«Барселона»га нима бўляпти?

«Барселона»га нимадир бўлгани аниқ. Қўлга киритилган Испания кубоги, трансфер бозоридаги майда харидлар, Неймарнинг кетиши – буларнинг барчаси жамоада муаммолар вужудга келганидан дарак беради. Бундан икки йил аввал «Барселона» клуби футбол тарихидаги энг кучли жамоаси сифатида эътироф этилганди. У тенгсиз эди. МСН триосига ҳамма ҳавас ва ҳасад қиларди. Трансфер бозорида «Барса» билан рақобатлашиш имконсиз эди – у Неймарни рақиблардан осонгина тортиб олганди ва испан конкистадорлари сингари Суаресни Туманли Альбиондан олиб келганди. Энди-чи?

Бу механизмга «вирус» тушди. 2010 йилда клуб тепасига Россель ва Бартомеу келиб, жуда катта хатога қўл уришди: улар «Ла Масия»нинг ўша пайтдаги раҳбарларини истеъфога чиқариб, уларнинг ўрнига тажрибасиз кишиларни қўйишди. Шундан сўнг орадан 7 йил ўтди. Бу вақтда бутун бошли авлодни етиштириш мумкин, лекин ўша авлод қани? Академиянинг асосий вазифаси асосий таркибга мос ёшларни етиштириб бериш эмасми?

«Барселона» асосий таркибидан қўним топган энг сўнгги тарбияланувчи Деулофеуни жорий йилнинг ёзида узоқ меҳнат сафаридан сўнг қайтариб олишди. Ўтган мавсумда «Ла Масия» битирувчилар орасидан фақат Серхи Роберто жамоага келиб қўшилганди. Лекин Роберто ҳам, Деулофеу ҳам амалдаги эмас, собиқ президент Лапортанинг қалдирғочлари ҳисобланишади. Лапортанинг даврида улар 16 ва 18 ёшда бўлишган.

Бу клубдаги асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Шу 7 йил ичида «Ла Масия» 1000 ортиқ ёшларни учирма қилди. Лекин уларнинг натижаси кўринмаяпти. Тарбияланувчиларга ҳеч қандай эътибор йўқ. Уларга буюмдек қаралиб, асосий таркибда омадини синаб кўриш имконияти берилмаяпти. Гримальдо «Бенфика»га, Адама Траоре эса Англияга сотилди. Сандро Рамиресни арзимаган пулга «Малага»га сотишди. Футболчи янги жамоаси ва ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида жуда яхши ўйнади, лекин каталонияликлар бунга парво ҳам қилишмади.
Россель ва Бартомеунинг «Неймар иши»да алоқаси борлиги аниқлангач, бу ҳол уларнинг обрўсига салбий таъсир этмай қолмади. Лекин 2015 йилда қўлга киритилган требл қувончи сабабчи Бартомеу барибир президент этиб сайланди. Ана шу воқеадан сўнг каталон грандида янгидан-янги муаммолар вужудга кела бошлади. Дастлабки трансфер тақиқи даврида сотиб олинган Туран билан Видал ярим йил майдонга тушишмади. Муддат тугаб майдонга қайтишганда ҳам мухлислар кутгандек ўйнай олишмади. 2016 йилнинг ёзида «Барса» трансфер учун 100 млн. евродан зиёдроқ пул сарфлади. Жамоага Андре Гомеш, Пако Алькасер, Денис Суарес, Люка Динь ва Самюэль Умтитилар келиб қўшилди. Ушбу харидлар ичида фақатгина Умтити ўзини оқлади. Катта маблағ сарфланганига қарамай ҳимоядаги ўнг қанот очиқлигича қолаверди. Шундай чигал вазиятда Дани Алвесга жавоб берилиши оловга ёғ сепиш билан баробар эди, лекин раҳбарият буни кеч тушунди.
Чемпионлар Лигаси чорак финалидаги мағлубиятдан сўнг испанларнинг нуфузли Sport нашри клуб ички манбаларига асосланган ҳолда «Барса» раҳбарларининг ёзда улкан инқилобни амалга оширишни кўзлаётгани ҳақида хабар топди. Ҳозир бу инқилобнинг ҳиди ҳам чиққани йўқ. (Агар инқилоб дея Мессининг узайтирилган шартномасини назарда тутишмаган бўлса албатта). Жорий йилдаги трансфер мавсумида каталониялар ўзларини жуда ғалати тутишмоқда.

Жамоага Вальверденинг таклиф этилиши «Барса» учун қандай наф келтириши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Испан ОАВ уни ёшлар билан ишлай оладиган, лекин «блаугранас»га «хос бўлмаган мураббий» сифатида тавсифлашмоқда. Эрнесто камтар, жанжални ёқтирмайдиган, ёшлар билан ишлайдиган ва қўлидаги имкониятдан унумли фойдалана оладиган мутахассис ҳисобланади. У пулларини Снупп Догг сингари ҳаммага кўз-кўз қиладиган мақтанчоқлар тоифасига кирмайди. Назаримда у ўзини клубда ноқулай ҳис қилмоқда. Бу эса яхшиликка олиб келмайди. Янги иш жойига келган ТОП-менеджер раҳбарият билан учрашиб, жамоанинг муаммоли нуқталари қаердалиги ва уни қандай бартараф этиш мумкинлиги хусусида фикрларини айтиши лозим. Ўзига керакли ўйинчиларни, ҳатто уларнинг нархи осмон бўлса ҳам сотиб олинишини талаб қилиши керак. Кучлилар ўзи сингари кучли ўйинчилар билан бирга ўйнаши даркор.

«Барселона» трансфер бозорида пулдор ТОП-клублардек сиёсат юритмай қўйди. Неймар ва Суаресларга эга бўлиш учун тиш-тирноғи билан курашган клубдан асар ҳам қолмаган. У ўз мақсадига эришиш учун ҳеч нарсадан тап тортмасди. Нима демоқчилигимизни ҳозирги «Барса» ва «ПСЖ» мисолида кўрсатишга ҳаракат қиламан.

«Барса» Верраттига қизиқиб қолди. Ўйинчи ҳам эътироз билдирмади. Хўш, ўйинчини қўлга киритиш учун «Барса» нима қилди? Улар Мессини Верратти дам олаётган Ибицага жўнатишди. Раҳбарлар ҳам жим ўтирмай италиялик билан бўлғуси битим ҳақида ўзаро келишувга эришди. Шу холос. Улар ўз ўлжаларига эга чиқиш учун ҳар томондан ҳужум уюштиришга қўрқишди. Очиқроқ қилиб айтганда, Верраттини «ПСЖ» раҳбарияти билан очиқ мулоқотга киришга ундай олишмади. Гўёки Верратти «Барселона»га ўтишни жуда ҳам истаётгандек, аслида эса ўйинчига қаерда ўйнашнинг фарқи йўқ, ўзи истаганча маош берилса бас.

Аввалги «Барса»дан асар ҳам йўқ. «Барселона» президентлигига номзодини қўйган Агусти Бенедитонинг гапларида жон бор: «Бартомеу жамоасининг клуб бўйича лойиҳаси йўқ. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолаверади. «Барселона» мақсадига эга клубга ўхшамай қолди».
Афсонавий Хави ҳам шундай фикрда: «Жамоанинг уйғонадиган пайти бўлди».

Манба: erudit-sport.uz

09.08.2017, 01:43:56 433 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш