Инфантино жаҳон футболини пулламоқда — ФИФА раҳбари янги можаролар комида

ФИФА президентига бугун яна бир кучли зарба берилди. Бу сафар Германиянинг Suddeutsche Zeitung ва WDR нашрлари у ҳақидаги материалларни оммага ошкор қилди, деб ёзади «Спорт Экспресс».

Жанни ва можаролар

Сўнгги пайтларда швейцариялик Жанни Инфантинонинг исми ғарб оммавий ахборот воситаларида тез-тез тилга олинадиган бўлиб қолди, олинганда ҳам мақтов юзасидан эмас асло. Уни яқинда 2022 йил Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашувчи терма жамоалар сонини ошириш истаги учун кескин танқид қилиб чиқишганди. Икки янги турнир — Жаҳон миллатлар лигаси ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўрнини босувчи 24та жамоадан иборат Суперлига ғоялари учун уни мағзавага булғашди. У бу лойиҳаларнинг молиявий икир-чикирларини ошкор этишдан бош тортганида, ўта ёпиқлиқ ва фитналарда ҳам айбланди.

Football Leaks маълумотлари сиздирилгач, уларга Инфантино УЕФАнинг бош котиби чоғларида дучор бўлган муаммо ва ишлар ҳам қўшилди. Булар Англиянинг «Манчестер Сити», Франциянинг «ПСЖ» клублари томонидан молиявий фэйр-плей ва унга амал қилиш (тўғрироғи, унга амал қилмаслик) каби масалалардир. Гўёки Жанни буларнинг барчасидан хабардор бўлган, лекин ҳар икки клубнинг араб шайхларидан бўлган хўжайинлари билан тил топишиб, уларга керагидан ортиқ ҳуқуқ бериб, жазодан ҳам қутилиб қолиб, кечалари тинчгина ухлаб юрган.

Табиийки, Инфантино айрим айбловларни қулоғининг ёнидан ўтказиб юборган (унинг позициясидан қаралганда тўғри ҳам қилган), бошқаларига эса саводли ёзма жавоб берган.

ФИФА президенти сайловлари

Хўш, нима бўляпти? Мулозим томон бундай тўпга тутишларнинг боиси нима?

Сабаблар бир нечта. Юзада жойлашганларидан бири: сайловлар. ФИФА президенти сайловлари.

2018 йилнинг 10 июнида Халқаро футбол федерациялари иттифоқи белгиланганидек сайловолди жараёни бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда 11 июнь куни барча аъзолар ва конфедерациялар айланма хат билан хабардор қилинди.

13 июнь куни сайловолди даври бошланди. Ҳозир биз шу даврдамиз. 2019 йилнинг 5 февралига келиб, номзодлар бўйича барча талабномалар Цюрихга келиб тушиши керак. 5 май куни ФИФА президенти лавозимига номзод сифатида тасдиқланганларнинг рўйхати ошкор этилади.

Ниҳоят, келгуси йилнинг 5 июнь куни ФИФАнинг Парижда бўлиб ўтадиган 69-конгрессида сайлов ўтказилади.

Инфантинонинг ФИФАда ҳам, футболда ҳам амалга ошираётган ишларидан унчалик хурсанд бўлмаётганлар етарли эканлигини инобатдан соқит қилмаслик керак.

Ҳокимият ва пул учун курашни ҳам ҳеч ким бекор қилганича йўқ. ҲНҲ —  ҳасад, нафс ва ҳокимиятга интилиш. Инсонни ҳалокатга бошловчи ҲНҲ вируси футболда ҳам бор.

Жаҳон футболида қандай пуллар айланаётганини тасаввур қилиб кўриш қийин эмас. Инфантино томонидан илгари сурилаётган 25 миллиарднинг ўзини эслаш кифоя.

Дарвоқе, мулозимнинг атрофида бўлаётган гап-сўзларнинг сабаби шу ҳам бўлиши мумкин. Лойиҳанинг душманлари жуда кўп. Агар Жанни улар келтираётган важларга қулоқ солмаса, улар ОАВда компромат ёки шунга ўхшаш нарса эълон қилиб юборишлари мумкин.

25 миллиард доллар-а?!

Немис ОАВига қайтайлик. Suddeutscher Zeitung ва WDR нашри маълумотига кўра, икки лойиҳани (жаҳон Миллатлар лигаси ва Суперлига) 12 йил ичида ривожлантириш учун ажратилган 25 миллиард доллар эвазига инвесторлар айни дамда ФИФАга тегишли бўлиб турган барча нарсага эга чиқишади. Барча ҳуқуқларга! Рақамли ва архивли, барча фильмларга, видеоматериалларга, компьютер ўйинларига, тижорий бўладими, имижга доир бўладими — ҳар қандай трансляцияга ҳам! Бўлғуси жаҳон чемпионларини ўтказиш ҳуқуқига ҳам!

Агар немисларга ишонадиган бўлсак, Инфантино жаҳон футболини бутунлигича пуллаб юбормоқчи. 25 миллиард доллар эвазига. Кимлиги номаълум бўлган шахсларга.

Швейцарияликнинг ўзи таклифини реклама қилар экан, пуллар фақат янги турнирларни ўтказиш учун ажратилаётганини бир неча бор такрорлаган. Бу ҳолатда потенциал молиячиларнинг номини ошкор қила олмаслигини айтган, бу сирни ошкор этмаслик ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйганини таъкидлаган.

Табиийки, ФИФА президентининг бундай позицияси ФИФА Кенгашининг кўплаб аъзоларига тушунарсиз бўлди. Инфантинога УЕФА қатъий қарши чиқди. Даҳанаки жанглар шу қадар қизидики, муносабатларни узиб, бугунги кунда мавжуд бўлиб турган жаҳон футболидаги бошқарув тузилмаси барбод бўлиши ҳақида гап-сўзлар чиқа бошлади.

Лекин Жанни очиқдан-очиқ курашга киришмади. Ҳозирча тилга олиб ўтилган икки лойиҳани ўрганаётган ишчи гуруҳ тузилган. Бошқа ҳеч нарса.

Инвесторлар борасида эса миш-мишлар бор, холос. Улар бадавлат араблар ва улар билан боғлиқ япон банки эмиш.

Агар ихтиёрига аллақандай махфий ҳужжатлар келиб тушган немис журналистларига ишонсак, ФИФА Кенгаши ўз президенти таклифларига рози бўладиган бўлса, бу «харидорлар» бутун футболнинг молиявий бошқарувини қўлга киритади. ФИФАнинг ўзи эса «тижорий мағз»дан жудо бўлган бўш ташкилотга айланади. Дарвоқе, бу ҳолда ҳуқуқлар янгидан тузилган консорсиум ихтиёрига ўтади ва унга… Инфантино кузатув кенгаши раиси сифатида раҳбарлик қилади.

Журналистлар ихтиёрида ФИФАнинг юқори мартабали икки собиқ юристи — Марко Филлигер ва Йорг Фолльмюллернинг ҳисоботлари бор. Улар 25 миллиард доллар билан боғлиқ барча таҳдид ва камчиликларни пухта ўрганиб чиқишган ва салбий хулоса беришган. Шундан сўнг улар ФИФАдан бўшашган (ёки бўшатилган).

Қизиқ, яқин ойлар мобайнида Инфантино ҳақида яна қандай қизиқарли янгиликлар эшитар эканмиз-а?..

Манба: tribuna.uz

Футбол янгиликларини сайтимизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳам кузатиб боринг!

Инфантино, футбол хабарлари

19.11.2018, 11:11:47 73 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш