Илҳом Шарипов: "Футболчилардан ҳеч қандай қарзимиз йўқ"

"Динамо"нинг иккинчи давра учун режалари тайёр
 
Суперлигага қўшимча имтиёз сифатида қайтарилган Самарқанднинг «Динамо» жамоасини аксарият мухлис ва мутахассислар аутсайдер сифатида тилга олишганди. Чунки жамоа таркиби ҳам ўртамиёна кўринишда эди. Лекин бош мураббий Даврон Файзиев бошчилигидаги жамоа биринчи даврада «чақилмас ёнғоқ»қа айлана олишди. Натижада улар биринчи даврани 7-ўринда тугатишди. Энди ҳамма «Динамо»га ҳурмат ва муносиб рақиб сифатида қарай бошладилар. Бу жамоа мавсумнинг дастлабки қисмида кўплаб сюрпризларни тақдим эта олди дейиш мумкин. Жамоа бош менежери Илҳом Шарипов Даврон Файзиев билан бирга тўғри йўналишда меҳнат қилишаётгани туфайли ҳам бугунги кунга келиб самарқандликларда курашувчан ва меҳнаткаш жамоа гавдаланди. Лекин ҳали олдинда иккинчи давра баҳслари ҳам борлигини унутмаслик керак. Табиийки, маҳаллий мухлислар иккинчи даврада ҳам «Динамо»дан ғалабаларни кутишмоқда. Бош менежер Илҳом Шарипов билан мулоқотимизда эса иккинчи давра учун тайёргарлик режалари, таркибдаги ўзгаришлар ва яна бошқа масалалар хусусида фикр алмашдик.  
- Иккинчи давра учун тайёргарликни 12 июлдан бошлаймиз, - деб гап бошлади, Шарипов. - Бир ҳафта давомида Чимёнда шуғулланамиз. 19 июлдан эса машғулотларимизни Тошкентда давом эттирамиз ва 27 июлга қадар йиғинлар ўтказамиз. Ҳозирча битта назорат учрашуви ўтказиш бўйича келишувга эришганмиз. Унга кўра 20 июль куни «Навбаҳор»га қарши майдонга тушамиз.
- Фақат битта назорат учрашуви ташкил этиладими?
- Биз футболчиларга беш кунлик дам берганмиз. Илгари эса ўйинчилар биринчи даврадан кейин 15 кунча ҳордиқ чиқаришарди. Бу йил эса ҳаммаси бошқача. Лекин ҳамма бир хил вазиятда. Биз тоғдан тушибоқ битта ўйин ўтказсак, кейин 27 июлда иккинчи давранинг илк турида «Бунёдкор»га қарши расмий учрашувда майдонга тушамиз. Балки 20 июль куни иккита ўйин ўтказишимиз ҳам мумкин.  
- Эшитишимизча, «Динамо»ни бир қатор футболчилар тарк этган. Шулар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз?
- Воҳид Шодиев, Максимилиан Фомин, Аваз Агалиев ва Отабек Нарзуллаевга жавоб бердик. Уларга миннатдорчилик билдирамиз. Лекин ҳали ўзимиз жамоамизга ҳеч кимни таклиф қилганимиз йўқ. Билмадик, кимни таклиф қилар эканмиз? Ҳозирча Даврон Файзиев ҳам клубга кимни чақириш ҳақида ўйлаб ўтирибди. Агарда ҳомийларимиз пул ажратишса, хориждан легионер таклиф қилиш режамиз бор. Агар вазият бўлмаса, иккинчи даврани яна ҳозирги таркибимиз билан давом эттирамиз.
- Клубни тарк этган ўйинчилар ишончни оқлай олишмадими?
- Йўқ, ундай эмас. Шунчаки, бош мураббий шундай қарор қабул қилди.
- Улардан ташқари бошқа ўйинчилар ҳам жамоани тарк этишмайдими?
- Ўйлайманки, йўқ. Ҳаммани қўйиб юборсак, кейин эртага кимлар билан ўйнаймиз. Футболчи топиш осон эмас. Бирор-бир клубга қўнғироқ қилиб, палончи футболчини бер деб сўрасангиз ҳеч ким бермайди. Фақат ёшларни олиб тарбиялаш керак холос. Тўғри, бизда шароит ва имкониятлар катта эмас. Лекин вилоят ҳокимига раҳмат айтишимиз керак. Жамоа аъзоларидан умуман қарзимиз йўқ. Ойлик маошлари ва мукофот пулларининг ҳаммасини вақтида тўлаб боряпмиз. Яқинда стадионимизга янги ёритгичлар келтирилди. Энди бемалол кечки пайтда ҳам ўйнай оламиз. Бунгача эса бизда ёритгичлар билан боғлиқ муаммолар бор эди. Энди ёритгичларнинг қуввати 1500 люксга етади.  
- «Динамо» биринчи даврани яхши ўтказди ва 7-ўринда тугатди. Ҳарқалай, кўпчилик жамоадан бундай натижани кутмаганди…
- Йил бошида вилоят ҳокими билан гаплашганимизда 10-ўрин вазифа қилиб қўйилганди. Ҳозирча эса 7-ўриндамиз. Демак, натижа чакки эмас. Албатта, бундан-да, юқорироқ ўринларни олишни хоҳлардик. Бироқ вазиятга реал қараш керак, таркибда кимлар ўйнаётганига эътибор бериш лозим. Хабарингиз бор, аслида биз бу таркиб билан про-лига учун тайёргарлик кўргандик. Аммо шунга қарамай, футболчилар ўз кучларига ишониб ўйнашяпти. Бунинг учун уларга раҳмат айтишимиз керак. Аммо иккинчи давра биз учун янада қийин бўлади деб ўйлаяпман. Нима учун? Чунки сафарда 8 та, ўз майдонимизда эса 5 та ўйнаймиз. Аслини олганда, биринчи давранинг охирида «Бунёдкор» билан ўйин Тошкентда ўтиши керак эди. Лекин кейинчалик «Бунёдкор» хат билан чиқиб, уларга қарши ўйинни Самарқандда ўтказдик.
- Таркибни кучайтириш жуда ҳам зарурми, нима деб ўйлайсиз?
- Селекция ишлари бир дақиқага бўлса ҳам тўхтаб қолмайди. Ҳар қандай мураббий ҳар бир позициясида иккитадан ўйинчи бўлишини истайди. Масалан, Отабек Нарзуллаев жароҳат олиб деярли ўйнагани йўқ. Шунинг учун имкон қадар 22-24 нафар бир хил даражадаги футболчилар бўлиши керак. Кимдир қизил карточка олади, сариқ карточкалари кўпайиб кетиши мумкин ёки жароҳатга учраши мумкин. Шу боис иложи борича ўйинчилар борасида кенг танлов бўлиши лозим. Албатта, биз имкони қадар четдан ўйинчи олиб келишга ҳаракат қиламиз. Агар бу иш ўхшамаса, у ҳолда ўзимизнинг иқтидорли ўйинчиларни излаб топишга ҳаракат қиламиз. Масалан, «Бунёдкор», «Насаф», «Пахтакор»дан ижарага футболчилар олишимиз мумкин.
- Иккинчи даврага тайёргарлик жараёнидаги асосий эътибор нимага қаратилади?
- Биз нимага тоққа чиқяпмиз? Бундан кўзланган мақсад ўйинчиларимизнинг жисмоний ҳолатини яхшилашдан иборат. Жисмоний кучга кўп нарса боғлиқ. Агар футболчининг сифати паст бўлса, буни жисмоний тайёргарлик билан ёпса бўлади. Муҳими, йигитларимиз қўлларидан келганича ҳаракат қилишяпти.
 

12.07.2019, 00:02 32 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш