Роналдунинг «Сан Сиро»даги илк голи, «Наполи»нинг иродали ғалабаси, «Интер»нинг йирик мағлубияти – Италияда тур воқеалари

Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 12-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга лойиқ бўлган бир қанча воқеалар юз берди.

«ЮВЕНТУС» «МИЛАН»НИ МАҒЛУБ ЭТДИ, РОНАЛДУ ИЛК МАРТА МИЛАНДА ГОЛ УРДИ

А Серия пешқадами «Ювентус» сафарда «Милан» билан беллашди. Ўйин меҳмонларнинг ташаббуси остида ўтди. Уларнинг ҳужумлари хавфлироқ тус олди, ҳимояда эса хатога йўл қўйишмади. 

8-дақиқада Алекс Сандро томонидан жарима майдонига етказилган тўпни Манжукич боши билан дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобни очди. Шундан сўнг, «Милан» рақибга қаршилик кўрсатишга уриниб кўрди. Бўлим охирида мезбонларда ҳисобни тенглаштириш учун яхши имконият пайдо бўлган эди. Аммо Игуаин тепган пенальтини дарвозабон Шченсни қайтара олди. 81-дақиқада Роналду ҳимоячи Сапатани ортда қолдириб, «Милан» дарвозасини ишғол қилди. Бу португалиялик тўпурарнинг Милан шаҳрида урган илк голи бўлди. «Манчестер Юнайтед» ва «Реал» билан «Сан Сиро»да ўтказган аввалги 5та ўйинида у рақиб дарвозасини ишғол этолмаган эди. Баҳс охирида Игуаиннинг асаби дош бермади: олдин у Бенатиага нисбатан қўполлик қилиб, сариқ карта олди, кейин ҳакам билан тортишиб қолиб, майдондан четлатилди.

Бу натижадан сўнг, «Ювентус» 34 очко билан 1-ўринда, «Милан» эса 21 очко билан 5-ўринда бормоқда.  

Ўйиндан сўнг, Криштиану Роналду ўз фикрлари билан ўртоқлашиб, шундай деди: «Ўйиндан ҳам, жамоадан ҳам мамнунман. 2:0 ҳисобидаги ғалаба қаҳрамонлик эмас. Бироқ, бугун уч очкони қўлга киритиб, «Наполи» билан орамиздаги фарқни сақлаб қолмоқчи эдик. Буни уддаладик».

Милан – Ювентус 0:2 (0:1, 0:1)
11 ноябрь, «Жузеппе Меацца (Сан-Сиро)» стадиони
Голлар: 0:1 – 8 Манжукич, 0:2 – 81 Роналду.
Амалга оширилмаган пенальти: Игуаин (41, дарвозабон)
Милан – Доннарумма, Абате (Борини, 74), Сапата, Романьоли, Родригес, Сусо, Кессиэ, Бакайоко, Чалханўғли (Лаксальт, 74), Кастильехо (Кутроне, 62), Игуаин.
Ювентус – Шченсни, Жоау Канселу, Бенатия, Кьеллини, Алекс Сандро, Бентанкур, Пьянич (Хедира, 74), Матюиди, Дибала (Дуглас Коста, 79), Манжукич, Роналду.
Огоҳлантиришлар: Бенатия (34), Бакайоко (61), Игуаин (83), Борини (87).
Четлатиш: Игуаин (83).

«НАПОЛИ» ИРОДАЛИ ҒАЛАБА ҚОЗОНИБ, ИККИНЧИ ЎРИНГА ЧИҚИБ ОЛДИ

«Наполи» сафарда «Женоа» билан беллашди ва кутилмаганда жиддий муаммоларга дуч келди. 20-дақиқада мезбонлар Куаме голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Шундан сўнг, неаполликлар жуда кўп куч ва вақт сарфлаб, ҳисобни тенглаштира олдилар. 62-дақиқада Фабиан Руис рақиб дарвозасини ишғол қилди. Ўйин дуранг ҳисобда якунланиши ҳам мумкин эди. Бироқ, 86-дақиқада Бираски тўпни ўз дарвозасига йўллаб, «Наполи»нинг ғалабасига сабаб бўлди.

Бу натижадан сўнг, «Наполи» 28 очко билан 2-ўринда бормоқда. Жамоани пешқадам «Ювентус»дан 6 очко ажратиб турибди.

«Наполи» яримҳимоячиси Фабиан Руис ўйин ҳақидаги тассуротлари билан ўртоқлашиб, қуйидагиларни айтди: «Гол урганимдан хурсандман, бу жамоага ишонч бағишлаб, руҳини кўтарди. Биз ўйиннинг оғир бўлишини билардик, аммо уч очкони қўлга киритишни мақсад қилгандик. Биз учун ҳар бир ўйин муҳим, ақл ва қалб билан тўп тепишимиз шарт. Бу сафар ирода кўрастишимиз лозим эди, буни уддаладик».

Женоа – Наполи 1:2 (1:0, 0:2)
Голлар: 1:0 – 20 Куаме, 1:1 – 62 Фабиан Руис, 1:2 – 86, автогол Бираски.

«ИНТЕР»НИНГ КУТИЛМАГАН ЙИРИК МАҒЛУБИЯТИ

«Интер» сафарда «Аталанта» меҳмони бўлди ва кутилмаганда 1:4 ҳисобида ютқазди. Мезбонлар беллашувда кўплаб хавфли вазиятларни яратиб, бундан ҳам йирик ҳисобда ғалаба қозонишлари мумкин эди.

8-дақиқада Хатебур «Аталанта»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. 2-бўлим бошида Икарди пенальтидан уни тенглаштирди. 62-дақиқада Манчини тўпни боши билан дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди. Ўйин охирида «Интер»нинг олдинга ўтиб кетганидан фойдаланган «Аталанта» яна 2та гол уриб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди.

Бу натижадан сўнг, «Интер» 25 очко билан 3-ўринда, «Аталанта» эса 18 очко билан 8-ўринда бормоқда.   

Ўйиндан сўнг, «Интер» устози Лучано Спаллетти мағлубиятга қуйидагича изоҳ берди: «Афсуски биз узоқ вақт давомида барқарор ўйин намойиш қилолмаяпмиз. Бугун рақибга ҳудудларни очиб бердик, натижада жазоландик. Ҳисобни тенглаштиргач, ташаббус биз томонга ўтган эди. Аммо футболчилар яккакурашларда мағлуб бўлиб, эътиборни сусайтиришди. Рақиб эса бундан унумли фойдаланди».

Аталанта – Интер 4:1 (1:0, 3:1)
Голлар: 1:0 – 8 Хатебур, 1:1 – 47, пенальти Икарди, 2:1 – 62 Манчини, 3:1 – 88 Гимшити, 4:1 – 90 Гомес.

«КЬЕВО» 0 ОЧКО МАРРАГА ЧИҚИБ ОЛДИ

Келишилган ўйинларда иштирок этгани учун мавсум бошида 3 очкодан маҳрум қилинган «Кьево» 0 очко маррага чиқиб олди. Ўз майдонида «Болонья» билан беллашган «учар эшаклар» 2:2 ҳисобидаги дуранг натижани қайд этишди. Натижада, жамоа очколар дефицитига барҳам берди. 

Айни пайтда «Кьево» 0 очко билан сўнгги ўринни эгаллаб турибди. Клуб ҳали бирор марта ғалаба қозонмаган.

Кьево – Болонья 2:2 (2:1, 0:1)
Голлар: 0:1 – 3 Сантандер, 1:1 – 20, пенальти Межорини, 2:1 – 45 Оби, 2:2 – 56 Орсолини.

А СЕРИЯ 12-ТУРИНИНГ БАРЧА НАТИЖАЛАРИ

11 ноябрь
Милан – Ювентус 0:2 (0:1, 0:1)
Голлар: 0:1 – 8 Манжукич, 0:2 – 81 Роналду.

Аталанта – Интер 4:1 (1:0, 3:1)
Голлар: 1:0 – 8 Хатебур, 1:1 – 47, пенальти Икарди, 2:1 – 62 Манчини, 3:1 – 88 Гимшити, 4:1 – 90 Гомес.
Четлатиш: Брозович (90, Интер).
 
Эмполи – Удинезе 2:1 (1:0, 1:1)
Голлар: 1:0 – 41 Зайц, 2:0 – 51 Капуто, 2:1 – 81 Пуссетто.

Кьево – Болонья 2:2 (2:1, 0:1)
Голлар: 0:1 – 3 Сантандер, 1:1 – 20, пенальти Межорини, 2:1 – 45 Оби, 2:2 – 56 Орсолини.

Рома – Сампдория 4:1 (1:0, 3:1)
Голлар: 1:0 – 19 Жезус, 2:0 – 59 Шик, 3:0 – 72 Эл-Шаарави, 3:1 – 89 Дефрель, 4:1 – 90 Эл-Шаарави.

Сассуоло – Лацио 1:1 (1:1, 0:0)
Голлар: 0:1 – 7 Пароло, 1:1 – 15 Феррари.

Торино – Парма 1:2 (1:2, 0:0)
Голлар: 0:1 – 9 Жервиньо, 0:2 – 25 Инглезе, 1:2 – 37 Базелли.

10 ноябрь
СПАЛ – Кальяри 2:2 (1:0, 1:2)
Голлар: 1:0 – 3 Петанья, 2:0 – 71 Антенуччи, 2:1 – 73 Паволетти, 2:2 – 76 Ионицэ.

Женоа – Наполи 1:2 (1:0, 0:2)
Голлар: 1:0 – 20 Куаме, 1:1 – 62 Фабиан Руис, 1:2 – 86, автогол Бираски.

9 ноябрь
Фрозиноне – Фиорентина 1:1 (0:0, 1:1)
Голлар: 0:1 – 47 Бенасси, 1:1 – 89 Пинамонти.

А СЕРИЯ ЖАДВАЛИ

А СЕРИЯ ТЎПУРАРЛАРИ
9 - Кшиштоф Пёнтек (Женоа)
8 - Чиро Иммобиле (Лацио, 1 пен), Криштиану Роналду (Ювентус, 1)
7 - Дрис Мертенс (Наполи, 1), Лоренцо Инсинье (Наполи), Мауро Икарди (Интер, 2)
6 - Франческо Капуто (Эмполи, 1), Леонардо Паволетти (Кальяри), Грегоре Дефрель (Сампдория)

А СЕРИЯ 12-ТУР РАМЗИЙ ТЕРМА ЖАМОАСИ

А СЕРИЯ 13-ТУР ЎЙИНЛАРИ
24 ноябрь
Удинезе - Рома
Ювентус - СПАЛ
Интер - Фрозиноне
25 ноябрь
Парма - Сассуоло
Болонья - Фиорентина
Наполи - Кьево
Эмполи - Аталанта
Лацио - Милан
Женоа - Сампдория
26 ноябрь
Кальяри - Торино

«ЭМПОЛИ» ЯНГИ БОШ МУРАББИЙНИ ТАЙИНЛАДИ

Италиялик мутахассис Жузеппе Якини «Эмполи» клубига бош мураббий қилиб тайинланди. 54 ёшли мутахассис бу лавозимда қониқарсиз натижалар туфайли истеъфога чиқарилган Аурелио Андреацолли ўрнини эгаллади. 

Якини мураббийлик фаолиятини 2001 йилда бошлаган ва «Пьяченца», «Кьево», «Сампдория», «Сиена», «Палермо», «Удинезе», «Сассуоло» клубларида ишлаган.

А СЕРИЯ ТЎПУРАРИ ЁЗГАЧА ҲЕЧ КИМГА СОТИЛМАЙДИ

«Женоа» клуби ҳужумчиси Кшиштоф Пёнтек билан хайрлашмоқчи эмас. А Серияда тўпурарлик қилаётган польшалик футболчининг хизматига бир қанча клублар қизиқиш билдирган эди.

«Кшиштоф бўйича расмий таклиф олдик, аммо биз уни қўйиб юборишга тайёр эмасмиз. Футболчи хотиржамликни сақлаган ҳолда, ўз ишини давом эттириши лозим. Унинг тақдирини фақат баҳорда ёки ёзда муҳокама қиламиз», - деди клуб спорт директори Жоржио Перинетти.

«ИНТЕР»НИНГ ДАРОМАДИ ОШДИ

«Интер» 2017/18 мавсуми бўйича молиявий ҳисоботни эълон қилди. Унга кўра, клубнинг умумий даромади 238 миллион еврога етган, бу эса ўтган мавсумга қараганда 17,9 миллион еврога зиёддир.

Милан клубининг 52% даромади ҳомийлардан тушган маблағларни ташкил қилган. Асосий фойда Pirelli ва Suning компанияларидан олинган. Nike компанияси «Интер»га 4,3 миллион евро тўлаган, ваҳоланки бу қиймат 20 миллион еврони ташкил қилиши керак эди. Аммо «Интер»нинг А Сериядаги натижалари компанияни қониқтирмаган ва тўлов камайтирилган.

Манба: tribuna.uz

Футбол янгиликларини сайтимизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳам кузатиб боринг!

футбол хабарлари

12.11.2018, 13:54:14 176 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш