Хайрулла Ҳамидов блоги: “Клубдан-да устунроқ!”

Бу мақоланинг ўзаги ўтган йили ёзилган, лекин мен ўшанда ҳам ишонган эдимки, бир йил ўтиб ҳам долзарблиги йўқолмайди. Оила мустаҳкам бўлса, муаммолар бартараф этилиши бор гап.

Ярмарка турнирлардаги тайёргарликларни кузатяпмиз. “Сити”нинг учта таркибини, МЮнинг ҳужумини, “Интер”нинг ишончли ҳаракатини, “Милан”нинг тирилаётганини, “Реал”нинг “тўйиб қолганини” ва… ҳар доимги “Барселона”ни.

Ўтган мавсум каталонияликлар учун салбий якунланди: Бош мураббий ишдан кетди. Жамоа миллий чемпионатда ҳам, еврокубокда ҳам муваффақиятсизликка учради. Пике айтганидек, бу клуб Испания кубоги билан фахрланиш даражасидан юқорида. Клуб лидери Лео Месси “Олтин тўп” учун курашда асосий рақибидан анча ортда қолиб кетди. Хуллас, ҳамма янги “Барса”нинг ўйинларини интиқ бўлиб кутаётган эди. Бу турнирнинг бошқа жиҳати ҳам бор эдики, қандай даражада бўлмасин мухлисларга янги Эль-Класикони тақдим этарди.

“Барселона” янги мураббий бошчилигида ташриф буюрди. Шу томонлама ҳам қизиқ эди кузатиш. Неймар трансферига оид гап-сўзлар ҳам жамоа ўйинига кўланка сола олмади. Ҳеч нарса бўлмаганидек, бошқаларга эътибор бермай, ўз ўйинини кўрсатиб қайтди “Барса”. “Бу ўртоқлик ўйини эди…”, “бизга муҳим эмасди…”, “ҳақиқий ўйинимизни муҳим баҳсларда кўрасиз…” деган отамнинг давридан қолган сўзлар айтилмади каталонияликлар томонидан. Индамайгина ўз ютуқларини нишонлаб келишди. Месси яна урди, яна Рамос чиройли алдаб ўтилди, яна Ракитич голини нишонлади. Роналду келмаганини баҳона қилмангларки, у ўйнаганда ҳам шу ҳисоб қайд этилганди, дейишга асослар етарли. Менга каталонияликларнинг шу жиҳати жуда ёқади. Ҳамма турнирга бирдек қарайди, юлдузлари ҳам бир қаторда тушиб келади, ютуқ учун ўйнайди ва ўз улушини олади ҳам.

“Барселона” тарихининг ўзи бир достон. Унинг шаклланишида сиёсий вазиятлар ва Мадрид билан ўртадаги ҳисоб-китоблар муҳим роль ўйнагани турган гап. Бироқ, бу кураш ва шиддатнинг ўзи бугунги Каталония суперклуби мавқеига кифоя қилмасди. Демак, бу ерда бошқа жиҳат ҳам бор. Нимайкин-а шу жиҳат?

Марҳум Қодирий шоҳасари бўлмиш “Ўткан кунлар”ида: “…иш эгасини топмас экан, охирзамон келди, деб ҳисоблайверинг”, дейди. Ҳа, бугунги “Барса”нинг мана шу даражага чиқишини ҲАММА ЎЗ ИШИНИ қилаётганлиги билан изоҳлайман мен. Айнан мана шу томонини ҳал қилиб олгандан кейингина бу қадар катта ишларга қўл уриши мумкин одамзод.

Ҳаммасини бошидан бошлайман. Ёшлигимдан кузатиб келганим – футбол ҳар доим шундай хулосаларни бераверди менга. Топ-клубларнинг ажойиб натижалари замирида ундан олдин қилинган катта ишларни кўравердим мен. Ҳозирда нурли даврларини қумсаётган МЮнинг барча ютуқларини кўпинча бир инсонга – сэр Алексга тақашади. Менимча, бу гап у қадар тўғри эмас. Фергюсон “қизил иблислар” тарихида катта ишни амалга оширган. Аммо унинг ана шу ишларига замин яратган, унга ажойиб имкониятлар туҳфа этган, тасодифий мағлубиятларида асабий ҳолда бошқа мураббий изламаган, узоқ йиллик режаларига ҳамоҳанг тарзда фаолият олиб борган “МЮ” раҳбариятини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим. “Челси” ҳамда “Манчестер”нинг фарқини айнан мана шу жиҳатда кўраман. Лондонликларнинг ўтмиши у қадар буюк эмас, аммо уларни одам қилган шахс сўзсиз Абрамович. Ҳа, Абрамович жамоани сотиб олгандан буён ҳақиқий мураббийси. Таркибга аралашадиган, жамоа мураббийини пайпоқ алмаштирганидек алмаштирадиган ўжар бойвучча. Унинг қарорига бечора лондонликлар рози бўлмасдан бошқа чора топа олмайдилар. Пулини тўлаганидан кейин, юлдузларни тахлаб ташлаганидан кейин гапиради-да, дейдилар ноилож. Гоҳида Абрамовичнинг қарорлари ўзини оқлайди ҳам. “Челси” ЕЧЛ ғолиби бўлган, АПЛда ҳам ҳар икки-уч йилда тахтга қайтиб туради. Бу ёмон натижа эмас, албатта. Лекин нега улар “МЮ” сингари катта тарихни ёза оладиларми, ҳамма гап шунда. Нима учун бошқалардан ер ва осмончалик фарқ қилиб кетмайдилар? Бунинг битта сабаби бор. У ҳам бўлса клуб раҳбарининг феълида. Абрамович футболни ҳаддан ташқари яхши кўрганидан ечиниш хонасига ҳам кириб кетади, деган ҳазиломуз гап бор. Таркибга аралашиши хусусида. Россиялик миллиардернинг энг катта айби шу аслида. Унинг характерида айб. Агар у “Челси”нинг тарихини МЮдек узоқ достон қилишга уринганида, ундоқ қилмаслиги керак эди. Ҳаммага ўз ишини бериб қўйиши, ўзи ҳам ўз ишини қилмоғи лозим эди.

МЮнинг нурли ўтмишида эса клуб раҳбарлари ўз ишларини қилишди. Яъниким, мураббийга имконият бердилар, унинг салоҳиятига ишондилар. Ўзларига тегишли бўлмаган ҳудудда ҳукмларини ўтказмадилар. Шу боис, Фергюсон деган шахс йиллар давомида клубнинг ишини олдинга юргазди. Қўлидан келганини қилди.

Мен клуб раҳбариятини ўйиндаги ҳакамларга ўхшатаман. Уларнинг энг зўрлари ҳеч кимга халақит бермайдиган, учрашувда сезилмайдиганларидир!

Пул кўп нарсани ҳал қилади, лекин ҳамма нарсани эмас. “Барселона” тарихи бу чиройли нақлни яна бир карра исботлади. Каталонияликлар раҳбарияти асримиз бошида қатор ислоҳотларни амалга ошириб, охир-оқибат “МЮ” қилган ишни қилдилар. Янги услуб ва ўша услуб тақозо этадиган инсонларни бирлаштириш! “Тики-така”га мос келадиган Гвардиола, бу услубнинг даҳолари – буюк учлик ва бу йўлдаги ажойиб сабр! Ҳа, сабр, кута билиш, эккан ниҳолининг мевасини кута билиш санъати “Барса” теппасида турганларнинг бош ютуғи эди. Ўша услубдан етишиб чиққан йигитлар ўша натижаларни такрорлашда давом этмоқдалар. Аср бошидаги “Барселона” тўғри йўлга тушиб олганлигини исбот этишмоқда.

Ҳозирги “МЮ”ни ўйлайман. У нима қиларкан? Узоқ йиллик режалар асосида Маурни олиб келишди, янги услуб бўйича шаклланмоқчи. Агар шу қарорга келинса, Европанинг гранди бўлишга одатланган манчестерлик мухлислар сабр қила олармиканлар? Ҳамма гап шунда.

“Челси” эса ўз йўлини танлаб бўлган. У “Реал”нинг услубида ҳаракат қилади. Пул билан ҳал қилаверамиз, деб кетаверади улар. Бошқача йўлини ҳам билмайди Абрамович. Лондонликлар ҳам шуни исташади чамамда.

Дарвоқе, ҳеч эътибор берганмисиз, матбуотда ҳам, ўйин трансляцияси пайтида ҳам асосан Перес ва Абрамовични кўрамиз, уларни таниймиз. Аммо МЮ ва “Барса” раҳбариятини кўпчилик танимайди ҳам. Чунки уларни кўп ҳам кўрсатишдан фойда йўқ. Ахир, у раҳбарлар ўз зиммаларига МУРАББИЙЛИКни ҳам олишмаган-да!!!

Мақоланинг сарлавҳаси “Барселона”нинг шиоридан олинган. Маъноси “клубдан-да устунроқ!” (больше, чем клуб!). Айтмоқчиманки, Неймар кетиб қолган тақдирда ҳам бу жамоа оила бўлиб қолаверади. Чунки бу масканда ҳозирча қўрқинчли Месси ҳалиям бор. Ҳалиям…

 

Хайрулла ҲАМИДОВ, «Эрудит Спорт» газетаси.

05.08.2017, 14:40:43 613 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш