Лука Модрич қандай қилиб дунёнинг энг яхши ярим ҳимоячисига айланди?

Дунёнинг турли бурчагидаги журналистлар Лука Модрични 2018-йил якунлари бўйича энг зўри деб топишди ва хорватиялик футболчи «Олтин тўп»нинг янги соҳибига айланди. У бу курашда Криштиану Роналду, Антуан Гризманн, Килиан Мбаппе ва Лионель Мессиларни ортда қолдирган ҳолда эришди.

Умуман бу йил «Реал» ярим ҳимоячиси учун сермаҳсул кечди. Тўртинчи марта Чемпионлар Лигаси бош совринини қўлга киритди ва Хорватия билан Мундиал финалигача етиб борди.

Аммо «Тоттенхэм»да қийинчиликка учраган Модрич қандай қилиб дунёнинг энг яхши футболчисига айланди? Қуйида Месси – Роналду эрасини якунлаб берган «Олтин тўп»нинг янги соҳиби фаолиятидаги муҳим жабҳаларни таҳлил қиламиз.

«Тоттенхэм»даги қийин старт

Модрич «тақачилар» сафига қулай пайтда қўшилди. 2008-йил ёзида «Динамо Загреб» билан ёрқин ўйинларидан кейин Лондонга кўчиб ўтди. Ўша йили ёзда инглиз жамоасини Робби Кин ва Димитар Бербатовлар тарк этишди ва мос равишда «Ливерпуль» ва «Манчестер Юнайтед»га йўл олишди.

Октябрь ойи ўрталарида «Тоттенхэм» Премьер Лигадаги олтинчи мағлубиятини «Сток Сити»дан қабул қилиб олди. Ўша вақтда 23 ёшда бўлган Модрич қийинчиликларга учраётганди ва клуб бош мураббийи Хуанде Рамос томонидан тазйиққа олинди. Кейинги учрашувда, УЕА Кубоги доирасида «Удинезе»га қарши баҳсни захирада бошлади.

Клуб Италияда 2-0 ҳисобида мағлуб бўлди ва Рамос истеъфога чиқарилди. Модрич Охаранинг қизил карточкасидан кейин майдонга туширилди ва ярим ҳимояда ёлғизланиб қолди.

«Мен боримни бердим, аммо ярим ҳимояда бир ўзим қолиб кетдим» – деганди Модрич ўйиндан кейин берган интервьюсида. «Мен бундан ортиғини қилолмайман. Ўйинни захирадан бошлаганимдан жаҳлим чиқди, бироқ бу мураббийнинг қарори.»

Реднаппнинг роли

Харри Реднапп Модричга бир қанча қизиқарли инструкцияларни берди. Ёш йигит «Тоттенхэм»да мураббийнинг тўғри кўрсатмасига муҳтож эди. Кимдир унинг елкасига қўлини қўйиб инглиз футболига мослашишида ёрдам бериши керак эди.

Харри Реднапп Модрич фаолиятида туб бурилиш ясаган мураббий бўлмасада, айнан у Модричга керак бўлган ёрдамни берди. «Портсмут»нинг собиқ мураббийи «тақачилар»нинг ўйинини айнан хорватиялик футболчи атрофида қурди.

«Позициямдаги ўзгариш фаолиятимда кўп ёрдам берди. Мен ҳужумкор ўйин кўрсатишга одатландим. Ортга қайтганимда ўйинни янада яхшироқ ўқишга ўргандим ва бу яратувчанлигимни кўрсатишга йўл очди. Реднапп бу ўзгаришни амалга оширди» – деди «Реал» юлдузи Standard Sport га берган интервьюсида.

Ўз устида тинмай ишлаган Модрич секин аста «Тоттенхэм»нинг муҳим футболчисига айланиб борди.

«Энг ёмон трансфер»

«Реал»даги илк мавсумидан кейин Marca томонидан Модрич «Ла Лиганинг энг ёмон трансфери» деб топилди.

«Тоттенхэм»да бўлгани каби Модрич янги чемпионатга тезда мослашиб кета олмади. Аммо иккинчи мавсумидан бошлаб барчанинг унга бўлган фикрини ўзгартириб боришга эриша олди.

Чемпионлар Лигаси нимчорак финалида «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинда захирадан тушган Модрич жамоаси фойдасига ҳисобни тенглаштирди ва ғалабага катта ҳиссасини қўшди.

Унинг ўйини яхшиланиб борди ва мадридликлар ярим ҳимоясининг асосий қуролига айланиб олди. Унинг Тони Кроос билан қурган ҳамкорлиги анча самара берди. Модрич 2013/14-йилги мавсумда «қироллик клуби»га Чемпионлар Лигаси ва Қирол Кубогида ёрдам берди. Аммо бу ҳали бошланиши эди.

Чемпионлар Лигасидаги ҳукмронлик

Модричнинг Чемпионлар Лигасидаги сўнгги зафарларига қўшган ҳиссаси Роналдудан туфайли иккинчи планга тушиб қолганди. Зинедин Зидан қўли остида қаторасига уч марта эришилган Чемпионлар Лигаси совринида ярим ҳимоядаги барқарорликни хорватиялик ярим ҳимоячи сақлаб берди.

Босим остида тўпни ушлаб туриш бўйича ундан зўри йўқ. Юқори босим остида ўтадиган финалларда 33 ёшли футболчи рақибдан тўпни муҳофаза қилиш ва имкон туғилганида ҳужумларни бошлаш бўйича беназир ҳисобланади.

Мундиалдаги омадсизлик унга тўғаноқ эмас

Дунёнинг энг яхши ярим ҳимоячисини Жаҳон Чемпионатида ғолиб сифатида кўришни кўпчилик истаганди. Модрич Россияда бўлиб ўтган Мундиалда бунга жуда-жуда яқин келди. Аммо Франция терма жамоаси унинг бу орзуларини пучга чиқарди.

Модрич термаси сафида 118 ўйин ўтказган. Бундай катта тажриба ёшлардан иборат Англияга қарши ярим финал учрашувида жуда асқотди. Хорватиялик футболчи тезкор инглиз футболчиларига тўпни бермади.

Бу унга аламли мағлубият бўлди, аммо кейинчалик унга совринлар оқиб келишини тўхтатмади. Модрич Жаҳон Чемпионатининг «Олтин тўпи»ни қўлга киритди. Fifa Awards талқинига кўра, эркаклар орасида энг яхши футболчи деб топилди. Uefa талқинига кўра, «Йилнинг энг яхши футболчиси» бўлди. Охиргиси эса Месси – Роналду эрасини тугатган «Олтин тўп» бўлди.

Эҳтимол у энди Жаҳон Чемпионатига қайта чиқа олмас, аммо «Олтин тўп» соврини уни буюк футболчилар қаторига киритиши муқаррар.

Сардор Абдуғаниев тайёрлади

"Олтин тўп-2018", "Реал Мадрид”, Модрич

05.12.2018, 14:22:57 147 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш