Мессининг йўқлиги энди «Барса»га муаммо эмас!

Мессисиз кечган муҳим ўйинлар вақтида уругвайлик ҳужумчи «бошидан баланд сакрай» олди ва топ савиядаги қобилияти ҳеч қаерга йўқолиб қолмаганини намойиш қилди. Луис Суареснинг муаммолар гирдобига тушиб қолгани ҳақидаги гап-сўзлар ҳам ўз-ўзидан йўқолиб кетди.

Ушбу мавсум арафасида кўпчилик қатори таниқли мутахассислар ҳам «Барселона» «иссиғида» ўзининг етакчи ҳужумчисидан тезроқ қутулиши кераклигини алоҳида тилга олишганди. Бунга Суареснинг сўнгги вақтларда гол уриш қобилиятининг пасайиб бориши сабаб бўлганди.

Бироқ сўнгги уч муҳим ўйинда, хусусан Хулен Лопетегининг интоҳосига сабабчи бўлган «Эль Классико»даги мастер-класси шуни исботладики, Луис Суарес 32 ёшда бўлишига қарамай ҳамон дунёнинг элита ҳужумчилари қаторига киради.

Суарес мавсум стартини анча секин бошлади. Ҳужумчи ёзги таътилдан кейин каталонияликларнинг дастлабки ўйинларида анча сусткашликка йўл қўйди.

Янги мавсум ҳам ўтган мавсумдагидан унчалик фарқ қилмади. 9-рақам эгаси дастлабки голини уриш учун нақ 300 дақиқадан ошиқ вақт керак бўлди. У аутсайдер «Уэска»га илк голларини урганди. Бироқ 15-сентябрь – 20-октябрь оралиғида у ҳеч қандай муаммоларга дуч келмади.

Уругвайли ҳужумчи одатда гол уриш имкониятларини кўкка совуриш билан мавсум дебютида ёдимизда қолди. Унга хатто Месси ҳужумда ҳамкорлик қилаётган бўлсада барибир ёрдам бермади.

Кулгулиси шуки, Месси жароҳат олиб сафдан чиққанидан кейин ҳужумчи ниҳоят ўзига келиб олди.

«Камп Ноу» унинг иштирокида етти кун мобайнида футбол фестивалини ўтказди. Бу ерда «Севилья», «Интер» ва «Реал» каби гранд жамоалар дарвозасига 11 гол урилди.

Мавсум стартида Мессига жуда боғланиб қолган клуб аввало буюк футболчисисиз ҳам ҳаёт давом этишини ҳис қилди. Ўтган ҳафтадаги натижалар ҳар ҳолда буни тасдиқламоқда.

Суарес бундай натижаларга бош-қош бўлди. «Ливерпуль»нинг собиқ вакили ушбу ўйинларда 4 гол ва уч голли узатмани амалга оширди. У ортиқ юқори савияда ўйин намойиш қила олмайди деганлар учун муносиб жавоб қайтарди. У буни Мессисиз амалга оширгани эътиборга молик.

Ушбу «уйғониш» «Барса» мухлисларига Мессидан кейин ҳам порлоқ келажакка умид қилишлари мумкинлигини кўрсатиб берди.

Суарес «Реал»ни 5-1 га ютган ўйинда пеналтини Рафаель Вараннинг унга қўполлик ишлатиши ортидан ишлаб олган бўлса, кейинги голларда универсал Серхи Робертонинг саъйи-ҳаракатлари эвазига гол урди.

Бразилиялик жуфтлик – Артур Мело ва Филиппе Коутиньолар «Барса»ни анча ёшартирди ва унга янгича сифат бағишламоқда. Вальверденинг Мессисиз тактикасида айнан улар муҳим фигураларга айланишди.

Суарес эса бундай иқтидорлар орасида энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди. Бош мураббийнинг унга бўлган ишончи уругвайлик ҳужумчига ўз ўйинини қайта топишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Албатта Мессини ҳеч ким алмаштира олмайди. Суарес ҳам буни «Эль Классико»дан кейин тилга олди: «Албатта биз унга эҳтиёж сезяпмиз. Дунёнинг энг яхши футболчиси талкибда бўлиши ижобий ҳолат.»

Жамоа сардори ноябрь ойи охирларида сафга қайтади. Барча тақвимдаги кун тезроқ келишини интизорлик билан кутмоқда. Аммо Суарес ўтган ҳафтадагидек энг яхши ўйинларини кўрсатишда давом этса, Мессининг йўқлиги Ла Лига етакчилари учун муаммо туғдирмайди.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.

03.11.2018, 07:19:04 3328 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш