Венгернинг «Милан»га ўтишидан кимга фойда-ю, кимга зарар?

Ҳамма Арсен Венгер тез орада мураббийлик фаолиятини қайта бошлашини билади. У шу йил ёзида «Арсенал»ни Килиан Мбаппенинг ёшидан ҳам узоқ вақт давомида бошқарганидан кейин истеъфога чиққанди.

У яқинда «2019-йилнинг бошида қайтиш эҳтимоли» борлигини, аммо «қаерда бўлишини билмаслигини» ҳам айтиб ўтганди.

Бироқ сўнгги гап-сўзларга қараганда франциялик мутахассис модалар пойтахтида фаолиятини қайта тикламоқчи. «Милан» бой тарихга эга клублардан бири. Фақатгина «Реал Мадрид» Чемпионлар Лигасини «Милан»дан кўп марта ютиб олган. «Сан Сиро» эгалари тажрибали Венгернинг келишидан катта фойда кўриши мумкин. Бироқ унинг келиши баъзиларнинг фойдасига ишласа, баъзилар учун «Милан» билан боғлиқ фаолияти якун топишини англатади. Хўш, улар ким?

Ғолиб: Аарон Рэмзи

«Арсенал» Рэмзи билан янги келишувга эришганини маълум қилганига қарамай уэльслик футболчи “тўпчилар”ни ёзда эркин агент сифатида тарк этишига шаъма қилингандек. Боиси клубдаги ишлар Рэмзининг фойдасига бўлмаяпти.

Аввало айтиб ўтиш керакка у клубда ўн йиллардан бери ўйнамоқда ва клуб билан узвий боғланиб кетган. 27 ёшни қоралаган футболчининг бир клубда фаолият олиб бораётгани таҳсинга лойиқ.

Агарда Венгер «Милан»ни ўз қўлига олса, Рэмзи ҳам ўсмирлик вақтидан бери унга устозлик қилиб келган Венгер ихтиёрига бориб қўшилиши мумкин.

Мағлуб: Жьякомо Бонавентура

Албатта Рэмзининг итальян клубига келиб қўшилиши кимнидир у ердан кетишига сабаб бўлади. Бундай ҳолатда катта эҳтимол билан Бонавентура миланликлар билан хайрлашса керак. Ярим ҳимоячи Рэмзи профилига ўхшаш футболчи.

Италиялик футболчи таянч ярим ҳимоясида рақибларни кутиб олувчи ва кези келса ўзи ҳам ҳужумларга қўшилиб зарба берувчи футболчи ҳисобланади. Гарчи у бу вазифасини ҳозирда ҳам муносиб бажараётган бўлсада, Венгер ўзи билан Рэмзини олиб келган тақдирда, Бонавентурага асосий таркибда жой топилмай қолса керак.

Ғолиб: Сеск Фабрегас

Фабрегас Арсен Венгернинг бир вақтлардаги маъбуди эди. Албатта Робин ван Перси «Арсенал»нинг сўнгги буюк футболчиси ҳисобланади. Бироқ голландиялик футболчи Лондондаги сўнгги мавсумида клубда муаммоларга дуч келди ва бу унинг буюклигига соя солади.

Фабрегасни эса лондонликлар асосий таркибда ўйнатамиз деб 17 ёшлигидаёқ уни «Барселона»дан олиб келганди. Сеск Венгернинг ажойиб жамоасининг марказий фигураси эди. Унинг таъсири Тьерри Анрининг «Барселона»га кетиши ортидан янада ортди.

Унинг ўзи ҳам кейинроқ каталонияликлар томон йўл олди. У шу тариқа Венгерни кучсизлантириб қўйганди. Фабрегас эса каталонияликлар билан муҳим совринларни ютишга бел боғлади. Ҳозир буни «Челси»да амалга оширишга бел боғлаган.

Фақатгина шу мавсумда у «Стэмфорд Бридж»дан ташқарида қолиб кетмоқда. Янги келган бош мураббий Маурисио Сарри унга кам ўйин амалиёти тақдим қилмоқда. Венгер уни ҳам «Сан Сиро»га олиб кетиши мумкин. Унинг беназир узатмаларни амалга ошириш қобилияти миланликларнинг фойдасига ишлаши мумкин.

Мағлуб: «Лацио» ва «Рома»

А Сериянинг янги мавсумида ҳамма Скудетто учун кураш «Ювентус», «Наполи» ва «Интер» ўртасида кечишини башорат қилмоқда. Дастлабки икки жамоа ҳақиқатдан Италияда энг кучлилари бўлса, «Интер» Лучано Спалетти қўли остида катта ишларни қилишга уринмоқда.

Чемпионлар Лигаси учун эса фақатгина 4-ўрин қолмоқда. «Лацио» ва «Рома» бу ўрин учун кураш олиб боради. Бироқ ҳаммамиз биламизки, 4-ўрин кўпроқ Венгерга ярашади, шундай эмасми?

Ғолиб: Иван Газидис

Шу йил аввалида Иван Газидис «Эмирейтс»дан кетишидан аввал Унай Эмерини олиб келиш учун дастлабки қадамларни ташлаганди. У айни вақтда «Милан»нинг ижрочи директори вазифасини бажармоқда. Венгернинг «россонерилар» таркибига ўтиши борасидаги миш-мишлар бекорга эмаслигини тушуниб етган бўлсангиз керак. У бир ҳафта аввал расман янги вазифасига киришганди.

Газидис ва Венгер кўп йиллар бирга фаолият олиб борди. Бир-бирларини жуда яхши тушунади. Қайта боғланиш жойи энди «Милан» бўлса ажабмас.

Мағлуб: Женнаро Гаттузо

Арсен Венгернинг келиши ва унинг тўртинчи ўринни эгаллаши ҳақида ҳазил қилиш яхши. Аммо шу нарсани унутмаслик керакки, «Милан» айни вақтда 4-ўринда! Гаттузо «Милан»да секинлик билан яхшиланиш ишларини олиб бормоқда. У таркибда кучли менталитетни ярата олган, шунинг ўзи катта ўзгариш.

Венгер бўшлиги туфайли ундан воз кечиш унинг қилаётган хизматларига номуносиб бўлади. Энг ёмони «Милан» унинг орзуси. У айнан шу ерда афсонавий футболчига айланди ва мураббий сифатида ҳам борини беради.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади

15.11.2018, 16:48:26 215 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш