“Ювентус” Роналду билан қандай кўриниш ҳосил қилади?

 

Португалиялик супер-юлдуз Туринга кўчиб ўтиши “Реал Мадрид” томонидан расман тасдиқланди. Хўш, бу ҳақиқатда амалга ошган бўлса, Массимилиано Аллегри Роналдуни қайси позицияларда ўйнатиши мумкин. Қуйида ушбу масалани таҳлил қиламиз.

“Бянконерилар” мухлислари Роналду уларнинг суюклиларини 2017-йилги Чемпионлар Лигаси финалида қандай “ер тишлатганини” унутишганича йўқ. Бу мавсумда эса улар чорак финалда яна тўқнашишди ва яна Роналду “Юве”нинг йўлига ғов бўлди.

Беш карра “Олтин тўп” соҳиби келиши билан Аллегрининг ҳужумкор тактикалари сони яна бир неча баробарга ортиши аниқ. Лўнда қилиб айтганда имкониятларнинг саноғи йўқ.

Роналду, Игуаин ва Дибала, барчаси бирга

Гонсало Игуаиннинг агенти ва акаси Николас ушбу трансфер ҳақида фикр билдираркан, укаси Роналду билан қайта кўришишдан мамнун бўлишини айтмоқда.

“У Гонсало билан жуфтлик ҳосил қилса бу фантастика бўлади. Улар бир-бирини жуда яхши билишади, чунки улар бирга 80 ўйин ўтказган” – дейди Sky Sport Italia га берган интервьюсида.

Игуаин “кекса синьора”нинг энг кўп маош олувчи футболчиси ҳисобланади. 30 ёшли футболчи Дибаладан 6 ёш катта. Туринликлар ушбу ҳужумчиларни ўзларининг севимли позицияларида ўйнатса, қандай натижаларга эришаркин? Бу кўпчиликни қизиқтираётган бўлса керак.

Роналду ёлғиз ҳужумчи

Роналдунинг келиши Игуаиннинг кетишига сабабчи бўлиши мумкин. 33 ёшли футболчи ўзининг энг яхши жисмоний формасида, уни марказда ўйнатиш ҳар қандай рақиб ҳимоясини бузиш билан тугаши аниқ. Энг муҳими у бу позицияда энг яхши кўрган иши – гол уришни жойига қўяди.

Агарда Роналду марказий ҳужумчи вазифасини ўтайдиган бўлса уни ярим ҳимоядан туриб қўллаб-қувватлайдиган бир қатор маҳорат эгалари бор. Аллегри бунда Роналдуга жуда ёқадиган 4-2-3-1 ўйин схемасидан бемалол фойдаланиши мумкин. Унга ҳужумда Манджукич, Дибала ва Дуглас Косталар ёрдам беришади. Бундай дунё савиясидаги ёрдамчилар билан Роналдунинг гол уролмаслиги мантиқсиз.

Роналду ва Дибала – ҳужумчи

Ҳар бир футбол мухлиси Роналду ва Месси бирга ўйнаса қандай бўларди деган фаразни анчадан бери айтиб келишади. Бу иш берадими? Эҳтимол биз бу назарияни “Ювентус”да кўришимиз мумкин.

Албатта, Дибала Месси эмас, ҳеч қачон бўлолмайди ҳам, аммо ушбу термадошлар бир хил услубда тўп суради. Улар айни услуб ва хусусиятларга эга. Шу сабабдан ҳам Хорхе Сампаоли Жаҳон Чемпионатида уларни бирга ўйнатишдан бош тортди.

Роналду ва Месси бошқа-бошқа футболчилар ҳисобланади, шунинг учун Дибала португалиялик футболчи билан кучли жуфтлик ҳосил қилолмаслиги ҳам мумкин. Фақатгина назарий жиҳатдан бу яхши ишлайдигандек кўринади: яратувчи ва “жаллод” уйғунлиги!

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади

15.07.2018, 07:29:41 828 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш