Қаердасан, эй Мариано?

Ёзда «Реал Мадрид»га қайтган Мариано Диас ҳамон мадридликлар асосий таркибида ўз ўрнини топа олмай келмоқда. «Лион» билан ажойиб мавсумни ўтказган асли доминиканлик футболчи қийин вазиятга тушиб қолган.

«Реал»да захирада ўтиришми ёки «Лион»да сўзсиз асосий футболчи бўлиш яхши? Бу саволга Мариано Диас жавоб берса яхши бўларди. Француз жамоаси билан 46 ўйинда 21 гол урган ҳужумчи шу йил ёзида қадрдон жамоасига қайтишни маъқул топди. «Қироллик клуби» эса уни 21.5 миллион еврога қайта сотиб олди. Бироқ камбэк кўзланган натижани ҳозирча бермаяпти.

Мариано вазиятдан чиқа олмаяпти

Очиғини айтганда ҳужумчи Испания пойтахтида ўзини кўрсата олмаяпти. «Қизил Фурия» билан Россияда бўлиб ўтган Мундиалдан олдин қатнашиш имкониятлари юқори бўлган бўлса, айни вақтда бундай деб бўлмайди. Мадридликлар сафидаги қониқарсиз кўрсаткичлари сабаб у терма жамоадан чақирув олмай қўйган. «Реал»га қайтганидан бери 9 ўйинда атиги битта гол урган футболчи бор-йўғи бир марта асосий таркибда майдонга тушган. Ачинарли ҳолат, албатта.

Янада ҳавотирли жиҳат шуки, у аввал Хулен Лопетеги, кейин Сантьяго Солари қўли остида ўйин амалиётига кам эга бўлмоқда. «Леванте»га қарши (1-2) мағлубиятдан кейин у барча мусобақаларда атиги 267 дақиқа ўйнаган, холос. Бу «Лион» билан 3286 дақиқа ўтказган футболчи учун жудаям паст кўрсаткич ҳисобланади.

Мариано ва «Реал» бир-бирига ишониб хато қилдими?

Мариано «Реал»га қайтиб катта хато қилдими? Айни вақтда буни тасдиқлаш жуда қийин. Аммо футболчи учун бундан кейинги вазият янада қийин кечиши аниқ. Боиси янги тайинланган бош мураббий асосий ҳужумчи ролида Карим Бенземани кўраётганини бир неча марта такрорлади. Франциялик ҳужумчи Роналду кетгач, янги мавсумда анча жонланган. У ҳозиргача 10 гол ва 4 голли узатмани амалга оширишга муваффақ бўлган. Криштиану Роналду йўқлигида бундай натижага эришиш таҳсинга сазовор.

«Ювентус»да икки мавсум ўзини кўрсатиб кейин «Реал»га қайтганидан кейин йўқолиб қолган Алваро Мората каби Мариано ўз келажагига ойдинлик киритиб олиши керак. «Реал» ҳам. Моратанинг кўрсатган ўртамиёна натижаларидан сўнг уни «Челси»га нақ 80 миллион еврога сотиб юборилишини Марианода ҳам такрорлаш жуда қийин. Боз устига «Лион»нинг собиқ вакили юқори спорт формасида ҳам эмас. 25 ёшли футболчига бундан буёғига вақт ҳам босим уюштириб боради.

Мариано Диаснинг «Реал»га қайтишини хато деб баҳолайсизми? Изоҳларда ўз фикрларингизни қолдиришингиз мумкин.

Манба: www.penalti.uz

"Реал Мадрид”, Лион, Мариано Диас

06.12.2018, 15:30:47 252 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш