Болт икки ҳафта ичида футболчи бўлиш орзусидан воз кечиши мумкин

Енгил атлетика бўйича саккиз карра олимпия чемпиони, сўнгги вақтларда ўзини профессионал футболда синаб кўраётган Усэйн Болт миллионлар ўйинидаги келажак режаларига тўхталиб ўтди.

«Менда турли клубларнинг кўплаб таклифлари бор. Биз ноябрь ойи охирига қадар бир қарорга келамиз ва мен ё бошқа клубга ўтаман, ё орзум йўлидаги ҳаракатларим шу ерда тугайди», - деб айтган Болт.

Маълумот учун, сайёранинг энг тез югурувчи одами ноябрь ойи бошида синов шартномаси муддати якунига етгани сабаб Австралиянинг «Сентрал Кост Мэринерс» жамоасини тарк этган эди. Клуб раҳбарияти унинг ўйинларидан қониқиш ҳосил қилган, аммо Болтнинг агенти янги, тўлақонли шартнома имзолаш учун анча йирик миқдорда пул сўраган.

Таниқли ямайкалик спринтернинг қўшимча қилишича, Поль Погба ва Раҳим Стерлинг каби футболчилар унинг чарм тўп устаси бўлишга интилишини қўллаб-қувватлаган.

«Мен Стерлинг ва Погба билан гаплашгандим. Улар футболчилик фаолиятимни бошлашга уринаётганимдан хурсанд. «Бўла қол, бу қўлингдан келади», деб айтишяпти.

Гап пулда эмас. Бу – менинг орзум. Мен, шунчаки, бу ишни қай даражада уддалай олишимни билиб олмоқчиман», - деган Болтнинг сўзларини чоп этди NBC.

Манба: tribuna.uz

Футбол янгиликларини сайтимизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳам кузатиб боринг!

Усэйн Болт, футбол хабарлари

18.11.2018, 17:00:28 67 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш