Суперлига 14-тур рамзий терма жамоаси

“Penalti.uz” спортга ихтисослашган ахборот портали Ўзбекистон Суперлигаси 2-даврасидан эътиборан ўз таснифига кўра тур рамзий терма жамоаларини эълон қилишни бошлайди.
Дастлаб, иккинчи даврага 14-тур ўйинлари орқали 26-27 июль кунлари старт берилди. Тур рамзий терма жамоаси 3-4-3 тактик схемаси асосида тузилди.
Рамзий жамоа дарвозабони ролига «Қизилқум» давозабони Евгений Черемисин лойиқ кўрилди. Гап шундаки, мазкур турда «Қизилқум» Наманганга сафар уюштирди ва минимал ҳисобдаги ғалабага эришди. Шу куни россиялик посбон ўз жамоасини бир неча бор муқаррар голлардан қутқариб қолди. Мезбонлар ҳужумчиси Александр Касьян билан дуэлларда ҳар гал навоийликлар посбони ғолиб чиқди. «Навбаҳор» майдонида қуруқ ўйин ўтказиш қанчалик қийинлигини эса ҳаммамиз яхши биламиз.
Мудофаа чизиғи вакиллари сифатида «Насаф»дан Ғолиб Ғайбуллаев, «Металлург»дан Шавкат Муллажонов ва «Пахтакор» вакили Марко Симичлар танланди. Юқорида номи қайд этилган ҳар уччала ҳимоячи мазкур турда ўз номларига гол ёздириб қўя олишди. Шундай қилиб, бу ҳимоячилар нафақат орқа чизиқда, балки жамоа ҳужумларидаги фаоллиги эвазига ўз клубларининг муваффақиятини таъминлашди.
14-турда ярим ҳимоячилар жуда фаол бўлишди. «Динамо» жамоасига қарши кечган баҳсда «Бунёдкор» вакили Хуршид Ғиёсов жамоадоши Миржаҳон Мираҳмадовнинг голига ёрдамлашишдан ташқари ўзи ҳам дубл қайд этди ва ҳақли равишда рамзий жамоадан ўрин эгаллади. Мусобақа карвонбошисининг «Қўқон 1912» клубига қарши кечган учрашувида ҳар доимгидек Жалолиддин Машарипов мезбонлар сафида ажралиб турди. Хоразмлик футболчи ўйинда ҳисобни очганидан кейин икки бор жамоадошларининг гол уриши учун имконият ҳозирлаб берди.
Тур доирасида «Бухоро» клуби «Андижон» майдонига сафар уюштирди. Мезбонлар ўйиндаги устунликни ҳисобга кўчиришга қийналиб турган паллада заҳирадан майдонга қўшилган Ойбек Қиличев дастлабки уринишидаёқ тўпни жаримадан дарвозага жойлаб қўйди. Шундай қилиб, ўз жамоасининг ғалабаси учун замин ҳозирлади.
Рамзий жамога киритилганлар орасидан фақат «Динамо» аъзоси Ихтиёр Тошпўлатовгина жамоаси мағлубиятга учраган футболчилар орасидан танлаб олинди. Боиси, пойтахтга сафар қилган Даврон Файзиев шогирдларининг ҳар иккала голига шу футболчи муаллифлик қилди.
Ҳужумчилардан «қалдирғочлар» форварди Миржаҳон Мираҳмадов «Динамо» дарвозасига икки гол киритгани учун танлаб олинди. Шохруз Норхонов эса Жиззахда амалдаги чемпионга қарши кечган баҳснинг қаҳрамонига айланди. Унинг голи эвазига 8-ўринда келаётган «Сўғдиёна» бир поғона юқорилади.
Яна бир қаҳрамон «Қизилқум»нинг янги футболчиси грузиялик Мате Вацадзе бўлди. У 3-ўринда бораётган «Навбаҳор» дарвозасини ишғол этгани ҳолда мезбонларни 5-ўринга тушириб юборди.
Рамзий жамоа мураббийи сифатида эса «Сўғдиёна» устози Улуғбек Бақоев танлаб олинди. Зеро, у Самвел Бабаян бошчилигидаги «Локоматив»ни мағлуб этгани ҳолда жорий мавсум чемпионлик курашига амалда нуқта қўйган бўлса, ажаб эмас.
Фахриддин Рўзиев тайёрлади
Манба:Penalti.uz

14 тур, Cocacola Суперлига, Жалолиддин Машарипов, симич

27.07.2019, 23:55 291 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш