Терма жамоа рекордчилари: Европа

Футбол ҳақида гап кетар экан, доим Миллий терма жамоалар мавзулар ичида энг муҳими саналади, ҳисобланади.
Мазкур спорт турини ўзига касб қилган ҳар қандай инсон мамлакат бош жамоасида ишлаш, она юрт шарафини ҳимоя қилишни хоҳлайди, орзу қилади. Бундай бахтга эса ҳамма ҳам сазовор бўлавермайди. Ҳозир ушбу бахтга эришганлар орасидан энг яхшилари, миллий жамоалари сафида энг юқори кўрсаткичларни қайд этган футболчилар ҳақида тўхталиб ўтамиз. Дасткаб, жаҳон футболининг юраги, маркази ҳисобланадиган «Кўҳна қитъа» вакиллари ҳақида навбати билан сўз юритамиз.
Франция. «Учранглилар» 2 мартадан жаҳон(1998, 2018) ва Европа чемпиони(1984, 2000) ҳамда конфедерациялар кубоги(2001, 2003) ғолиблигини қўлга киритишган. Терма жамоа сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчи Лилиан Тьюрам ҳисобланади, унинг ҳисобида 1994/2008 йилларда ўтказилган 142 ўйин бор. Терри Анри эса «кўклар» тарихидаги энг яхши бомбардир ҳисобланади, унинг ҳисобида 1997/2010 йилларда ўтказилган 123 матчда урилган 51 та гол бор. Ундан кейинг ўринларни Мишел Платини, Оливье Жиру, Давид Трезеге, Зинедин Зиданлар банд қилиб турибди. «France Football» нашри ўтказган сўровномада Мишел Платини ХХ асрнинг энг яхши франциялик футболчиси деб топилган. Мишел Идалго терма жамоани энг узоқ бошқарган мураббий ҳисобланади(1976/1984 йиллар). Аммо, 2012 йилда тайинланган Диде Дешам катта эҳтимол билан бу кўрсаткични янгилайди. «Олтин тўп» ғолиблиги французлардан Раймон Копа, Мишел Платини(3 марта), Жан-Пьер Папен, Зинедин Зиданларгагина насиб этган.
Португалия.”Европа Бразилияси” 2016 йилги қитъа чемпионлиги ва 2019 йилги Миллатлар лигаси ғолиби ҳисобланади. Бу жамоа сафидаги аксар рекордларни бир киши ўрнатади. Ўша машҳур фильмдагидек ҳар қандай чақириққа «мен», деб жавоб берадиган Роналду терма жамоа сафида энг кўп ўйин ўтказган(159та, кейинги поғонада Луиш Фиго 127та) ва ҳаммадан кўп гол киритган (91та). Ундан пастки поғонадаги Педру Паулета ҳисобида эса 47 гол бор. «Олтин тўп» эса португаллардан Эйсебио(асли Португалия мустамлакаси ҳисобланган Мозамбикдан), Фиго ва Роналду(5 марта)ларга насиб этган.
Туркия. Қардошларимиз бир мартадан жаҳон кубоги(2002), Европа чемпионати(2008) ва конфедерациялар кубогида бронза медалга сазовор бўлишган. «Ой юлдузлари» сафида энг кўп ўйин ўтказиш бахти Рушту Режберга насиб этган(1994/2012 йилларда 120 баҳс). Ундан 8 та кам ўйин ўтказган Ҳоқон Шукур эса терма жамоа тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади, у 1992/2007 йиллар мобайнида 51 бор гол уришга муваффақ бўлган. Таъкидлаш лозимки, мундиаллар тарихидаги энг тезкор гол муаллифи, футболчи сифатида миллат қаҳрамони даражасига чиқишга улгурган Ҳоқон Шукур кейинчалик сиёсат билан шуғулланишни бошлади ва давлат тўнтариши, террорчи гуруҳларга алоқадорликда айбланиб сиёсий таъқибга учради. 2004 йилда эълон қилинган ФИФА 100лик рўйҳатида( Пеле таснифига кўра ) турклардан Рушту Режбер ва Эмре Белозоглулар ҳам жой олишганди. Дарвоқе,  ҳозир жамоа устози ролида яна Шенол Гюнеш кўриниш бермоқда. Шундай экан, 2020 йилги қитъа биринчлигида турклар яна мўъжизалар кўрса тишини кутиб қоламиз.
Италия. «Скуадра Адзурра» 4 карра жаҳон ва 1 марта қитъа чемпиони ҳисобланади. Жамоа сафида Жанлуижи Буффон энг кўп майдонга тушган. «Мовий гвардия» тўпурари эса Луиджи Рива ҳисобланади(35). «Олтин тўп»га лойиқ кўрилган итальянлар қуйидагилардир: Омар Сивори, Жанни Ривера, Паоло Росси, Роберто Баджо, Фабио Канаварро.
Германия. «Бундестим» 4 бор жаҳон чемпионати(1954, 1974, 1990, 2014), 3 бор Европа чемпионати(1972, 1980, 1996) ва бир марта конфедерациялар кубоги соҳиби(2017) ҳисобланади. «Немис машинаси» сафида энг кўп ўйинни 1980/2000 йилларда Лотар Маттеус ўтказган. Энг қизиғи шундаки, Маттеусдан кейинг икки ўринни Полшада таваллуд топган поляклар эгаллаб турибди( Мираслав Клозе 137, Лускаш Падолски 130). «Бундестим» тарихидаги энг яхши тўпурар ҳам поляк Клозедир, унинг ҳисобида 71 гол мавжуд. Шунингдек, у мундиаллар сафидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади(16 гол). Кўпчилик немислар тарихида энг кўп мураббийлик қилган инсон 2006 йилда тайинланган Ёахим Лёв деб ўйлайди. Аслида эса Лёв етакчи билан ҳали-бери баҳслашолмайди. Чунки, Зепп Хербергер 1936/1964 йиллар мобайнида жами 28 йил миллий жамоани бошқарган. Лёв эса ҳозирча бу натижанинг ярмига ҳам етиб улгургани йўқ. Немислардан Герд Мюллер, Франц Беккенбауэр(2 марта), Карл-Хайнц Румменигге ва Матиас Заммерлар «Олтин тўп»га муносиб деб топилганлар.
 
Россия. Руслар жаҳонда сиёсатида гегемонлик учун курашиши мумкин, аммо футболда эмас. 2008 йилги Европа чемпионати ярим финали ҳозирча рус футболи эришган кульминацион нуқта бўлиб турибди. Терма жамоа сафида 126 баҳсда майдонга тушган Сергей Игнашевич бу борада рекордчи ҳисобланади. Энг кўп гол муаллифи эса Александр Кержаковдир, унинг ҳисобида 30 та гол бор.
 
Англия. Бошқаларга футбол ўйнашни ўргатган инглизлар тарихда фақат бир марта мундиални ютди(1966), холос. Терма жамоада майдонга тушиш борасида юзлик довонни қуйидагилар ошган: Питер Шилтон(125), Уэйн Руни(120), Давид Бекхем(115), Стивен Жерард(114), Боби Мур(108), Эшли Коул(107), Бобби Чарлтон(106), Френк Лемпард(106) ва Билли Райт(106). Энг яхши голеадор эса Руни ҳидобланади, унинг ҳисобида 53 гол бор. Инглизлардан Стенли Метюз, Бобби Чарлтон, Кевин Киган(2 марта) ва Майкл Овенлар «Олтин тўп»ни қўлга киритишган.
 
Хорватия. Охирги мундиалда хорватлар ўз тарихидаги энг яхши натижани қўлга киритди. Жамоа сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчи Дарио Срна ҳисобланеади,  унинг ҳисобида 134 та учрашув бор. Терма жамоа тўпурари эса Давор Шукер(45гол). Иккинчи ўриндаги Манжукичда 33 гол бор. «Олтин тўп»нинг амалдаги ғолиби Лука Модрич ушбу натижага эришган биринчи хорват бўди.
 
Голландия. Голландлар бир марта қитъа чемпиони бўлишган. Терма жамоада эн кўп ўйинни Уэсли Снейдер ўтказган(134). Ҳақиқий ГОЛланд эса ван Перси(50 та гол). «Олтин тўп» голландлардан Гуллит бир марта, ван Бастен ва Кройф 3 мартадан ютишган.
Испания. «Фурия Роха» бир марта жаҳон чемпиони(2010), уч бор Европа чемпиони(1964, 2008, 2012) бўлишган. Испан футболи тарихидаги энг кучли авлод ўйинларини кузатганмиз, деб бемалол мақтана оламиз. Зеро, 4 йил ичида уч бор энг йирик турнирларда зафар қучиш  кўпларнинг хаёлига ҳам келмайди. Келажакда «Қизил фурия» тарихидаги энг кучли футболчилар сифатида шу авлод вакиллари эсланишади. Терма жамоада энг кўп ўйин ўтказган футболчилар - Икер Касиляс ва Серхио Рамос. Икер ҳисобида 167 ўйин бор, Рамосда ундан иккита кам. Улардан кейинг поғонани  Хави ва Инеста эгаллаб турибди. Энг яхши тўпурарлар рўйхати: Давид Виля(59), Раул(44), Торрес(38). Испанлардан «Олтин тўп»га Алфрредо ди Стефано(2марта, асли аргентиналик бўлиб, кейинчалик испан фуқоролигини олган) ва Луис Суарезлар(1960) лойиқ кўрилган. 2008/2012 йилларда Испан футболи дунёни ларзага  солган бўлса-да ҳеч бир Испан футболчиси энг яхши деган номга муносиб топилмади.
Фахриддин Рўзиев
  Манба:    Penalti.uz 
 

04.07.2019, 12:55 251 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш