Туринда драма. «МЮ» сўнгги дақиқаларда «Ювентус»ни мағлуб этди

Европа чемпионлар лигасининг 4-турида мухлислар драматик ўйин гувоҳига айланишди. Ўз майдонида "Манчестер Юнайтед"ни қабул қилган "Ювентус", сўнгги дақиқаларда нафақат ғалабани қўлдан чиқарди, балки мағлубиятга ҳам учради.

Учрашув давомида мезбонлар катта устунликка эга бўлишди, бироқ биринчи бўлимда гол уришга уларга насиб қилмади. Иккинчи бўлим ўрталарида Бонуччи томонидан майдон марказидан етказилган узатма натижасида Криштиану Роналду тўпни ерга туширмасдан дарвозага жойлаб қўйди. 

Кейинги дақиқаларда туринликлар камида яна бир неча марта рақиб дарвозасини ишғол қилишлари мумкин эди, аммо тўп икки марта дарвоза устуни ва тўсиниги тегиб қайтди. 

Манкунианликлар ўйиннинг сўнгги 10 дақиқасида фаоллашиб қолишди ва бунинг учун мукофотланишди. Баҳснинг 86-дақиқасида Хуан Мата жарима зарбасини ажойиб тарзда голга айлантирди. Орадан 3 дақиқа ўтиб, "МЮ" бу сафар қанотдан "стандарт"га эга бўлди. Жаримадан етказиб берилган тўпни "Юве" посбони Шчесни қайтарди, аммо тўп Бонуччининг бошига тегиб, тўрга бориб тушди.

Ўйинга қўшиб берилган 4-дақиқада "Юнайтед" учинчи голни ҳам уриши мумкин эди. Қарши ҳужум туфайли Рэшфорд дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва зарба берди. Тўп Шчеснининг оёғига тегиб, устун ёнидан ўтиб кетди. 

Ушбу ғалабадан кейин "МЮ" ўз очколарини 7тага етказиб, ҳисобида 9 очко мавжуд бўлган "Ювентус"га яқинлашиб олди. "Валенсия" эса кеча оқшом ўз майдонида "Янг Бойз"ни мағлуб этди ва 5 очко билан 3-ўринни эгаллаб турибди.

ЕЧЛ, "H" гуруҳи, 4-тур
Ювентус Италия – Манчестер Юнайтед Англия 1:2 (0:0, 1:2)
Голлар: 1:0 – 65 Роналду, 1:1 – 86 Мата, 1:2 – 89, автогол Алекс Сандро. 
Ювентус – Шченсны, Де Шильо (Бардзальи, 83), Бонуччи, Кьеллини, Алекс Сандро, Куадрадо (Манджукич, 90), Хедира (Матюиди, 61), Пьянич, Бентанкур, Дибала, Роналду.
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Янг, Смоллинг, Линделеф, Шоу, Эррера (Мата, 79), Матич, Погба, Лингард (Рэшфорд, 70), Санчес (Феллайни, 79), Марсьяль.
Огоҳлантиришлар: Матич (12), Алекс Сандро (55), Дибала (75), Эррера (75), Марсьяль (90).

Валенсия Испания – Янг Бойз Швейцария 3:1 (2:1, 1:0)
Голлар: 1:0 – 14 Санти Мина, 1:1 – 37 Ассале, 2:1 – 42 Санти Мина, 3:1 – 56 Солер. 
Валенсия – Нето, Васс, Гарай, Габриэл, Гайя, Солер, Коклен, Кондогбиа (Рубен Везу, 87), Гедеш (Ферран Торрес, 75), Родриго, Санти Мина (Гамейро, 68).
Янг Бойз – фон Балльмос, Мбабу, Лаупер, фон Берген, Бенито, Фасснахт (Нсаме, 61), Соу, Саного, Нгамале (Сулеймани, 46), Оаро (Эбишер, 75), Ассале.
Огоҳлантиришлар: Нгамале (18), Санти Мина (22), Гайя (30), Мбабу (35), Бенито (38), Лаупер (57), фон Берген (67), Солер (81).
Четлатиш: Саного (77).

Футбол янгиликларини сайтимизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳам кузатиб боринг!

Манба: stadion.uz

08.11.2018, 11:18:51 41 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш