«Монако»нинг инқирозида ким айбдор?

«Монако»нинг омадсиз трансфер сиёсати туфайли клуб янги мавсумда абгор ҳолатга келиб қолди ва Леонардо Жардимнинг иши қийинлашиб кетди.

Якуни нима билан тугагани барчамизга аён. «Монако»нинг пулга қурилган шуҳратли лойиҳаси португалиялик мутахассиснинг тўрт йили давомида ўзини яхшироқ томондан кўрсатди. Энди клуб ва мураббий ўзаро келишувга кўра шартномани бекор қилди. Сўнгги 10 ўйинда бирорта ғалаба қозона олмаган князлик клуби бу ҳолатга муҳим футболчиларини сотиб юбориш ва қисқа келажак ҳақида қайғурганликлари сабаб бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Жардим монегасклар сафига ўтгунигача «Брага», «Олимпиакос» ва «Спортинг»да бир мавсумдан фаолият юритганди. 2014-йил ёзида у Клаудио Раньерини алмаштирганди. Бироқ Жардимнинг биринчи мавсумида ундан кўп нарсани кутишмаганди. Чунки ўша ёзда клубни икки муҳим футболчилар Хамес Родригес ва Радамель Фалькаолар тарк этишди. Клуб хўжайини Дмитрий Риболовлев Родригесни «Реал»га 80 миллион еврога, Фалькаони эса «Манчестер Юнайтед»га ижарага бериб юборди. Сўнгги тўрт мавсум ичида клуб ушбу сиёсатини давом эттирди. Клуб асосий футболчиларини сотиш орқали 750 миллион евро ишлаб олди.

Жардимнинг клуб бошқарувига келиши билан у катта кўламдаги ишларни бажаришнинг уддасидан чиқди. Дастлабки мавсумдаёқ жамоа 1 Лиганинг энг мустаҳкам ҳимоя чизиғига эга бўлди. Тўғри улар кам гол урди, ҳатто 13-ўриндаги «Кан» клубидан ҳам камроқ гол урди, шунга қарамай улар маррага 3-ўринда етиб келишди. Улар Европадаги иштирокини ҳам анча омадли ўтказишди. Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида ғолиб сифатида чиқиб нимчорак финалда «Арсенал»ни таслим қилди. Чорак финалда «Ювентус»дан атиги бир гол эвазига ютқазиб мусобақа билан хайрлашганди.

Ўша «Монако»да Бернардо Сильва, Янник Карраско ва Антони Марсьяллар жамоанинг ярим голларини уришганди. Ушбу учлик 4-3-3 ўйин схемасида ўзларини сувдаги балиқдек ҳис қилишганди.

Кейин ўша Марсьяль, Карраско, Кондогбиа ва Лейвин Курзавалар сотиб юборилгач Жардим жамоани шакллантиришни ижарага олиб келинган футболчилар орқали бажаришга мажбур бўлганди. Буларга Рикардо Карвальу ва Жереми Тулаланларни мисол қилиб келтириш мумкин. Шунга қарамай клуб Чемпионлар Лигасига чиқиш имкониятини яна сақлаб қолди. Аммо таркиб сифат жиҳатидан бироз тушганди. Таркибда фақатгина умидли ёшлар мавжуд эди. Тома Лемар, Алмами Туре, Тьемуэ Бакойоко ва Килиан Мбаппелар шулар жумласидан.

Барчани ҳайратда қолдириб клуб 2016-17-йилги мавсумда 1 Лигани ютиб олди, Чемпионлар Лигасида эса ярим финалгача етиб борди. Улар Европанинг энг яхши жамоаларидан бирига айланди. Лекин ёз вақтида клуб яна эски ишини бажарди. Клуб муҳим футболчиларини сотиб юборди. Уларнинг ўрнига ёш иқтидор вакилларини олиб келишга уринди.

2016-йил ёзида клубга икки ҳимоячи Бенжамин Менди ва Джибрил Сидибелар келишди. Улар ёш бўлишига қарамай анча тажрибали эди. Масалан Менди «Марсель» сафида 150 дан ортиқ ўйин ўйнашга улгурганди.

Ҳимояга «Торино»дан Камил Гликнинг олиб келиниши Карвальёнинг йўқлигини билдирмади. Ўзини кўрсата олмай келаётган Жемерсон ҳам мослашиб кетди.

Клубни эса бу сафар Менди, Мбаппе ва Бакойоко тарк этишди. Кейта Балде, Конголо ва Тьелеманслар ёш бўлишларига қарамай француз футболига мослаша олмади ва улардан баъзилари клубни кейинроқ тарк этишди.

Муҳим футболчилар яна жамоани тарк этганига қарамай Жардим чемпионатни иккинчи ўринда якунлашнинг уддасидан чиқди. Шу ёзда Фабиньо ва Лемарлар ҳам жамоа билан хайрлашди. «Монако»нинг спорт формаси шу тариқа ўзини йўқотиб борди. Жароҳатлар ҳам клубни қийнай бошлади. Лопес, Йоветич ва Головинлар даволаниш билан ўтказаётган бўлса, Глик, Фалькао ва Сидибелар ўз савияларидан анча паст бўлган ўйин намойиш қилишмоқда.

Жамоанинг ўртача ёши юқори бўлган бир пайтда икки йил олдинги қаҳрамонликларни қайта такрорлашни талаб қилиш ақлга сиғмайди. Бу ҳолатда қандай қилиб Жардим ветеран футболчиларни рухлантириши мумкин?

«Монако» ҳозирги ҳолатига Жардимннг бошқаруви сабабли келиб қолгани йўқ. Шунчаки клубнинг трансфер сиёсати барбод бўлгани туфайли келиб қолди. Ёзда португалиялик мутахассисни «Арсенал» ва «Реал» билан боғлашганди. Энди унинг клубдан кетиши вақтида Моуриньо, Нико Ковач ва Хулен Лопетегиларнинг курсиси «қимирлаб қолган» ва бу клублардан бирортаси Жардимни олиб келиши мумкин. Жардим эса бунга арзийдиган мураббий.

Таркибда тажрибали футболчиларни сақлаб қолишнинг уддасидан чиқа олмаган «Монако» нафақат энг яхши мураббийини йўқотди, балки улар молиявий муваффақиятларининг қурбонига ҳам айланишди.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади

21.10.2018, 15:00:00 81 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш