Еврофутболда йўқолиб қолган «Габигол» яна катта саҳнада

Бразилия диёри ҳар доим скаутлар эътиборининг қоқ марказида туради. Чунки, «афсунгарлар ўлкаси» дунё футболининг ҳар бир нуқтасини энг сифатли маҳсулотлар билан таъминлайдиган фабрикадир. Футбол оламида ушбу диёр фарзандлари ўзгача эҳтиромга сазовордирлар.
2015 йил охирида «Кўҳна қитъа» грандларининг нигоҳи яна бир бор океанортига қаратилди. «Сантос»нинг 19 ёшли ҳужумчиси Габриел Барбоза ва «Палмейрас»нинг 18 ёшли футболчиси Габриел Жесус скаутлар оромини биргаликда ўғирлашди. Мазкур гўшадан анчадан бери соф бразилча ўйин кўрсатадиган марказий ҳужумчи етишиб чиқмаётган бир паллада мутахассислар «Пентакампион»лар учун Габриеллар эраси бошланаётгани ҳақида бонг уришди.
2016 йилда уларнинг ҳар иккиси Европа томон отланди. 32 миллион евро эвазига «Манчестер сити» футболчисига айланган Жезус ўзига билдирилган ишончни оқлай олди. Асосий таркиб учун мунтазам равишда Агуэро билан рақобат олиб бориши эвазига ўсишга эришди ва терма жамоанинг асосий ҳужумчисига айланди.
2013 йилда Неймар «Барселона» футболчисига айлангач, «Сантос» раҳбарияти ўз олдига янги Неймар кашф этиш мақсадини қўйди. Клубнинг 17 ёшли тарбияланувчиси Габриел Барбоза Алмейда асосий таркибга сафарбар этилди. Бир неча йил ичида футбол оммасига «Габигол» лақаби билан танилган футболчи олимпия ва миллий жамоанинг асосий ҳужумчиси сифатида олимпиада ўйинлари ҳамда Америка кубоги баҳсларида қатнашди. Барбоза учун баҳсга «Реал»-у «Барса» ҳам қўшилди. Аммо клуб талаб қилган 30 миллион еврони «Интер» раҳбарияти тўлаб берди ва бўлажак юлдуз билан истиқболли шартнома тузди. Миланликлар футболчи тимсолида янги Роналдо Луис Назариуни кўришганди.
Ваҳоланки, ҳаммаси бошқача тус олди. Европа ҳавоси Барбозага ёмон таъсир қилди. Қарабсизки, «янги Неймар» 2 йил  мобайнида 10 учрашувда майдонга тушгани ҳолда рақиблар дарвозасини 1 бор ишғол этди. Алалоқибат, «Интер» уни еврофутболдан узоқлаштирди. 2018 йилни «Сантос»да ижара асосида ўтказган футболчи Бразилия чемпионатининг энг яхши тўпурарига айланди(18 гол). Жорий йилги мусобақада «Фламенго» либосида майдонга тушаётган ҳужумчи 8 учрашувда майдонга тушуиб, 7 гол муаллифига айланишга улгурди. Ортда қолган 10 турдан сўнг мусобоқа тўпурари бўлиб турибди. Ватанига қайтиб нималарга қодирлигини исботлаётган футболчи катта эҳтимол билан келаси мавсумни Европада бошлайди.  Биз эса «Габигол»дан дахшатли «ремонтада» кутиб қоламиз. 
Фахриддин Рўзиев тайёрлади
манба:penalti.uz

"Inter", "Manchester Siti", Barboza, braziliya., Gabriel Jesus, Santos

21.07.2019, 16:33 583 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш