Ойбек Қиличев ЎФА томонидан «афв» қилингани юзасидан ўз фикрларини айтди

У 2017 йилги Ўзбекистон чемпионатининг 25-тури доирасидан ўрин олган «Қўқон-1912» клубига қарши ўйинда майдонга тушиб, рақибига нисбатан тажовузкор ҳатти-ҳаракатни амалга оширган, натижада, ЎФА Ижроқўми уни бир йилга футболдан четлаштириб, 10 миллион сўм миқдорида жаримага тортган эди.

Яқинда ЎФА Ижроқўми йиғилишида футболдан бутунлай четлаштирилган футболчиларга қайтадан имконият бериш масаласи кўриб чиқилди. Футболчининг пушаймонлиги ва бу борадаги аризаси инобатга олиниб, Қиличевни ҳар қандай клуб томонидан қайта рўйхатга олиш учун рухсат берилди.

«Футбол – эхтиросларга бой ўйин. Баъзан футболчилар майдонда ўз асабини жиловлай олмай қолишади. Мен ҳам «Қўқон-1912» жамоаси билан бўлган ўйинда ўз ҳатти-ҳаракатларимни назорат қила олмай қолдим. Рости ўша пайтда қандай қилиб рақибга нисбатан тажовузкор ўйнаганимни сезмай ҳам қолдим», - деди Ойбек Қиличев.

«Мана ўтган йилнинг кузидан буён катта футболдан четда юрибман. Ушбу давр мобайнида қилган ҳунук ишимдан жуда афсусландим. Зеро бутун умр футбол ўйнаган киши бирданига «ўйиндан ташқари ҳолат»га тушиб қолса, унинг учун бундан оғир жазо йўқ. Мен ўша амалга оширган жуда ҳунук ҳатти-ҳаракатларимдан афсусдаман ва хато қилганимни тўлиқ англаб етдим», - деб ўз пушаймонлигини билдирди футболчи.

Энди Ойбек Қиличев Суперлига ўйинларига тайёргарлик кўриши мумкин. Футболчи шуни унутмаслиги керакки, у жиддий назоратда бўлади, дейилади tribuna.uz сайтида.

20.06.2018, 18:50:10 120 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш