Кенни Далглишга рицарлик унвони берилди

“Ливерпуль”нинг собиқ футболчиси ва мураббийи Кенни Далглиш рицарлик унвонини олди.

67 ёшли шотландиялик мутахассис Букингҳем саройида Уэльс шаҳзодаси Чарльз томонидан футболдаги ёрқин фаолияти ва “Ҳиллсборо”даги фожиа оқибатида қурбон бўлган мухлисларнинг оилаларига кўрсатган ёрдами учун олий унвон билан мукофотланган.

Эндиликда Далглиш ҳам рицар сифатида Алекс Фергюсон, Бобби Чарльтон, Стэнли Мэтьюз, Бобби Робсон каби британ футболи дарғалари қаторидан жой олди, унинг исми олдидан “сэр” фахрий белгиси қўшиб айтилади.

Кенни Далглиш футболчи сифатида “Ливерпуль” билан 6 маротаба Англия чемпионатида ғолиб чиққан, уч марта Европа Чемпионлар кубогини қўлга киритган. Мураббий сифатида у клубниуч маротаба Премьер-лига бош соврини сари бошлаб борган. Шу билан бирга, Далглиш Англия кубоги, суперкубоги ва лига кубогининг ҳам кўп марталик ғолиби ҳисобланади. 1995 йилда “Блэкберн” унинг қўл остида Англия чемпиони бўлган.

Маълумот учун,”«Ҳиллсборо” воқеаси Британия спорти тарихидаги энг қонли фожиа ҳисобланади. 1989 йил 15 апрелида Шеффилд шаҳридаги “Ҳиллсборо” стадионида”«Ноттинҳем Форест” ва “Ливерпуль” клублари ўртасида кечган Англия кубогининг ярим финал ўйини бошланиши вақтида мухлислар тирбандлигининг юзага келиши 96 кишининг вафот этиши ва 766 кишининг турли даражада тан жароҳати олишига сабаб бўлган эди.

Футбол янгиликларини сайтимизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳам кузатиб боринг!

Манба: www.tribuna.uz

“Ливерпуль”Кенни Далглиш

17.11.2018, 17:24:11 43 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш