«Лов этиб ёниб, пуфф этиб ўчган немис»лар ҳозир қаерда

Замонамизда рақобат йўқ бўлган соҳани «кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмаймиз». Ҳаётнинг ўзи шуни талаб этмоқда. Ўз устингизда ишлашдан тўхтасангиз, ўрнингизни йўқотиб бораверасиз. Баҳоналар эса инобатга олинмайди. Айниқса, спортда шунақа. Спорт ҳам ҳаёт каби шавқатсиздир. Ярқ этиб порлаган, аммо тезда сўнган «юлдузчалар» ўзимизда ҳам бисёр. Темур Ҳакимов, Давлатбек Ёрбеков-у Аббос Махситалиевлардан нималарни кутмагандик?! Ҳозир ўзини оқламаган умидларимиз ҳақида гапириб кўнглингизни хира қилиш ниятида эмасмиз. Немис футболида ҳам ўзидан кутилган даражага эришолмаганлар талайгина. Шулардан баъзиларига қисқача тўхталиб ўтамиз.
Ҳолгер Бадштубер.
Мюнхен суперклуби тарбияланувчиси 1989 йилда таваллуд топган. 2009 йилдан бошлаб асосий жамоа таркибида ўйнай бошлади. У немис футболида етишиб чиқаётган «дахшатли» марказий ҳимоячилардан бири бўлиши кутилганди. Аммо амалда барчаси бошқача бўлди. Ҳолгернинг ёрқин келажаги жароҳатлар исканжасида сўнди. Ҳимоячи ўзининг «Бавария»да ўтказган сўнгги 4 мавсумида 28 марта майдонга тушди, холос. Бугунги кунда эса «Штуттгарт» клубига тегишлидир. Якунига етган мавсумда Бадштуберга барча мусобақаларда жами 9 бор майдонга тушиш насиб қилди.
Марко Марин.
Ҳолгернинг тенгдоши ҳисобланадиган Марко Босния ва Герцоговинада туғилган. 2 ёшлигида оиласи Германияга кўчиб ўтган футболчи 18 ёшида Мюнхенгладбахнинг «Боруссия»си таркибидаги асосий футболчиларидан бирига айланиб улгурганди. «Бундестим»нинг барча ёш тоифаларидаги жамоалари шарафини ҳимоя қилган футболчи 2009 йилда «Вердер» клубига кўчиб ўтди. Ярим ҳимоячи мазкур клубдаги 3 йиллик фаолияти билан билан «аристократлар» назарига тушди. «Челси» билан шартнома имзолаган футболчининг кейинг фаолияти фақат регреслардан иборат бўлди. Дастлаб, «Севилия», «Фиорентина», «Андерлехт», «Трабзонспор» жамоаларида ижарада ўйнади. 2016 йилда «Олимпиакос» билан шартнома имзолаган футболчи греклар сафида икки йил ҳаракатланди. Бугунги кунда эса Сербия чемпионати вакили «Црвена Звезда» клуби шарафини ҳимоя қилиш билан оввора.
Диего Контенто.
1990 йил Мюнхенда туғилган Диего Армандо Контенто ҳам «Бавария» тарбияланувчиси ҳисобланади. 19 ёшида асосий жамоа сафига қўшилаётган паллада ундан умидлар катта эди. Аммо ҳимоячи ўзидан кутилган ўйинни намойиш қилиб беролмади. 2014 йилга қадар жамоада ўйнаб ўз ўрнини тополмагач, «Бордо» сафига қўшилди ва 4 авсум ўтказди. Бугунги кунда Дюсселдорфнинг «Фортуна» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда.
Кевин Гросскройц.
Кевин Юрген Клоп даврида «Боруссия»даги асосий фигуралардан бирига айланганди. Ҳаммаси зўр кетаётганди. 2011, 2012-йиилги чемпионликлар, 2013 йил чемпионлар лигаси финали, Лёвнинг назарига тушиши ва жаҳон чемпионига айланиши. Аммо 2015 йилдан бошлаб турли хилдаги жароҳатларга дучор бўла бошлади.Натижада, «Боруссия» даражасидан пастга шўнғий бошлади. 2016 йил «Штуттгарт» билан икки йиллик шртнома имзолади. Талабалар оқшомидаги жанжал оқибатида жароҳатланган футболчини «Штуттгарт» раҳбарлари ҳам жамоада кўришни хоҳламади. Бир мавсум «Дармштад» шарафини ҳимоя қилган Кевин бугунги кунда 3-дивизионда ҳаракатланадиган «Юрдинген» аъзоси ҳисобланади. Ваҳоланки, 30 ёшли футболчи бир неча йил аввал «Боруссия» таркибда ЕЧЛ финалида ўйнаганди.
Аслида, юқорида номлари тилга олинган футболчиларнинг барчаси бугун немис футболининг етакчиларидан бўлиши мумкин эди. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттирса бўлади: Мариё Гётзе, Максимилян Майер, Пьер Мишел Ласогга, Андре Шюрле, Кристоф Краммер…
Юқоридаги номлар нотўғри танлов, жароҳатлар  ва омадсизликлар натижасида кутилган марраларга етиб кела олмадилар. Таассуфки, энди уларни бундан ҳам кўпроғига қодир эди, деб эслашга мажбурмиз.
                                                                                          Фахриддин Рўзиев тайёрлади
                                                                                           манба:penalti.uz

"Bavariya", "Borussiya Dortmund", Germaniya, Germaniya chempionati, marin

08.07.2019, 22:27 854 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш