"Локомотив" - "Навбаҳор" учрашувига назар (таҳлил)

Суперлиганинг 27-тури доирасидаги "Локомотив" - "Навбаҳор" (1:0) учрашувини таҳлил қиламиз.

Россиялик таниқли футболчи, айни пайтда "Навбаҳор" мураббийи сифатида ишлаётган мутахассис қўл остида наманганликлар илк сафар ўйинини ўтказди. Амалдаги чемпион меҳмони бўлган "Навбаҳор" кичик ҳисобда мағлубиятга учради - 1:0.

"Навбаҳор" янги мураббийи қўл остида бунга қадар "Бухоро" билан Наманганда учрашган ва биргина гол эвазига ғалабани тантана қилганди. "Локомотив" эса ўтган турда принципиал рақиби "Пахтакор" майдонидан ишончли ғалаба билан қайтганди.

Мазкур ўйин турнир жадвали эътибори билан муҳим аҳамият касб этарди. Ғалаба "Локомотив"ни чемпионлик сари янада яқинлаштирса, "Навбаҳор"га камида бронза медаллари учун бўлган курашини янада енгиллаштирарди. Кечаги ўйин ҳақида батафсил тўхталиб ўтаман.

Андрей Фёдоров қўл остида "Локо" охирги ўйинларда одатда 5-3-2 схемасида ўйнаётганди. Аммо жамоа "Пахтакор" билан учрашувда ўзининг одатий схемасидан воз кечиб, аввалги тактикаси, яъни 4-3-3 схемага қайтганди. Натижада жамоа айнан шу схемада ўзининг бор потенциалини юзага чиқара олди. Ғалаба келтирган мазкур схемани Фёдоров "Навбаҳор" билан бўлган ўйинда ҳам ўзгартирмади. Жамоа 4-3-3 схемасида ўйинни бошлади. Ҳимоя марказида Анзур Исмоилов ва Ислом Тўхтахўжаев жой олган бўлса, Муҳаммадиев ва Зотеев қанотларда ҳаракатланишди. Ярим ҳимоя маркази Махарадзе, Алибоев ва Шоаҳмедов билан тўлдирилди. Ҳужумдаги учликдан эса Мирзаев-Абдухолиқов-Бикмаев ҳаракат қилди.

Андрей Канчельскис ҳам жамоасини "Локо" танлаган тактик схема асосида майдонга туширди. "Навбаҳор" футболчилари ҳам майдонда 4-3-3 жойлашувида ўйинни бошлашди. Канчельскис ўйиндан аввал таркибда бир қатор йўқотишларга дуч келгани боис баъзи кутилмаган ўзгаришларни амалга оширди. Масалан, дисквалификация туфайли ўйинни ўтказиб юборган Ҳошимов ўрнига ўнг қанот ҳимоясида Томислав Пайович ўйнади. Аслида марказий ҳимоячи саналган Пайович учун бу нуқта янгилик бўлди. Керак пайтда "Навбаҳор"да марказий ҳимоя ва ўнг қанот ҳимоясида ўйнаган Дарко Станоевич бу гал марказий ҳимояда Голбан билан тандемда ҳаракат қилди. Чап қанотда эса доимгидек Мирзоҳид Ғофуров қўйилди. Марказда эса Аъзам Алиев, Жаҳонгир Меҳмонов ва Аюбхон Нўъмонов "учлиги" ҳаракатланди. Азиз Турғунбоев доимгидек чап қанот вингери ролида, ўнг қанотда эса аслида марказий ярим ҳимоячи саналган Остон Урунов ўйнади. Марказий ҳужумда эса яққол номинал форвард сифатида Рўзимбой Аҳмедов қўйилди.

Ўйин "Локомотив"нинг ташаббуси остида бошланди. "Навбаҳор" эса чуқур ҳимояланиб, ўз омадини қарши ҳужумда излашга ҳаракат қилди. "Локомотив" устунликка эгалик қилиб, ўйинни тўлиқ назорат қилди. Биринчи бўлим мезбонларнинг меҳмон жамоа ҳимоясидаги бўшлиқларини излаш билан ўтди. "Навбаҳор" эса ҳимояда тартибли ўйнади. Аммо "Навбаҳор" ўйиндан аввал режалаштирилган қарши ҳужум тактикасини дастлабки бўлимда кутилганидек фаол қўллай олмади.

Биринчи бўлимда "Локо"да мажбурий ўзгариш руй берди. Ўнг қанот ҳимоячиси Шуҳрат Муҳаммадиевни жароҳати безовта қилгани учун ўрнига Садриддин Абдуллаев майдонга туширилди. Бу ўзгаришдан Тўхтахўжаев ўнг қанот ҳимоясига, таянч зонасида ўйнаган Махарадзе марказий ҳимояга қайтди. Абдуллаев эса таянч ҳудудидан жой олди.

"Локомотив" ҳимоячилари биринчи бўлимда рақиб ҳужумини бартараф этишдан кўра, жамоа ҳужумини тузишда кўпроқ тер тўкишди. Аммо дастлабки таймда бу ишни уддалашни имкони бўлмади. "Навбаҳор" мудофаа чизиғи шу куни анча тартибди ва ишончли ўйнаганини таъкидлаш лозим.

Шу тариқа танаффусга қадар таблодаги ҳисоб ўзгаришсиз қолди.

Иккинчи бўлимни ҳам жамоалар худди биринчи таймдаги сценарий остида бошлашди. "Локо" ҳужумга ўтди, "Навбаҳор" эса ҳимояланиш билан банд бўлди. Канчельскис жамоаси қарши ҳужум тактикасига таяниб ўйнади, аммо меҳмонлар қарши ҳужумда ҳам "Локо" дарвозаси олдида ҳеч қандай хавф содир эта олишмади. "Навбаҳор" фақатгина стандарт вазиятларидан гол уриш имкониятига яқин келди холос.

Учрашувнинг 66-дақиқасида Канчельскис ҳужумчи Рўзимбой Аҳмедов ўрнига марказий ярим ҳимоячи Дилшод Жабборовни туширди. "Навбаҳор" эса бу вақтга келиб майдонда ҳужумчисиз қолди. Шу сабабли, қанотда вингер сифатида ўйнаган Остон Урунов марказий ҳужумчи ролида пайдо бўлди. Қанотда эса марказий ярим ҳимояда ўйнаб турган Аъзам Алиев тушди. Жабборов эса ўзининг азалий жойи марказдан ўрин олди. Бу ўзгариш орқали Андрей Канчельскис майдон марказини янгилаб, асосий эътиборини ҳисобни ушлаш қолишга қаратди ва таваккал қилиб жамоани ҳужумчисиз қолдирди.

Аммо Канчельскис ўйлаган режа иш бермади. "Локомотив" ўйин тугашига 14 дақиқа қолганида ниҳоят "Навбаҳор"нинг мустаҳкам ҳимоясини ёриб ўтишга эришди. Марказдан бошланган ҳужум чап қанотга кўчди ва Алибоев ўнг қанотдан жарима майдончаси ичига кириб келаётган Бикмаевни пас билан таъминлади. Натижада Бикмаев ортиқча қийинчиликсиз бўш қолган дарвозани ишғол этди.

"Навбаҳор"нинг мудофа чизиғидаги биргина эътиборсиз ҳаракатидан "Локо" унумли фойдаланди. Мураббийлар ўртасида кечган тактик курашда Фёдоров танлаган йўл самара келтирди. "Навбаҳор" танлаган йўл 76 дақиқа давомида яхши ишлади. Аммо якунда меҳмонлар ҳимояси бутун ўйин давомида юқори босимга дош бера олмади. Ўтказиб юборилган голдан сўнг Канчельскис барибир яна ҳужумчини майдонга туширишга мажбур бўлди. Аммо унинг Сардор Сулаймоновни майдонга тушириши ҳеч қандай наф бергани йўқ. Жамоа биринчи ўзгаришдан кейин ҳам, голдан кейинги ҳужумчи туширилишидан сўнг ҳам вазиятни ўнглай олмади. Нафақат ҳисоб, балки ўйинда ҳам "Навбаҳор" сўнгги дақиқаларда рақиб дарвозаси олдида вазиятлар ярата олмади. "Локо" эса қолган дақиқаларни ишончли ўтказди ва бутун ўйинни тўлиқ ўз назоратида ушлаб турди.

"Навбаҳор"нинг меҳмондаги муваффақиятсиз ўйинлари мураббий ўзгаргач ҳам тезда тўғриланмади. Аввалги "Навбаҳор" билан Канчельскис бошқарувидаги жамоа ўртасида кичик ўзгариш мавжуд. Жамоа ҳимояга кўпроқ урғу берган ҳолда, фақат қарши ҳужум тактикасига таяниб қолмоқда. Канчельскиснинг дебютидаги ғалабали ўйинда ҳам наманганликлар қарши ҳужумда рақиб дарвозасини ишғол этишганди. Мўминжонов пайтидаги энг асосий муаммо тўп билан ўйнаш, позицион ҳужумга ўтишдаги камчиликлар камайгани йўқ, аксинча кўпайган десак ҳам бўлади.

Тўғри, жамоа таркибида баъзи йўқотишлар туфайли Канчельскис мажбурий ўзгаришларга қўл уришига тўғри келди. Кўплаб футболчилар ўзлари учун бегона нуқтада, янги позицияда ўйнашди. Аммо бу жамоанинг поцизион ҳужум ташкил этишда оқсаганига ёки умуман рақиб дарвозаси томон бирорта аниқ зарба беролмаганига баҳона бўлолмайди. Ўйинда бурилиш ясаган вазият, Рўзимбой Аҳмедов ўрнига ярим ҳимояси Дилшод Жабборовнинг туширилиши бўлди. Айнан шундан сўнг "Навбаҳор" узун паслар орқали ҳам, тезкор қарши ҳужумлар эвазига ҳам олдинга ўтолмади. Асосий урғу дуранг натижасини ушлаб қолишга қаратилди ва бу якунда хато қарор бўлиб чиқди.

Янги мураббий, янгича қарашлар ва умуман бегона жамоа. Канчельскисга баҳо беришга ҳали эрта. Айниқса мавсум ўртасида жамоани ўз қўлига олиш энг ноқулай пайт. Шу боисдан ҳам "Навбаҳор" ўйинида катта ўзгаришларни кутишга ҳожат йўқ, чамамда. Канчельскис мавсумни жамоа захирасидаги мавжуд тактика ва услубидан фойдаланган ҳолда якунлаб қўйишга интилади. Янги мавсумдан бошлаб эса буткул янги "Навбаҳор"ни кўрсак ажаб эмас. Айнан ўшанда Канчельскис имзосини кутсак ва кўрсак ажаб эмас.

"Локомотив" эса чемпионлик бекати сари жуда дадил одимламоқда. Фёдоров ёқтирган, "Локо"нинг ўйинини буғиб қўйган 5 ҳимояли жойлашувдан кўра, "темирйўлчилар"га 4-3-3 схема кўпроқ мос тушмоқда. Айнан шу тактик схема охирги икки ўйинда жамоага муҳим ғалабаларни тақдим этишига асосий кўмакчи бўлди.

Кечаги баҳсда эса "Локомотив" муносиб ўйнади ва ғалабага кўпроқ ҳақли кўринди. "Навбаҳор" эса дурангни кўзлади ва натижада ортга қуруқ қўл билан қайтишига тўғри келди.

Шаҳбоз Беғамов — "Telegram" канал

Манба: championat.asia

Футбол янгиликларини сайтимизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ҳам кузатиб боринг!

Навбаҳор, футбол хабарлари, “Локомотив”

24.10.2018, 18:24:27 99 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш