Грандлар нишонидаги «янги Стивен Жерард» ким?

Якшанба оқшомида «Интер» ва «Милан» янги мавсумнинг дербисини ўтказишади. Майдондан ташқарида ҳам иккала клуб бошқа бир курашни давом эттиришмоқда. Бу курашда нафақат улар балки «Ювентус» ва «Рома» ҳам халқаро танаффус вақтида ўзини кўз-кўз қилган Николо Бареллани ўз сафига қўшиб олишга жиддий киришишган.

Қўшимчасига Англиядан «Манчестер Юнайтед» 21 ёшли иқтидор вакилини скаутлари орқали зимдан кузатиб бормоқда. Ёзда эса «Атлетико» «Кальяри» президенти Томмасо Жьюлинини ўз етакчисини сотишга кўндиришга уриниб кўрганди. Бироқ якунда бунга эриша олмаганди.

Кимдир Италия Польшани 1-0 ҳисобида ютган ўйинни кўрган бўлса нима учун Европанинг топ клублари нишонга айнан Бареллани олганини яхши тушунишади.

У «Силесиан Стэдиум»да илк дақиқаларданоқ «Челси» етакчиси Жоржиньо ва «ПСЖ» юлдузи Марко Верраттилар ёнида ҳаракат қилганига қарамай ўйиннинг энг яхши футболси бўлди.

«Скуадра Адзурра» бош мураббийи Роберто Манчини Барелла терма жамоа учун атиги иккинчи учрашувида майдонга тушганига қарамай намойиш қилган ўйинидан лол қолди. Фабио Капелло эса уни афсонавий Марко Тарделлига қиёслади.

«Барелла ярим ҳимоядаги темпни ўзгартириб юборган футболчи бўлди» – дейди Италиянинг собиқ мураббийи Radio Anch'io Sport га берган интервьюсида. «У бизга олдинлари етишмаган сифат ва миқдорни тақдим қилди. У менга бу жиҳатдан бироз Тарделлини эслатиб юборди».

Барелланинг ўйини ҳақиқатдан томошабоп бўлди. Ёш футболчи ярим ҳимояда кенг кўламдаги ишларни бажарди. Шу сабабли бўлса керак Женнаро Гаттузо ва Диего Симеоне уни ўз таркибида кўришни жуда-жуда истмоқда.

А Серияда бирорта футболчи Барелладан кўпроқ (72) тўпни рақибдан олиб қўйган эмас. Фақатгина беш футболчи ундан кўпроқ (16) рақиб ҳужумини бузган.

Бу сифатлари билан бирга Барелла тўп билан яхши муомала қилиши туфайли тўп назоратини ҳам яхши эгаллаган. 21 ёшида бўлишига қарамай у «Кальяри»нинг етакчисига айланиб олди.

Унинг ҳимоявий қобилиятлари билан бирга ҳужумкорлик маҳорати ҳам ҳавас қилса арзигулик. У Дуглас Коста ва Иван Перишичлардан ҳам кўпроқ дриблинг (8) қилган. Раджа Наингголан (9) ва Сергей Милинкович-Савич (9) дан ҳам кўпроқ хавфли вазиятлар (12) яратган.

Уни авваллари Наингголанга қиёслашганди. Боиси у бельгиялик футболси каби тиним билмас, майдонда борини берадиган футболчилар сирасидан. Унинг майдонни кўра олиши ва техникаси ҳам Наингголанга ўхшаб кетади.

Gazzetta dello Sport эса бир марта уни «Сардиниялик Стивен Жерард» деб атаганди. Аммо очиғини айтганда «Ливерпуль»нинг афсонавий сардори бўлиши учун тўпурарлик маҳоратини ҳам яхшигина тоблаши керак. У ўтган мавсумда 34 ўйинда 6 гол уришга эришганди.

Унинг «Энфильд»га кўчиб ўтиши мумкинлиги борасидаги миш-мишлар ҳам тарқаганди. Бунга Барелланинг баскетбол юлдузи Леброн Жеймсга мухлис эканлигидан «қизиллар» фойдалнмоқчи эканликлари хабар қилинганди. Аммо Жерарднинг собиқ жамоасида айни вақт ярим ҳимояда бир неча ажойиб вариантлар борлиги ва футболчининг трансфер баҳоси 50 миллион евро эканлиги туфайли бу ҳаридни амалга ошира олмаслиги мумкин.

Энг муҳими Наби Кейта ва Фабиньо учун 100 миллион евро сарфлаган мерсисайдликлар ортиқча ҳаражат қилишни ўйлашмаётган бўлса керак.

Премьер Лига клубларининг уни қўлга киритишидаги асосий фактор футболчининг инглих футболи шайдоси эканлигида. «Агарда менда А Серия ва Премьер Лигадан бирини танлаш имконияти бўлганда Англияга борардим. Чунки менга улар ўйнаётган услуб ёқади» – деганди Gazzetta dello Sport га берган интервьюсида.

Эҳтимол яқин келажакда «янги Стивен Жерард»ни Премьер Лиганинг бирорта гранд клуби сафида кўрармиз. Албатта бу футболчининг ўйини ривожланишига ҳам боғлиқ.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади

21.10.2018, 16:00:00 155 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш