«Реал» нишонидаги Азар «янги Оуэн» бўладими?

Сўнгги вақтларда Эден Азарни «Реал Мадрид» билан боғлаб келишмоқда. «Челси» вингери ушбу мавсумни ажойиб спорт формасида бошлашга муваффақ бўлди. Клубга келган янги бош мураббий Маурисио Саррининг янгича ўйин услубига ҳаммадан кўра биринчи бўлиб мослаша олди. У аллақачон рақиблар дарвозасига 8 голни жойлаб қўйган. У олдинлари энг самарали мавсумларидаги голларнинг деярли ярмини уриб бўлди. У атиги 10 учрашув ўтказган, холос.

«Кўклар» мухлислари ўз суюклиси 2014-15 ва 2016-17-йилги чемпионлик мавсумларида бўлгани каби яна юқори спорт формасига қайтишига умид қилмоқда. Бироқ ажойиб спорт формасида бўлганларни яна бир муаммо қийнайди. Уям бўлса, гранд жамоалардан тушадиган таклифларга рад жавобини айтиш.

Азарни ҳам мана қайтадан «қироллик клуби» билан боғлашмоқда. Футболчи Испания пойтахтига кўчиб ўтишга қарши эмаслигини ҳам таъкидлашмоқда. Ушбу ёзда эса бу трансфер амалга ошиши эҳтимоли катта бўлди. Чемпионлар Лигасидан қуруқ қолган жамоага янги мураббий келиши муҳим омилга айланиши мумкин эди. Азарнинг умидлари буюкроқ эди. Боз устига «қаймоқранглилар»га янги супер-юлдуз керак эди.

Аммо ҳеч нима содир бўлмади. Азар Лондонда қолди. Аксинча у Саррининг услубида ўзини балиқдек ҳис қилмоқда.

Бироқ одамларга бир нарса деб бўлмайди. Футболчидан халқаро танаффус вақтида ёзги трансфер ҳикояси ҳақида сўраб қолишди. «Буни болалигимдаги орзу. Мен бу клуб ҳақида орзу қиламан.» – деди бельгиялик футболчи трансфер ҳақида фикрини билдираркан.

Азар бу гапи билан унинг клубдан кетиши шу январдаёқ амалга ошиши мумкинлигини кўрсатиб қўйди. 2019-йилги ёзги трансферни 2018-йил октябрида муҳокама қилиш? Бу клубга хурматсизлик ва трансфер эртами-кечми амалга ошади дегани. Азар бунга шаъма қилиб ўтди: «Челси» менга кўп нарса берди. Мен «Лилл»ни яхши кайфиятда тарк этдим ва мен буни бу ерда ҳам қилишни истайман.»

Бироқ ушбу орзу Азар учун тўғри қарор бўладими? Бу унинг орзуси, бу рўёбга чиқиши мумкинми? Очиғини айтганда йўқ. «Реал» ёзда Криштиану Роналдуни «Ювентус»га сотганидан кейин янги суперюлдузга эҳтиёж сезмоқда.

«Қироллик клуби» Криштиануни йўқотганидан кейин ҳукмрон куч сифатида қолишга қийналмоқда. Азарнинг келиши уларга бу муаммони ҳал қилишига ёрдам бериши мумкин.

Аммо мадридликларнинг асосий муаммоси голларнинг камлигида бўлмоқда. Уларнинг гол уришдаги натижалари Роналду давридагидек эмас. Ахир португалиялик футболчи ҳар мавсумда клуб учун 40-50 талаб голлар урарди.

Клуб халқаро танаффусга чиқишдан олдин қаторасига тўрт ўйинда гол уролмади. Бу вазият ачинарли дегани. Кундек равшан, Пересга тўпурар керак.

Аммо кўпчилик «ахир Азар 10 ўйинда 8 гол урди. Бу кўп дегани. «Реал» истаётган нарса шу эмасми?» дейишингиз мумкин.

Аммо эсингиздан чиқарманг, Азар «Челси» учун бир мавсумда 19 тадан кўп гол урмаган. 19 та! Таққослаш учун айтамиз: охирги марта Криштиану Роналду 2005-06-йилги мавсумда 19 та гол урган. У пайтда КР7 21 ёшда бўлган. Азар эса 27 ёшда.

Азар содда қилиб айтганда чап қанотда ўйнайдиган яратувчан футболчи. Ҳа у голлар уриши, мувозанатни сақлаб туриши мумкин. Аммо бу ишларни «Реал»да бажарадиган бошқа бир футболчи аллақачон бор. У – Иско! Бу вазифада Азар Искодан кўра самаралироқ бўла оладими? Бўлиши мумкин. У Искодан атиги бир ёшга катта.

Албатта Азарнинг келиши таркибда кучли рақобатни ҳосил қилади. Шу пайтгача Гарет Бейл ва Иско билан ўйин амалиёти учун қаттиқ курашиб келган Марко Асенсио учун эшиклар ёпилиши муқаррар.

Ҳақиқат шуки, Эден Азар тўпурар ҳужумчи эмас. У «Реал» эҳтиёж сезаётган футболчимас.

Аммо клуб уни имзоласа буни индивидуал қарор деб билиш керак. Бундай ишни олдин Майкл Оуэн 2004-05-йилги мавсумда қилганди. «Олтин тўп» ғолиби сифатида у катта қаҳрамонликни истаб қолди ва «Ливерпуль»даги совринсиз мавсумдан кейин Мадрид томон йўл олди. Ўшанда ҳам «Реал» Оуэнга эҳтиёж сезмаётганди. Англиялик ҳужумчи шунчаки ҳаёлида кечаётган орзуларни рўёбга чиқаришни истади. Натижада бир йил ўтиб Оуэн «Реал»дан кетди.

Азар айни вақтда Оуэн 2004-йилда бўлганидан яхшироқдир, ундан ҳам кўпроғини қила олар. Аммо вазият бир хил. У унга эҳтиёж сезмаётган жамоага бориб қўшилмоқчи.

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади

21.10.2018, 13:00:09 3979 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш