«Ливерпуль» Коутиньога ниҳоят ўринбосар топдими?

Хердан Шакирининг «Кардифф»га урган голи «Ливерпуль»даги фаолиятида эсда қоларли бўлди. У Премьер Лига доирасида «қизиллар» учун биринчи бор гол ургани учун эмас. Гап бошқа жойда.

У ўз йўлида ҳимоячи Шон Моррисонни Коутиньоча услубда доғда қолдиргани эътиборга молик. Афтидан Шакирини биринчи марта Филиппе Коутиньога муносиб ўринбосар сифатида кўра бошлашди.

Бразилиялик «афсунгар» шу йил январида «Энфильд»ни тарк этганидан кейин «Ливерпуль» унинг ўринбосарини танлаш учун майгача кутишига тўғри келганди. Клуб бор эътиборини Набиль Фекирни олиб келишга қаратди. Шакири уларнинг рўйхатида асосийси эмасди. Швейцариялик футболчи режадан ташқари амалга оширилди. Бунгаям унинг трансфер баҳоси ўртамиёна нархда – 13.5 миллион фунт эканлиги сабаб бўлди. Аммо унинг кўп қиррали футболчи эканлиги асосий таркибда катта фойдаси тегишини билдирар эди.

Аммо «Сток Сити»нинг собиқ вакилини кўп мақташдан кам мақташга ўтилганини унутмаслик керак. Факт шуки у Фекирдек бўла олмайди. Терма жамоаси учун 70 учрашув ўтказган 26 ёшли футболчи Бундеслиганинг икки карра, Чемпионлар Лигасининг бир марта ғолибига айланган. Албатта у буларга «Бавария»да захирада ўтирган ҳолда эга чиққан. Аммо у футбол жамоатчилиги кутганидек вундеркинд бўла олмади.

Хуллас унинг «Ливерпуль» сафига ўтишида кўпблаб факторлар туфайли содир бўлди. Аммо у мавсумолди йиғинда ундаги иқтидор йўқолиб қолмаганини кўрсатди. Айниқса Халқаро Чемпионлар Кубогида «Манчестер Юнайтед»га қарши баҳсда ўзини ижобий тарафдан кўрсатди. Ўша учрашувда ҳам Коутиньоча услубда гол ургани клуб мухлисларида умид учқунларини уйғотди.

Бир вақтлар бразилиялик футболчи ҳам қийин вазиятга тушиб қолган пайтлар бўлган. Аммо Юрген Клопп жамоа билан биргаликда унинг юқори сифатли футболчига айланишига ҳисса қўшди. «Интер»нинг собиқ вакили чап қанотда тўпни эгаллаб марказга қараб бориши ва дарвозани аниқ нишонга олиши «қизиллар»га куч бағишларди. Дортмундликларнинг собиқ мураббийи ҳам ундан шуни талаб қиларди.

Коутиньонинг ўйини ўзгара бошлади. У футболчи сифатида улғайди. Унинг гол уриш кўрсаткичи ортиб борди, сабаби у жарима майдончаси ичида мунтазам равишда пайдо бўлаверди. Football Whispers нашрига кўра, унинг 90 дақиқада гол уриш статистикаси Клопп келганида 0.19 ни ташкил этган бўлса, Ла Лигага кетар чоғида бу 0.38 га етган эди.

Бошқа топ футболчилар каби у буни мунтазам орттириб бормоқда. «Камп Ноу»га келганига олти ой тўлган вақтда унинг рақамлари 90 дақиқада 0.53 гача бориб етди.

Клопп Коутиньони ўз истаган тарзда етиштирди. Бунга «Барса» вакилининг ҳали шаклланмагани ёрдам берганди. Аммо буни Шакирида қўллаб бўлмайди.

Коутиньо сайқалланишга муҳтож жавоҳир эди. Шакири эса айни вақтда ундаги жисмоний куч, тўп билан муомаласи кўзга ташланмоқда. 23-рақам эгасининг кўрсатаётган ўйини ротация вариантини яратиб берса, бошқа томондан немис мураббийига асосий таркибни танлашда бироз бошоғриқ бўлмоқда.

Клопп Англияга келганидан бери 4-3-3 ўйин тизимига ёпишиб олганди. Кейинчалик «қизиллар» ўз услубини бироз ўзгартириб 4-2-3-1 га ўтди. Бу икки кишилик таянч ярим ҳимоясида Фабиньони жойлаштириш зарурати туфайли амалга оширилди. Аммо янги схемада айнан Шакири порламоқда. Кўрамиз унинг жамоага киришиб кетиши қачонгача давом этаркин. Балки ҳозир кўпчиликнинг тилига тушаётган «янги Коутиньо» бўлар.

Эркинжон Ғайбуллаев

29.11.2018, 23:44:59 165 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш