Александр Лобанов: «Агар кимгадир ҳадеб чўчқасан, деяверишса, бир кун келиб у албатта чўчқага айланади»

Ўзбекистон терма жамоаси ва Тошкентнинг “Пахтакор” клуби дарвозабони Александр Лобанов билан миллий терма жамоа ва клубдаги фаолияти тўғрисида суҳбатлашдик.

— Ўйин қандай ўтди? (“Обод”-“Пахтакор” (1:4) учрашувидан сўнг)
— Оғир ўйин бўлди, чунки рақиб жамоа ҳақида бугун ёки эртага жамоани ёпишаркан, энди бундай жамоа бўлмас экан, деган ҳар хил гаплар юрибди. Шунинг учун уларга анча осон деб ўйлайман, уларнинг йўқотадиган нарсаси йўқ ва шу сабабли улар эркин ўйнашади. Бундай жамоалар билан ўйнаш жуда қийин, исталган дақиқада улар қандайдир сюрприз қилиб қолишлари мумкин. Худога шукр, биз ғалаба қозондик ва мақсадимизга етдик. "Олмалиқ"қа ютқизиб қўйганимиздан сўнг бизни олдимизда “Насаф” ва “Обод” устидан ғалаба қозонишни мақсад қилгандик ва биз уни аъло даражада бажара олдик.

— Мухлислар “Пахтакор”га янги мураббий келди, энди Лобанов асосий таркибга кира олармикин, — дейишмоқда. Янги мураббий ҳақида нима дея оласиз?
— Ҳозирча биз фақат танишиб суҳбатлашдик. У бизни олдимизга келди, жамоада катта ўзгаришлар кутилаётгани сабабли ҳар бир ўйинни ғалаба билан якунлаш кераклигини айтди. Ҳатто бугун ҳам келиб бизни қўллаб-қувватлаб турибди. Айтишим мумкинки, муомаласи яхши ва жуда талабчан инсон. Унинг жамоа билан юқори натижаларга эришишини тилаб қолардим.

— Нима деб ўйлайсиз, нима учун сўнги вақтларда мухлислар миллий терма жамоа таркибидан норози бўлишмоқда?
— Ҳа, бу жуда ёмон ҳолат. Билмадим манимча мухлислар ҳар қандай шароитда ҳам қандай натижа қайд этилмасин терма жамоани қўллаб-қувватлашлари керак. Масалан, Европада жамоалар сўнги ўринда кетаётган бўлса ҳам мухлислар келиб, уларни қўллаб қувватлаб руҳлантириб туришади. Мухлисларга озроқ сабр тилардим, худо хоҳласа, биз жаҳон чемпионатига чиқамиз. Қандай йўл билан чиқишимизнинг аҳамияти йўқ, асосийси жаҳон чемпионатига чиқишимиз ва мухлисларимизни хурсанд қилиш.

— Кўп сонли мухлислар терма жамоа дарвозасини Игнатий Нестеров қўриқлашини исташмоқда. Жамоадаги рақобат қандай? Айнан Игнатий Нестеров билан?
— Билмадим. Игнатий билан муносабатларимиз яхши, биз фақат иш юзасидан мулоқот қиламиз. Ортиқча бирор нарса ёки келишмовчилик йўқ. Асосий таркибда майдонга тушиш эса мураббийлар истагига боғлиқ.

— Даврон Кабулов билан бирга машғулот ўтаган экансиз. Кабуловнинг айтишича, у сиздан анча яхшироқ дарвозани қўриқлаган экан. Айтингчи, ўша пайтлар дарвозада Кабулов сиздан қай даражада яхши турган?
— Тўғриси бу қачон бўлганини аниқ эслолмайман, аммо интервьюнинг видеосини кўрган эдим. Унинг гапларига шарҳ билдирмоқчи эмасман, нима деган бўлса ўзининг виждонига ҳавола. Фақатгина кўриниб турган ҳолат, яьни у юртимиздаги энг катта патриот эканлигини айтишим мумкин. Унга омад тилаб қоламан, бошқа гапим йўқ.

— Терма жамоанинг олдиндаги учрашувларида майдонга тушиш ниятидасиз, демак, Хитой ва Ж.Кория билан бўладиган ўйин ҳақида нима дея оласиз?
— Қайси ўйинда бўлишидан қатьий назар мақсад бир – фақат ғалаба. Худо хоҳласа, Хитой устидан ғалаба қозонишимиз керак, албатта имкониятларимиз Эрон ва Корея ўйини натижаларига ҳам боғлиқ, лекин нима бўлганда ҳам бизга фақатгина ғалаба керак шундагина ҳаммаси ўз қўлимизда бўлади.

— Мухлислар Игорь Сергеев, Станислав Андреев ва сизни жуда кўп танқид қилишмоқда, бунга муносабатингиз?
— Мен мухлислардан жамоани ҳар қандай шароитда, ҳар қандай таркибда, ҳар қандай ўйинда ва ҳар қандай мураббий қўл остида ҳам қўллаб-қувватлашларини сўраган бўлардим. Хоҳлардимки, улар жамоани юракдан яхши кўришса. Масалан, биз майдонга чиқсак ғалаба учун боримизни берамиз, қанча куч сарфлаймиз, соғлигимизни йўқотамиз, оиламизни кўрмаймиз, кўпинча уйдан узоқда бўламиз. Улар бизга ишониши керак, шунда биз ҳам ғалаба учун барчасини қиламиз, биз қачон ғалаба қозонсак, улар хурсанд бўлишади, ютқазиб қўйганимизда эса сўкинишни бошлашади, мана бу, мана бу, мана бу айбдор деб. Ҳақиқий мухлис бунақа бўлмайди.

— Хитой билан бўладиган ўйинга асосий таркибда Нестеровни кўрсангиз, сизда қандай кайфият ҳукмронлик қилади? Бунга муносабатингиз қандай бўлади?
— Бу мураббийларнинг танлови ва ман уларнинг қарорини муҳокама қилолмайман. Ҳамма ўз ишини қилиши керак. Шундагина ривожланиш бўлади. Терма жамоамиз кучли, биз уларни қўллаб-қувватлашимиз лозим. Шу ўринда русларнинг бир мақоли ёдимга тушди “Агар кимгадир ҳадеб сан чўчқасан деяверишса, бир кун келиб у албатта чўчқа бўлади”. Шундай экан терма ҳақида ижобий фикр билдириб, уларга ишонишимиз керак ана шундагина барчаси мухлислар орзу қилгандай бўлади.

Маъмур Пармонов суҳбатлашди.

МТЖ

19.08.2017, 16:30:25 506 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш