилар билан бирга ҳаракат қилади. МСН албатта узоқ вақт эсдан чиқмайди, аммо бу эҳтимолий ҳужум чизиғи ҳам анча қудратли кўриниш олиши мумкин. Бунда албатта аргентиналик даҳо чуқурроқда ҳаракат қилади, Дембеле эса ўнг қанотда, Луис Суарес марказда ҳаракат қилади.

Коутиньо Бразилия термасида Неймарга ўз севимли позициясини топширган ҳолда тез-тез ўнг қанотда ҳаракат қилади. Аммо “Ливерпуль” ҳужумчиси чап қанотда ўйнашни ёқтиради ва “ПСЖ” юлдузининг ўрнини бемалол тўлдира олиши мумкин.

Неймар сентябрда Коутиньонинг “Камп Ноу”га трансфери амалга ошмаганидан афсусда эканлигини айтганди, каталонияликларнинг собиқ юлдузи Ривалдога кўра ватандоши “Камп Ноу”да порлай олади.

“Коутиньо жуда яхши футболчи, агарда унинг трансфери амалга ошса, у осонликча “Барселона”га мослашиб кета олади” – деган эди яқинда берган интервьюсида. “Мен унда “Барселона”да ўйнаш учун футболчига зарур бўладиган характеристикаларни кўрмоқдаман. Унинг ўйин услуби мос тушади ва мухлислар ҳам унга мослашиш учун вақт беради. У муваффақиятга эриша олади, деб ўйлайман.”

Албатта буни вақт кўрсатади. Аммо Дембеленинг қўшиб олинишидан кейин “Барселона” Коутиньода Иньестанинг узоқ йиллик ўринбосарини кўрмоқда.

Сардор Абдуғаниевт тайёрлади

«Барселона», Коутиньо, Ливерпуль

07.01.2018, 08:57:32 3468 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш