«Барса» ва Неймар. Можаро давом этади

Ўзи нима гап?

Бу футболчининг 2013- йилда “Сантос”дан “Барселона” клубига ўтганлиги билан боғлиқ. Хориж ОАВ хабарига кўра,  Испания давлат суди ҳужжатларни қайта кўриб чиқмоқда. Эндиликда бу “иш” 3та судья томонидан ўрганилади. Футбол юлдузи коррупция ва товламачиликда айбланмоқда.

Даъвогар ўша пайтдаги  бразилиялик ҳужумчининг ҳуқуқларига эгалик қилувчи “DIS“ инвестиция жамғармаси ҳисобланади. “Барселона“ клуби Неймар трансферининг нархи 57,1 миллион евро эканлигини эълон қилди, шундан 40 миллиони футболчининг оиласига, 17,1 миллиони Бразилия клубга ўтди. Натижада, футболчи учун ҳуқуқларнинг эгаси сифатида “DIS“ трансфер учун “Сантос” томонидан олинган маблағдан атиги 6,8 миллион еврони олган эди. Бироқ суднинг фикрича, “Барселона“нинг бу трансфер учун қилган харажати камида 83 миллион еврони ташкил қилади. Бу ҳисоб 95 миллион ҳам бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Қизиқ ҳолат…

Футболчидан бошқа яна кимлар “жиноятчи”?

Неймар билан биргаликда, футболчининг ота-онаси, “Барселона” клубининг ҳозирги президенти Хосеп Мария Бартомеу ва Сандро Росель ҳам коррупция айблови билан судда айбланувчи ролида пайдо бўлишади. Сандро Росель 2017 йил май ойидан буён қамоқда, у пул ювиш ва уюшган жиноий гуруҳ тузишда айбланмоқда. Бундан ташқари, бу ишда "Сантос" собиқ президенти Одилио Родригеснинг ҳам “қўли бор”.

''DIS'' ташкилоти асосчиси Делсир Сонда, Неймарнинг отаси бразилиялик ёш юлдузни Каталония клубига олиб келиш учун Росельдан пора олганини таъкидлади.

“Бу футболчининг отасини айблашимиз мумкин бўлган алоҳида турдаги коррупция. Аввалига унга 10 миллион евро “аванс” беришди. Шунингдек, Неймар 17 та ҳужжатни имзолади ва “Барселона“ дан пул олди. Ваҳоланки у “Сантос”нинг футболчиси эди. Ахлоқий жиҳатдан бу нотўғри. Неймар ва унинг ота-онаси менга хиёнат қилдилар “,-деди Делсир интервьюда.

Неймарнинг отаси, ''DIS''нинг иқтисодий ҳуқуқлари “Сантос“ билан тузилган шартномагагина тегишли ва шартноманинг барча пуллари тўланганини айтмоқда. Воқеани ўрганиш 2016 йилнинг ёзигача давом этган эди, шундан сўнг иш етарли далиллар тўпланмагани учун ёпилди. Ўшанда Неймар ва унинг отаси олти ойдан икки йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган моддалар бўйича айбланган.

Фақатгина шу йилнинг октябр ойида Испания солиқ инспекцияси ишни қайта кўриб чиқилиши учун судга борди. Сўров тасдиқланди. Энди жиддийроқ ўрганилиши мумкиндек.

Бразилия тарафларда нима гап?

Бразилия ҳуқуқ ҳодимлари Неймар, шунингдек, унинг отаси ва бир вақтнинг ўзида агенти Неймар Сантосни, Бартомеу ва Росельни ҳам терговдан ўтказди. Улар ҳужжатларни сохталаштириш, пора олиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда гумон қилинганлар. Бироқ, ўтган йилнинг июль ойида, ишда иштирок этганлар Бразилия федерал прокуратураси томонидан оқланди.

“Бу жараён расмий равишда ёпилган, бу бизнинг барча ҳужжатларимизнинг қонунийлигини тасдиқлайди. Айбловлар тўрт йил давом этди ва шу вақт мобайнида биз, менинг оилам ва корхонамиз ходимлари жуда кўп азоб чекишди. Ҳозир биз жуда хурсандмиз “,-деди Неймарнинг отаси.

2017 йилда ўз текширувлари натижасида ФИФА бразилиялик футболчини “Сантос“ дан “Барселона“ га ўтиши қонуний эканлигини тан олди.

Ҳозирги вақтда Неймар ПСЖдан “Барселона“ клубига қайтиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган бир вақтда Каталония клуби билан судлашаётгани жуда ҳам қизиқ. Бразилиялик ҳужумчи 26 миллион еврони талаб қилмоқда. Бу сумма 2016 йилда шартномани имзолаш учун олдиндан тўланмаган бонуснинг қолган қисмидир. Ўз навбатида “Барселона“ Неймардан 75 миллион евро олишни хоҳлайди. Клуб футболчидан шартномани бузгандаги жаримани олмоқчи.

Назаримда, бу жараённинг ҳозирда яна кўтарилишининг асосий сабаби бошқа бир футболчи Роналду билан ўхшаш ҳолат. Айнан португалиялик футболчи ҳам бошқа клубга ўтганидан сўнг собиқ клуб томонидан ишлар қўзғатилганлиги таъкидланаётган эди. Ким билсин “Барса” футболчидан ундириладиган суммага эмас, бразилиялик футболчининг ўзига қизиқаётгандир.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.

03.11.2018, 07:29:24 222 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш