Саррисмода Кантенинг янги роли қандай?

Унинг клуб билан имзолаган янги беш йиллик шартномаси туфайли франциялик ярим ҳимоячи жамоанинг энг кўп маош олувчи футболчисига айланди. Бу 2015-йил ёзида «Лестер»га келиб қўшилганидан бери унинг мақоми тобора ортиб борганидан далолат. У бу муддат ичида икки марта Премьер Лига, бир мартадан Англия Кубоги ва Жаҳон Чемпионатини ютиб олди.

Канте айни вақтда дунёнинг энг ақлли таянч ярим ҳимоячиси бўлиб турибди. Жаҳон чемпиони ўзи ўйнаган ҳар бир мавсумида 100 дан ортиқ рақибдан тўпни олиб қўйган. Гарчи йил сайин унинг бу кўрсаткичлари камайиб борган бўлсада барибир 100 лик довондан кўп. Аммо клуб бошқарувига Маурисио Саррининг келиши ортидан «Лестер»нинг собиқ вакилига ҳужумларга қўшилиш учун рухсат берилди.

Бунинг сабаби эса Сарри билан «Наполи»да бирга ишлаган Жоржиньонинг келишидир. Жоржиньонинг уч кишилик ярим ҳимояда чуқурроқ жойлашиши ортидан «Арсенал»га қарши баҳсда Канте ва Барклилар ҳужумга яқин жойда ўйнашди. У ҳатто Альваро Моратага кўмак бериш мақсадида бир неча зарбалари билан «тўпчилар» посбонини синовдан ўтказди.

27 ёшли футболчи тўпурарлик қобилиятини «Хаддерсфильд»га қарши учрашувда кўрсатиб берди. «Челси»нинг 3-2 ҳисобида тугаган ғалабасида Канте дарвоза томон нақ уч марта зарба йўллади. Унинг ўтган мавсумдаги зарбалари сони 90 дақиқада ўртача 0.75 га тўғри келарди. У камига тўрт марта хавфли вазият яратиб берди. Рақиб жарима майдончаси ташқаридан 5 марта зарба йўллади.

Унинг гол уришга бўлган ҳаракатлари пасайиб кетган бўлсада Канте Премьер Лиганинг ушбу мавсумида 15 марта вазият яратди. Фақатгина Виллиан ва Эден Азар ундан юқори статистикага эга.

Антонио Контенинг ўрнига келган Сарри қўли остида Кантенинг янги вазифаси қандай?

Канте «Наполи»да ўнг қанот марказий ярим ҳимоячиси сифатида ўйнайдиган бразилиялик Алланнинг прототипига айланган.

Жоржиньо эса таянч ярим ҳимоясида тозалаш ишларига масъул бўлганлиги туфайли Канте ва Баркли, ёки яқин келажакда Матео Ковачич, Лофтус-Чикларга ҳужумга қўшилиш имкониятини очиб беради.

Ҳужумкор вазифа юкланганига қарамай Канте барибир ҳужумчи бўла олмайди. Асосий кўзланган мақсад рақибга юқорироқдан турибоқ босим уюштириш ва тўпни рақиб жарима майдончаси яқинидаёқ қайтариб олиб ҳужумчиларни тўп билан таъминлаш ҳисобланади.

«Хаддерсфильд» устидан қозонилган ғалабадан кейин Канте янги амплуасига ҳамон мослашишда давом этаётганини тилга олди.

«Янги мураббий ва янгича услуб туфайли мен бироз ҳужумда ўйнайман. Ҳужумчини қидириш, тажовузкорроқ бўлиш ва рақибга муаммо туғдиришга ҳаракат қиламан.» – деди beIn Sports га берган интервьюсида.

Қўшимча қиларкан, «мен бу ролга мослашишим шарт ва бу позицияда жамоа учун боримни бераман. Умид қиламанки, келажакда кўп ишларни амалга оширамиз.» – деди.

Албатта, Кантенинг таянч ярим ҳимоячиси сифатида роли йўқолиб қолмайди. Жоржиньонинг жароҳат олиб сафдан чиққан пайти мувозанатни сақлаш учун яна таянч ярим ҳимоясига қайтарилади.

Кантенинг «Хаддерсфильд»га урган голи у учун эҳтимол сўнггиси ҳам бўлиб қолиши мумкин. Аммо унинг янги вазифасига бўлган иштиёқи, янги нарсаларни ўрганишга бўлган истаги клубга бемисл ёрдам бериши мумкин.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади


Мақолаларимизни сайтимизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳам ўқиб боришингизмумкин !

27.11.2018, 12:05:52 133 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш